Green Card шайдолари ёхуд «суриш»га фақат иқтисодий омиллар сабаб бўлаяптими?

Яқинда тарқалган статистик маълумотларни кўрдингизми? (фото 1) Ўзбекистонликлар 2018 йилда АҚШ Грин-картаси олиш учун энг кўп топширганлар сони бўйича Африкадаги Ганадан кейин иккинчи бўлибди. 2,2 млндан сал кўпроқ ганаликлар АҚШ орзусида ариза топширган бўлса, биз улардан бор-йўғи 100 минг киши кам эканмиз. Умид қиламанки, бу йил ушбу рейтингда биринчи ўринга кўтарилиб оламиз. Ахир антирейтингларда биринчи бўлиш бўйича ҳаммадан олдиндамиз-ку!

Фото 1

Мувозанат назариясига кўра, мувозанат бўлмаган жойда инсон ички ҳузурсизликни ҳис этади ва у ердан тезроқ қутулиш ҳақида ўйлайди. 2 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг Америкага бориш истагида ариза топшириши давлат ва халқ ўртасидаги муносабатларнинг қониқарли эмаслиги, мамлакатда мувозанат бузилгани ва одамлар ички ҳузурсизлик, беҳаловатликни ҳис этаётганидан дарак беради.

Тўғри, статистик маълумотларнинг бу қадар ўсиб кетишига «Грин-карта бизнеси» ҳам катта таъсир кўрсатади. Катта шаҳарларда «яшил карта» мавсумида пул эвазига рўйхатга олиш шохобчаларининг болалаб кетиши ёки Самарқаддаги грин-картачиларнинг уйма-уй юриб, одамларни текинга (албатта, ютуқ чиқса бир неча минг долларлик суюнчиси бўлади) анкета тўлдириб юришлари яхши маълум. Лекин, агар халқ Америкага кетишни хоҳламаса, уларга паспорт нусхалари, фотосурат ва бошқа шахсий маълумотларини бермаган бўларди.

Айримлар масалани иқтисодий қийинчиликлар, ишсизлик, моддий етишмовчилик кабиларга боғлашади. Бу фикрларда ҳам қайсидир маънода жон бор. Моддий қийинчиликлар қуршовида қолган одам энг сўнгги чоралардан бири сифатида чет элга ишлашга боришни танлаши мумкин. Аммо иқтисодий омиллар асосий сабаб эмас. Одамлар моддий қийинчиликлар ва етмовчиликлар ечимини аввало ўз атрофидан излайди, топа олмаган тақдирда ечимларни мустақил равишда ҳал қилишга киришади. Яъни, муаммо ишсизлик бўлса – иш ўринларини очиш учун ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш объектларини очиш мумкин. Қолаверса, Ўзбекистондаги иқтисодий вазият одамларни очдан ўлдирадиган даражада ночор эмас. Ҳар ҳолда, қорин тўйдириш учун имконият бор ва аввал ҳам бўлган.

Шунингдек, агар кетганларнинг мақсади уй қуриш, тўй қилиш ва машина олиш каби майда-чуйда мақсадлар бўлганида эди, йигирма йиллар аввал Россияга кетиб, барча мақсадларига эришган одамлар аллақачон қуриб қўйган данғиллама уйларига қайтган ва тинч-хотиржам яшаб юрган бўлиши керак эди. Аммо уларнинг кўпчилиги қайтиш ўрнига, аксинча, оилалари, яқинлари, қариндош-дўстларини ҳам олиб кетишди. Кетган юртларида ўзлари учун хотиржам муҳит пайдо қилиш учун меҳнат қилишмоқда. Яъни, улар Ўзбекистондаги уй-жойларини битиргач, энди айни пайтда яшаётган мамлакатда уй, фуқаролик олиш, болаларини ўқитиш ва бошқа ташвишлар билан яшашмоқда. Чет элларда, хусусан, Туркияда маҳаллий аҳоли билан қуда-андачилик алоқаларини ўрнатиб, оила қураётган, ўз шахсий бизнесларини очаётганлар сон-мингта.

Хўш, у ҳолда нега бунча кўп одам «суриш»га интилмоқда? Юқорида айтиб ўтилганидек, одамлар мувозанат, ички хотиржамликни топиш учун кетмоқчи. Аммо бу мувозанат деганлари қаерда бузилди? Менимча, мувозанатнинг бузилишига фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашга қаратилган хатти-ҳаракатлар, қонун ва қарорлар сабаб бўлади. Оддий мисол – тонировка масаласи. Оммавий мурожаатлар портали очилган вақтда биринчилардан бўлиб тонировкага рухсат бериш масаласи кўтарилди ва ўнг минглаб фуқаролар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Ҳукумат тонировканинг халқ эҳтиёжи эканини билиб туриб, уни аҳолининг тўлов қобилиятидан ҳаддан зиёд юқори қийматда пулли қилиб қўйди. Бу давлатнинг билиб туриб ўз илдизига болта уришидан бошқа нарса эмас. Чунки амалдорларнинг назарида тонировка фақат автомобил эгаларининг масаласи. Модомики, машина олишга пули бор экан, уларда тонировкага ҳам пул топилади, деган мантиқ билан иш тутилгани аниқ. Аммо машина бир кишиники бўлса, унга юзлаб, такси бўлса минлаб одамлар минади. Қуёшнинг жазирмасида фақат ҳайдовчи эмас, йўловчилар ҳам жизғанак бўлгани учун оммавий ташаббус мутлақ кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланган эди.

Яна бир мисол – прописка. Ушбу тизим ҳам миллионлаб инсонларнинг ички хотиржамлигини бузадиган адолатсиз сиёсат маҳсулидир. Одам истаган жойида тинч-хотиржам яшаши керак. Бу – табиий эҳтиёж. Қонунларга риоя этиб, ҳеч кимнинг ҳуқуқларига даҳл қилмаяптими, фуқаронинг яшаш ва ишлаш эркинлиги буғилмаслиги керак. Айрим амалдорлар (ҳатто депутатлар) фикрича, прописка очилса, Тошкентда жиноятчилик тўлиб-тошиб кетади. Бу нима дегани? Бу – давлат ўз халқига ишонмайди, ҳаммани потенциал жиноятчи сифатида кўради, дегани. Ўртада ишончсизлик йўқ жойда хотиржамлик ҳам бўлмаслиги кундай равшан. Шу боисдан ҳам одамлар ўзига ишонч билдирилмаган жойлардан кетгиси келаверади.

Инсонларнинг диний ҳиссиётлари билан ўйнашиш, эътиқод эркинлигига даҳл қилиш эса энг катта хатолардан биридир. Чунки дин – халқнинг энг катта эҳтиёжларидан биридир. Дин – ташқи мувозанатлар бузилган тақдирда ҳам ички хотиржамликни таъминлаш кучига эга. Дунёдаги ҳар қандай дин оддий одамларни моддий етишмовчиликларга сабр қилиш, раҳбарларга итоат этишга чақиради. Хусусан, Ислом ҳам шунчаки ибодатлар ҳамда соқол ва рўмол каби ташқи атрибутлардан иборат дин эмас. Ислом ҳаётимизнинг ҳар бир онига, ҳар бир ҳаракатимиз, қарорларимиз ва орзуларимизга сингиб кетган. Мамлакат аҳолисининг катта қисми ислом динига эътиқод қилар экан, бу дин атрибутларига қарши курашиш орқали мақсадга эришиб бўлмаслигини тан олиш керак.

Давлатнинг ҳар бир қарори, амалдорларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати жамиятда ўз ифодаси, аксини топади. Қарор ва ҳаракатлар ижобий, яъни халқнинг тутуми, истаклари ва эҳтиёжларига мос бўлса, албатта ижобий, акс ҳолда салбий таъсирини, натижасини кўрсатади. Табиатан ювош, оғир-вазмин ва мушоҳадали бўлган ўзбек халқи бирор қарорга келишдан аввал жуда кўп ўйлайди (гарчи бу хислати кўпинча зарарига хизмат қилса ҳам). Қабул қилган қарори ҳам одатда тажовузкор бўлмайди. Адолатсизликлар, мувозанатсизликлар бўлган, устига-устак ички хотиржамлигининг манбаи ҳисобланган эътиқодига босим бўлган жойлардан узоқроққа кетиш – энг тўғри қарор сифатида баҳоланаверади.

Нима қилиш керак? Давлат халқ томонига тўлиқ ўтиши, унга ишониши ва одамларга ишонч бериши керак. Биз сизга ишонамиз, сиз ҳам бизга ишонинг қабилида сиёсат олиб борилса, Америка кетиш у ёқда турсин, кетганлар ҳам қайтиш пайига тушиб қолади…

Санжар Саид

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.