Газ трубаси ўғирлаб кетилган ҳудуд…

Бир неча йил олдин маҳалламга газ қувур орқали келиб турарди. Кейин босим камайиб кетди ва… охир оқибат, деярли келмай қолди. Кейин батамом узилди. Кейин эса маҳаллий фермер кўчадаги қувурларни кесиб олиб кетди. Унинг балансида турармиш. Ҳолбуки бу трубалар собиқ колхознинг трубалари эди.

Мен Сурхондарё вилояти ҳокимининг Телеграм рақамига маҳалламни узлуксиз газ билан таъминлаш масаласида ёзган эдим. Икки кундан кейин маҳаллий горгаздан текшириш учун одам келди. Бу ҳақда ҳатто “Ёшлар” телеканали хабар қилганди “ҳокимга мурожат икки кунда кўриб чиқилди” – деган мазмунда.

Текширувчилар ҳақиқатдан ҳам трубалар маҳаллий фермер томонидан кесиб кетилганини тан олишди. Аммо вилоят ҳокимига йўллаган хатларида “маҳалла табиий газ таъминоти танқис ҳудудлар рўйхатига киритилган” – деб ёзишибди. Ҳолбуки маҳалла шаҳардан узоқ эмас, газ ташкилотидан 5-6 километр узоқликда.

Савол туғилади: қандай ҳудуд “табиий газ таъминоти танқис ҳудудлар рўйхати”га киритилади? Трубаси ўғирлаб кетилган ҳудудни “таъминоти танқис” ҳудуд деб атаймизми ёки “трубаси ўғирлаб кетилган ҳудуд” – деб аташимиз лозимми?

Муҳаммад Шакур

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *