Гулнора НИШОНОВА: «Ҳақ олинур, берилмас…»

1913-1915 йилларда чоп этилган «Ойина» журналида сиёсий ҳуқуқ ва эркинликка фақат маърифат орқали эришиш, шунингдек, халҚнинг ҳуқуқий саводини ошириш, Қози ва судьяларга замона илмини ўқитиш ғоялари илк марта эълон қилинган эди

Эркинлик ва ҳуқуқ — инсонга берилган энг олий неъмат. Тарихдан маълумки, аждодларимиз ўз эркларини ҳимоя этиш учун қурол кўтариб жанг қилганлар, озодлик йўлида жон олиб, жон берганлар. ХХ аср бошларига келиб, юртимизда бундай курашлар матбуот саҳифаларига кўчди. Бундан салкам 100 йил аввал чоп этилган илк матбуот нашрларини варақлар эканмиз, жадидларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликка фақат маърифат орқали эришиш мумкинлиги ҳақидаги ғояларига дуч келамиз.
«Қай ерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади». Соҳибқирон Амир Темурнинг мазкур ўгитини англаган озодлик ва ҳуррият куйчилари — жадидлар қонун ҳукмронлик қилган жойда эркинлик бўлишини тушуниб етгандилар. ХХ аср бошларида маҳаллий халқ манфаатларидан келиб чиқувчи қонунчилик ва унинг устуворлигига етарлича эҳтиёж сезилганди. Аслида, асрлар оша халқимиз амал қилиб келган шариат қонунчилиги бўлмиш «фиқҳ» — мусулмон ҳуқуқшунослиги мавжуд эди. Аммо ўша давр¬га келиб, бу анъанавий қонунчилик тартиблари мустабид тузум таҳдидидан бўшашган, шунингдек, унинг янги тузум талабларига биноан ислоҳталаб жиҳатлари ҳам кўзга ташланиб қолган эди.
Мустамлакачилар ишлаб чиққан «Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақида низом»да шариат қозиларини сайлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Рус маъмурияти қонунига кўра, саводсиз ва уқувсиз кишилар ҳам бу лавозимга та¬йинланиши мумкин бўлган. Оқибатда мингбоши, оқсоқол, қози сайловлари жараёнида норозиликлар юз беради1. Бундан кўзланган мақсад — қозилик тизимига барҳам бериш, мустамлакачилик сиёсатини янада мустаҳкамловчи янгича суд тизимини ўрнатиш эди. Бундай адолатсизликка чек қўйишнинг бирдан-бир йўли сайловларнинг асл моҳиятини халққа тушунтириш, унинг ҳуқуқий саводини ошириш ва сайловда маҳаллий аҳолининг фаол қатнашувини таъминлаш эди. Бу масала ўша давр матбуоти зиммасига улкан масъулият юклади.
1913-1915 йилларда чоп этилган жадидларнинг севимли журнали «Ойина» саҳифаларида муҳаррир Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бу мавзудаги қатор чиқишларида ана шу ҳақда сўз боради. Уларда адиб қозилик масъулиятли лавозим экани, улар қўлида халқнинг тақдири, истиқболи ётганини таъкидлайди. Айни пайтда, қозилар фаолиятида порахўрлик, манфаатпарастлик, ўз мансабига хиёнат каби иллатларнинг авж олаётгани ва бунинг оқибатида ҳақиқий қозилик мавқеига путур етаётгани тан олинади. Аммо Беҳбудий қозиликка бар¬ҳам берилиб, судьяликнинг қарор топишини ҳам катта фалокат деб билади. Чунки асрлар давомида шариат аҳкомларига амал қилиб келинган бизнинг минтақамизда миллий, диний ва тарихий жиҳатдан ёт қонунларга бўйсуниш — бегоналар томонидан хўрланишнинг янги кўриниши бўларди. Шунингдек, судьялик қарор топган шароитда маҳаллий аҳоли ичида унга муносиб номзод йўқлиги кундай равшан эди. Шунинг учун ҳам Беҳбудий ўша давр шароитида жамият учун «қусурли бўлса ҳам, унинг ўз эски чориғи»ни афзал ва маъ¬қул деб билади.
«Агарда қозилар йўқ бўлса, бунга ҳукуматдин зиёда ўзимиз сабаб бўлурмиз», – дейди муаллиф ва вазиятдан олиб чиқувчи икки йўлни кўрсатади: «Бири қозиларнинг уламодан сайланмоғи ва уларнинг адл қилмоғи. Иккинчиси — ҳукумат мактабларига бола бериб, судья ва нотариус бўлмоқ учун замона илмини ўқимоқ. Токи қозилигимизни олинганда судьяликға кирмоқимиз мумкин бўлсун»2.
Беҳбудий нима қилиб бўлмасин, халқ ўз сиёсий ва ҳуқуқий ишларини ўзи бошқаришини орзу қилади. Зеро, донишмандлардан бири айтганидек, «халқ олий ҳокимиятдан фойдалана олган жамиятгина эркинликнинг чинакам масканидир». Жадид зиёлилари томонидан халқни асрий мудроқликдан уйғотиб, уни маърифат билан қуроллантиришга жиддий ҳаракат бошланган бир пайт¬да чор ҳукумати мулозимлари «сартлар қонуний-ҳуқуқий амалларни бошқара олмаяптилар» деган баҳона билан қозилар фаолиятини судьяларга юклатиш борасида лойиҳалар тузиб, кенгашлар ўтказишга зўр берадилар. Матбуотда Беҳбудийнинг мақоласи босилганидан бир ҳафта ўтар-ўтмас, Туркистон Олий маҳкамаси томонидан «Қози ва бийлар ҳақида лойиҳа» (аслида бу лойиҳада қози ва бийлар фаолиятини тўхтатиш кўзда тутилган эди) эълон қилинади. «Ойина»нинг 5-сонида мазкур лойиҳанинг қисқача мазмуни баён этилган. Унда ёзилишича: «Туркистондаги қози ва бийлар (народний судьялар)ға Русия давлати тарафидин кенг ҳуқуқлар берилиб эди ва аларға ўз расм ва урфлариға мувофиқ ҳукм қилмоқға ихтиёр берилиб эди. Аммо қози ва бийлик мансаблариға мусулмонлар аксарияти нодон, илмсиз, ҳатто бесавод кишиларни пул илан сайлайдурлар. Сайланган қози ва бийларни аксари ўзини сайлагон тарафиға раъй қилур. Ва ёинки сайловга сарф этгон ақчаларин чиқармоқ учун ақчаға майл қилиб, адл қилмайдур ва ҳам шариатни ўз раъйларинча тафсир ва шарҳ қиладурлар»3. Бу — қозиларга мустамлакачилар ҳукумати томонидан қўйилган ялпи айбнома эди.
Лойиҳа бўйича Туркистондаги 5 та вилоятнинг ҳар бирида апелляция комиссияси ташкил этилган давлат судларини тузиш, округ судларини назорат қилиш учун раис, ўринбосар ва учта суд аъзосидан иборат Олий суд палатаси очиш керак эди. Сир эмаски, бу лавозимларнинг барчасини рус миллати вакиллари эгаллашар эди. Буни Беҳбудий афсус билан эътироф этади: «Агарда дунёдин бехабар бизим пешволаримиз аҳолини ҳукумат мактабларинда бола бермоқға ташвиқ этса эдилар, бугун биздин судялик, прокурорликға одам тайёр бўлур, биз бечоралар дарди¬мизға даво бўларди»4.
Мустабид амалдорларнинг юқоридагидек сиёсати адиб қаламини янада чархлайди. У «Ойина»нинг кетма-кет уч сонида «Лойиҳа-проект» (№ 9,10,11) мақоласини эълон қилади. Ушбу мақоланинг «Лойиҳа-проект» деб номланиши ҳам бежиз эмас. Зеро, ҳукумат лойиҳасига муқобил равишда бошқа, халқ манфаатини тўла ифода этувчи лойиҳа тақдим этилаётган эди.
1905 йил 17 октябрда Думанинг мусулмонлар фракцияси томонидан «Туркистон идораи руҳонияси ва Туркистоннинг оянда маишати тўғрисинда» бир лойиҳа тузилган бўлиб, мақолада унинг моҳияти беш бандда ифода этилади. Унга кўра, Туркистон музофоти учун бир «идораи руҳония ва мулкия» ташкил этиш ва беш вилоятда унинг шўъбаларини таъсис қилиш, вакилларининг ярми «уламои диний», ярми «уламои замоний» бўлиши кераклиги қайд этилади. Энг асосийси, бу янгича маъмуриятнинг вакиллари чор ҳукумати вакиллари қаторида ҳисобланиб, ўшалар каби давлат хазинасидан маош олишлари лозимлиги таъкидланади. Бу билан ҳар қандай шароитда ҳам миллий идора усули миллатнинг ўз ихтиёрида бўлиши қаттиқ ҳимоя қилинган.
