Ўғриларни ҳурмат қиладиган миллат

Яқинда бир каттаконнинг фарзанди вафот этди. Жанозага таклифнома чиқариб тарқатишди. Казо-казолар келди. Жанозада қатнашган икки қариндошимнинг суҳбатига қулоғим тушиб қолди. Айтишларича, энг катта авторитетлар — Палончибой ва Пистончибойлар жанозага пойтахтдан келибди. Қариндошим Тошкентда юрган вақтида Салимбойвачча билан яхши алоқада бўлганлиги учун, у билан қучоқлашиб кўришибди. Икки бойваччани жанозага қандай кириб келганидан, қандай кетгунига қадар бўлган воқеани ҳаяжон билан, катта мароқ билан гапириб берди. Унинг бу гапларини эшитиб турган бир тўда оломон унга ҳавас билан қаради. Ўша қариндошим ўрнида бўлишни, ўша ювуқсиз қўлдан тутиб, кимсан фалончи билан сўрашганини фахр билан айтишни хоҳлади.

Дўстлар билан улфатчиликда ўтириб, Гулнора Каримова муҳокамасига киришиб кетдик. Бир дўстим “Унинг ўрнида ҳар қандай одам олар эди. Даданг президент бўлса, олдинга бир чемодан пулни олиб келиб тўкса, ким олмайди? Манаман дегани ҳам олади. Аслида Гулноранинг ўрнида бўлишни ҳамма орзу қилади“, деди, худди бир нарса ихтиро қилиб, “эврика“ дегандай. Қолганлар ҳам унинг гапини тасдиқлагандай бош ирғаб қўйди.

Аввалги президент ва унинг атрофидагилар ўмарган пулларни гапира туриб, бир дўстим: “Шунча ҳам ўғирлайдими? Шунча пулни нима қилар экан?“ деди. Гап оҳангидан ажабланиб: “Сен бўлганингда қанча ўғирлардинг?“ деб сўрадим. Бироз ўйланиб турди-да: “Бир миллиард олсам етарди“, деди.

Ўйланиб қолдим. Жамиятда порахўрлик, ўғирлик ва қаллоблик бу даражада кенг авж олгани бежизга эмас. Энг катта муаммо телефон ўғирлаганни “ўғри“, деб қамаб, миллиард ўғирлаганни ишбилармон деб билишимизда. Ўша фалончи бой, пистончи бойваччаларга ҳавас билан қарашимизда. Уларнинг ўрнида бўлишни орзу қилишимизда. Жиноят қилгани учун эмас, улар каби миллиардларни ўғирлаш учун шароит бўлмаганидан куйинишимизда.

Ҳар қандай одам ҳам олар эди, деб ҳамманинг номидан фикрлаб, ўз қалбидаги маразни ошкор қилган бўлса-да, афсуски, ҳақ эди. Ҳамма деса эҳтимол хато бўлар. Аммо аксар одамлар ўша бир дипломат пулни ҳаводан келишини орзу қилиб яшаши сир эмас.

«Бир миллиард ўғирлайдиган» менинг суҳбатдошимнинг ҳам аввалги президентдан кам жойи йўқ. У ҳам бир вақтлар: “Бир миллиард ўғирлайман, етади“, деб бошлаган. Русларнинг “иштаҳа овқат вақтида келади“, деганидай, бир миллиард олган одам ўн миллиардни, ўнни олган юз миллиардни хоҳлайди.

Аллоҳ биз бандалари учун чегараларни яратган. “Бундан у ёғи қизил чизиқ“, дейилади ва мусулмон одам чизиқни у ёғига ўтмайди. Бир марта чегарани босган одам, яна ва яна босаверади. Инсон ҳар қандай гуноҳни биринчи марта қилганда қўрқади, қийналади. Кейингиларида одатланиб кетади (ҳар ким биринчи марта сигарет чеккандаги ҳолатини, зино қилгандаги ҳолатини, ўғирлик қилгандаги ҳолатини эслаб кўриши мумкин).

Кўз бўямачилик учун ойда бир иккитасини пора билан ушлаб қамагани билан, қасам ичиргани билан ҳеч нарса ўзгармайди. Қачонки жамият ўша гуноҳдан (хоҳ пора бўлсин, хоҳ ўғирлик, хоҳ ҳаромдан топилган мол) жирканмагунига қадар бу нарсалар авж олаверади. Масалан, жамият гейлардан ҳазар қилади, трансларни қабул қила олмайди, лезбиянкаларни тошбўрон қилишга тайёр. Бу нарсалар ҳақида гапиришга, қасам ичиришга ҳожат йўқ, шундоқ ҳам ҳеч ким уларга ҳавас қилмайди, бир дастурхонда ўтирмайди, сўрашишни фахр деб билмайди. Аммо ўғрини ҳурмат қилади. Порахўрни тўрга ўтқизади.

Гапларимнинг исботини божхоначи, солиқчи, прокурор, судя, банкир каби соҳа эгалари бўлиб етишадиган институтларга топшириш илинжида юрганларнинг сонидан ҳам билсангиз бўлади. Энг катта порахўрлик, ўғирлик бор соҳаларда одам қайнайди. Ўқитувчи, қурувчи, инженерлар кўпчиликка керак эмас. Нимага? Чунки кўз ўнгидаги, атрофидаги, қариндош уруғидаги прокурор ва ўқитувчининг мавқейини ёш йигит жуда яхши билади. Муаммо ойликда эмас (порани ва ўғирликни қўшмаса, ойликда унча катта фарқ қилмайди).

Муаммо ўзимизда. Қачонки порахўр, ўғри, қаллоб амалдорларга ҳавас билан эмас, ўтларга қарагандай қарасак, фарзандларимизни ўшандай одамларга ҳавас қилиб, ёшлигидан онгини заҳарлаб катта қилмасак, бу муаммолар жамиятда камайиб боради. Йўқса фалончи акани қўлини ушлаганимиз билан фахрланиб юраверамиз.

Саййид Ислом

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.