ГРИН-КАРТА МЕНГА НИМА БЕРДИ?

Исмим Фарҳод, Самарқанд вилоятиданман. Америкага грин карта орқали келганман. Бошида инглиз тилини билмасдим. Дастлаб Нью Йорк шаҳрида собиқ СССРдан келганлар жамоасида, ўшаларнинг бизнесида ишладим. Ресторанда идиш-товоқ ювардим. Кейинроқ Макдональдс тармоқларида ишладим. Секин-аста пул тўплаб, таксига лицензия олиш учун ўқидим. Икки йилча такси ҳайдадим. Бу орада тилни ҳам ўрганиб олдим. Тушунадиган, мулоқот қила оладиган бўлдим.

Катта юк машиналари — фура ҳайдайдиган танишларим бор эди. Яхши даромад топиш имкониятига қизиқиб, лицензия олишга ўқидим. Лицензия олгандан кейин аввалига ёлланма ишчи бўлиб турли агентликларда ишлай бошладим. Шундай қилиб бу ишни севиб қолдим.
Ҳозир Фура ҳайдаш жон-у дилимга айланган. Бу касб, айниқса, Америкада ўзгача мароқли экан.

Ахир, ўйланг, яхши таъмирланган, ишончли, бақувват фуранинг кенг салонида битта ўзингиз, катта ойналаридан гўзал табиатни томоша қилиб кетишга нима етсин?!
Дунёдаги энг бой ва қудратли давлатнинг кенгликларида , силлиқ йўлларида баҳайбат уловни худди енгил машинадек осонлик билан бошқариб кетиш завқи бошқача-да. АҚШда мелициядан қўрқиш йўқ. Қонун-қоидага амал қилсангиз, биров мушугингизни пишт демайди.

Айниқса, йўлдаги дўконларга кириб, Калифорниянинг ширин мандаринлари, Чили ёки Мексикадан келтирилган узум, шўрланган бодом мағзи, кирсиллоқ картошка парракларидан ғамлаб олсангиз, йўл-йўлакай эрмак қилиб кетиш гашти бор.

Қорнингиз очса, тўхтаган пайтингиз кўчма плита ва товани қўйиб, дарров овқат қилиб ташлайсиз. Капуччино кофесини майдалаб кетиш ҳам тетиклаштиради. Ёки бўлмаса, янги сиқилган апелсин шарбати ёки қулупнайли сут аралашмасидан симириб кетиш ҳам мароқли.Ўзбеклар кўп яшовчи штатларга борганда, ўзбек ресторанларга кирамиз. Қаерда ёқимли овқат бўлса, татиб кўргимиз келади. Фурачилар семириб кетиши бежиз эмас-да.

Турли-туман иқлимлар, бетакрор табиат қўйнида жаҳонгашталик қилиб юрган танҳо кўнгил баъзан улфат истайди. Мияни нима биландир машғул қилиш учун аудио дарслар ёки Youtube орқали қизиқарли суҳбат ва интервюлар тинглаш мумкин.

Озодлик, Америка Овози, ББС радиоларининг деярли ҳамма суҳбатларини эшитиб ташлайсиз. Янги чиққан киноларни ёки ҳужжатли филмларни кўриб кетса ҳам бўлади. Аудиокитоблар тинглаш мумкин. Булардан зерикканда, ижтимоий тармоқларга кириш, мессенжерда ватандаги яқинлар билан гаплашиш, телеграмда мулоқот қилиш мумкин.

Телеграмда ўзбекистонлик фурачилар гуруҳи бор. Ишимизга боғлиқ қандай муаммо туғилса, гуруҳга ёзамиз, дарров кимдир жавоб ёзади. Муаммога осон, бепул ечим топилади.

Кунига ўн соат бир пасда ўтиб кетади. Кейин барча қулайликлар билан жиҳозланган орқадаги кабинада дам олиш роҳатижон. Шунақа пайтларда оиланинг қадри ўтади, ёлғизлик билинади.

Шу йўсинда киши ўзи ёқтирадиган меҳнат билан шуғулланиши, ўша ёқимли машғулот асносида элликта штат бўйлаб текинга саёҳат қилиши, шу орқали мўмай даромад орттиришига кўпчилк йўқ демаса керак.
Ундан ҳам завқлироғи — уйдагиларни доим соғиниб яшайсиз. Юлдуз Усмонова «Соғинтириб яшагим келар» деганидек, доимий интизорликда бўласиз. Бир ҳафта ёки ўн кунда болаларингиз бағрига соғинч билан қайтасиз. Жуфтликлар бир-биридан зерикишга улгурмай яна йўлга чиқиш пайти бўлади.

Оилани бошқариб, йўқлигингизни билинтирмай, болаларни, чиройли тарбия қилиб ўтирувчи рафиқангиз бўлса, ишнинг оғирлиги ва салбий тарафлари сезилмайди.

Албатта, ҳамма ишда бўлганидек бу касбда ҳам ўзига яраша машаққатлар бор.Оиладан узоқлик, доимий ёлғизлик, йўл ҳодисасига тушиб қолиш хавотирлари бу касбнинг асосий қийинчиликлари, дейиш мумкин.

Аммо бошқа касбларга нисбатан даромади яхшилиги, эркинлик томонлари барибир ўзига тортаверади. Инсон ўзи шу ишни ёқтирса, қийинчиликлари унча билинмайди.

Файзиддин Мўминов

3 комментария

  1. Daromad yaxshi bulishi yaxshiku lekin harqanday ish bulmasin harkuni ishdan kechqurin uyga charchab qaytganda farzandlarning kutib olishi va ular bilan uynash va birgalikda ovqatlanish harqanday daromadu manzalari sayohatdan ustun turadi menimcha.

  2. Aka sizga gapim boshida vir savol bilan murojat qilmoqchiman. Green Card ni qanday yutgansiz. Uni yutish u.n shaxsni avtabiografiyasi ro‘l o‘ynaydimi.
    Sizga to‘g‘risi havasim keldi. Omadizni bersin.

  3. АҚШда фура хайдовчилар, ойига 10минг$ топишар экан, шу ростми? Неччи кун ишлаб, неччи кун дам олишади?

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.