Мазкур «идораи руҳония ва мулкия» зиммасига қозихона ишлари, тақсим ва вақф, мактаб, мадраса, масжид ҳамда бошқа муассасаларнинг ислоҳига масъуллик, бу борада лойиҳалар тузиб, ҳукумат назаридан ўтказиш, унинг амалий ижросига ҳаракат қилиш ва ҳатто қози, муфти, мударрис, муаллим, имом, муаззин каби мансабдор шахсларни имтиҳон қилиб, шаҳодатнома беришдек қатор вазифалар юклатилганди. Демак, барча миллий, диний, ҳуқуқий ва молиявий ишлар бевосита мазкур идора томонидан бош¬қарилиши керак эди. Чор мустабидларининг лойиҳасига муқобил равишда миллий манфаатлар ифодаланган бундай лойиҳани тақдим этиш мустамлакачиликка қарши исён эди. Беҳбудий бу масалага яна қайтиш ниятида мақола сўнггида «боқияси бор» деб ёзган. Аммо нима сабабдандир мақоланинг давоми «Ойина»да чоп этилмайди. Албатта, бунинг сабабларини фаҳм¬лаш қийин эмас. Тарихий маълумотларга кўра, ўша кезлар қозилик бутунлай барҳам топмади. У 20-йилларга қадар расмий маъмурият бўлиб келди, аммо нуфузи ва таъсир доираси чегараланди5.
«Ойина» журнали эса миллатнинг ҳуқуқий талабларини ҳимоя қилишда давом этади. Нашр¬нинг 28-сонида «Еттисув вилояти мусулмонларининг илтимоси» сарлавҳали мақола босилади. Унда Туркистон губерниясининг Еттисув вилояти мусулмонларининг 1906 йил 13 мартда ёзилган 10 моддадан иборат бир қарорномаси ҳақида сўз боради. Унда айтилишича, қарорнома аввало вилоят губернатори воситаси билан бош вазирга, орадан 2 йил ўтгач, 1908 йилнинг 2 сентябрида Туркистонни тафтиш қилишга юборилган граф Паленга, натижа бўлавермагач, 1914 йил 29 апрелда Давлат думаси ва мусулмон фракциясига йўлланган. Журнал бу қарорномани тўлалигича эълон қилади. Бундан кўзланган мақсад туркистонликларнинг ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги хатти-ҳаракатларини кўрсатиш ва бошқаларни ибратга чорлаш баробарида, маҳаллий аҳолига беписанд мустамлакачиларнинг ҳақиқий қиёфасини кўрсатиш эди…
«Ойина»нинг саҳифаларидаги бу каби чиқишлар миллатнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини истибдод шароитида ҳам талаб қила олганига бир мисолдир. Зеро, адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий 1917 йил «Улуғ Тур¬кистон» газетасида бу ҳақда шундай ёзган эди: «Билмоқ керакки: ҳақ олинур, берилмайдур. Ҳар бир миллат, мамлакат халқи ўзининг ҳуқуқи динийя ва сиёсийясини ҳаракат ва иттифоқ ила бошқалардан олади».
Гулнора НИШОНОВА,
Ўзбекистон Миллий университети
журналистика факультети ўқитувчиси
http://huquqburch.uz/uz/view/1137

Буюк маърифатпарвар адиб, аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йили Самарқанд шаҳрида муфтий оиласида дунёга келди. Зиёлилар оиласидаги муҳит ундаги адабиётга, сиёсатга, маърифатга бўлган қизиқишини тезроқ рўёбга чиқишига етаклади. Унинг отаси ислом ҳуқуқшунослиги бўйича йирик мутахассис бўлиб, бу борада кўплаб китоб ва рисолалар яратган эди. Бу ўз навбатида Маҳмудхўжага ўз таъсириги ўтказмай иложи йўқ эди. Кейинчалик бу ҳақда у ўз мақолаларидан бирида отаси таълим берган «Ҳидоя» (Ислом ҳуқуқига шарҳлар) асарининг унинг тақдирида муҳим рол ўйнаганлигини бежиз қайд этмайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари қатори сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланади. Рўзнома ва ойпомалардан жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб боради.
Албатта, Беҳбудийнинг халқ ўртасида ортиб бораётган обрў-эътибори нафақат амирлик раҳбарлари, балки большевикларнинг ҳам режа ва ниятларига зид эди. 1919 йилда хорижий сафарга чиққан Беҳбудий улар чақуви билан Қаршида ушланиб, Саид Олимхон фармони билан қатл қилинади.
С. Айний алломанинг фожеали вафоти муносабати билан бундай ёзган: «Жафокаш шоир Беҳбудийнинг номини мусулмон Шарқи ҳурмат билан тилга олади, чунки у 20 йил мобайнида ўзининг онги ва инсоний қадру қимматини билган барча мавжудотни эркин ҳаёт, нур ва маърифат учун курашга чорлаб келди».
Қарши шаҳри 20-30-йилларда Беҳбудий номи билан аталган. Беҳбудий 1937 йилга келиб қатағон қилинади ва 1956 йили оқланади

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *