ГАП КЎП, ВАҚТ ЙЎҚ… ёхуд ёшларга мукофот беришни истамаётган “катта”лар

 

Дастлаб Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг (0317) 2440055 телефон рақамига 15 ноябрь куни қўнғироқ қилиб Ёшлар иттифоқи мукофотига номзодларнинг ҳужжатлари қай тартибда қабул қилинётгани билан қизиқдим. “…Мен бу ҳақда тўлиқ маълумотларни билмайман”, деган ЁИ ходими менга 95 1709027 рақамига қўнғироқ қилиб саволимга жавоб олишим мумкинлигини айтди. Сим қоқдим… Афсус, “сиз терган рақам ўчирилган”, жавобинигина эшитдим, холос. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ЁИ марказий кенгаши ходими Гулчеҳра Ашуровага шахсий хабар ёздим. Мукофотга номзодлар ҳужжатларни қай тартибда топшириши мумкинлиги мени қизиқтириб қўйганди. Ҳужжатларни қабул қилиш якунланишига 10 кун қолган бўлсада ҳали мукофот Низоми тасдиқланмаганлиги ҳақидаги жавоб хабари мени ҳайрон қолдирди.
Бир неча кундан сўнг Ёшлар иттифоқининг сайтида кутилган Низом эълон қилинди. Аммо аниқ-тиниқ қилиб ҳужжатларни қабул қилувчи (етказиб берувчи, сараловчи) ташкилотлар кўрсатилмаган.
Ўзбилармонлик қилиб Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмасига қўнғироқ қилдим, “хабаримиз йўқ”, дейишди. Бўлдида, деб барига қўл силтадим. “Катта”лар мукофотни ёшларга бермоқчи эмас экан деган ўй ўтди хаёлимдан. Шу вақтда вилоятда журналистик бўлиб ишлаётган, яхшигина қалами ўткирлашиб қолган, ҳамкасблар, курсдошлар орасида “ўзи ҳам, қалами ҳам ўткир”, деб тарифланадиган курсдошим қўнғироқ қилиб Ёшлар иттифоқи мукофоти ҳақида сўраб қолди. Ва, ҳужжатларини менга юборганлигини, эртага олиб ЁИга олиб бориб топшириб қўйишимни илтимос қилди. Икки кун кимга топшириш мумкинлигини ўйлаб бошим қотди. Шу вақт ичида курсдошим ҳам, мен ҳам таниш-билиш журналистлардан аниқ манзил ва маълумотларни сўрадик. Жавоб битта бўлди, “билмайман”!..
23 ноябрь. Курсдошимнинг ҳужжатларини олиб Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши дарвозасидан илк бор ҳатладим. Эшик ёнида турган тенгдош йигит менинг мақсадимни тинглади ва “Фуқаролар қабулхонаси”га йўналтирди, у ердаги мутахассислар мақсадимни тинглаб, ҳужжатларни кўздан кечириб мени Девонхонага юборишди, у ердагилар “иккинчи қават, ўнг қўлдаги иккинчи эшик”, дейишди, ўнг қўлдаги иккинчи эшик ортидаги ходима мақсадимни тинглагач Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги орқали уларга ҳужжатларимизни тақдим қила олишимиз мумкинлигини “тушунтирди”. Агентликка қўнғироқ қилиб бўлган масалани айтдим “бизни бу ҳақда ҳеч ким огоҳлантиргани йўқ, бизда номзодларнинг ҳужжати ва рўйхати шакллантирилмаяпти”, йўсинида жавоб олдим. Шу топда футбол мухлислари учун таниш бўлган “Ана холос!..” жумласи тилимда ихтиёрсиз айланди.
Бўлган воқеани умидвор курсдошимга етказдим, унинг ҳам ҳафсаласи пир бўлиб гўшакни қўйди. …Эртаси куни тонгда вилоятдан яна ўша курсдошим қўнғироқ қилиб устоз журналистларимиздан биридан ёрдам сўрагани ҳақида ийманибгина маълум қилди. Ҳужжатларни қабул қиладиган жойни ниҳоят топдик. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига номзоднинг ҳужжатларини бериб қайтдим ҳамки, мени бир савол ўйлантирарди: ёшлар ўртасида анчайин қизиқиш уйғотган, номдор, залворли мукофотга ҳужжатларни қабул қилиш тугашига бир кун қолган бўлсаю, нега ҳеч бир ташкилот бундан бохабар эмас. Нега номзодлар кўчада ўз ижодий ишлари билан сарсон (ЁИ биносида мен каби саргардонлар кўплигининг гувоҳи бўлгандим). Шу орада вазирликларнинг баъзи вилоятлардаги бўлимларидан ҳам маълумот сўрадик улар ҳам бундай мукофотга ўзлари номзод юбориши кераклигидан огоҳ эмас.
Бундан кўринадики номи, мавқе ўзгарган ташкилотнинг иш услуби ҳануз ўша-ўша. Кунда икки карра конфереция, учта тадбир, бешта давра суҳбати… Бошқа гаплар ҳам кўп-у, бироқ, буни ўқигани, асл вазиятни ўргангани Сиз-у бизда ортиқча вақт йўқ. Тўғри эмасми?!

Зокир Шойимов

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *