Блогерлар масобақасига: Футбол орқали машҳур бўлишни истайсизми? Олтин калладан олтин таклифлар

“..Ярамас бетинг чиригур, тирноқ остидан кир қидирасан!” дейишни  унга ким қўйибди?! Танқид таклифи билан бўлса гўзалмиш, ўргилдим бунақа гўзалликдан. Нима, мен сенга рассоммидимки гўзалликни энг юқорига қўйсам. Жимгина тракторингни патиллатиб юравер, ҳадеб билмаган нарсанга бурнингни тиқавермасдан. Танқид қилсам ЎФФ ва Бабаянни танқид қилдим сени эмас, демаганим чакки бўлдида ўзи…

— Ҳа-а, дадажониси, нимадан жиғибийронсиз? Тинчликми?..

— Ўзи сен кам эдинг шу тобда…

— Ҳа-а, кейинги пайтларда ортиқча бўлиб қолдим. Ўтирсам ўпоқ, дейсиз, турсам сўпоқ!..

— Э, вайсайвермасдан мана бу чойнагинга чойни кўпроқ солсанг ўласанми, туришини қара, сувдан фарқи йўқ. Бор, алмаштириб кел, ундан кўра!

— Хўп, ҳозир, келганимдан кейин нима гаплигини айтасиз.

— Хўп, бўпти, чойни тезлат!

Шу бедана хотин ҳам камроқ вайсаса-да. Шунга уйланмай мен ўлай-да.

— Мана, аччиқ чой, энди бошланг, нимадан диққатсиз?

— Нима бало, чойга тил текизганмисан,  заҳар-ку!

— Гапни айлантирманг, дадажониси, нимадан бунча асабийлашяпсиз?

— Хуллаас, анави Соқи пат-пат бор-ку?

— Қайси, анави Ҳурлиқонинг эри Соқи тракторчими?

— Худди ўзи, ўша юзсиз!

— Нима қилди, у ер ютгур?

— Анави футбол ҳақидаги…

— Оббооо, яна фидбўлми дадаси, қўйинг шу даҳмазани..

— Э, ўчир-а овозингни, охиригача эшит-да энди, айтинг деб тихирлик қилганингдан кейин!

— Хўп бўлади, гапираверинг.

— Соқи пат-пат футболимизни танқид қилган мақоламни тирноқ остидан кир қидириш, деб чойхонада бутун қишлоқ эркакларига роса лоф урибди.

— Нега ундай дебди?

— «Соқининг айтишича сен фақат қуруқ танқид қилар эмишсан, таклиф беришга ақлинг етмас эмиш», деб қўшнимиз Гапташир айтиб қолди.

— Ҳа унда, дадажониси, бир таклифий мақола ёзиб Соқининг гаплари сафсата эканлигини бутун Галаботир қишлоғи аҳлига кўрсатиб қўйинг, шунда ҳамма билиб олади мени чолим нақадар узоқни кўрадиган эканини…

— Шунақа қилсаммикин а?!

— Ўйлаб ўтирасизми, шартда-шартда ёзинг -қўйинг. Мен унда сизга халал бермай овқатни бошлай, ҳадемай болалар ҳам даладан келиб қолишади.

— Чойни янгилаб бер олдин, совиб бўлди. Айтганча ота-бобонг  чойфуруш ўтган  бўлса ҳам, чойни меъёрида солгин, ичишли бўлсин.

— Хўп бўлади-да, дадажониси, ҳозир.

Хў-ўш, унда гап мана бундоқ бўлибди:

Таклиф (Кам сонли)

Футбол орқали жаҳонга танилиш мақсадимиз бор экан, бунинг учун албатта жаҳон чемпионатига чиқиш шарт эмас. Дўппини бошдан олиб ўйлаш керак холос. Мен ҳам кўпдан қолмай ўз таклифларимни илгари сурмоқчиман:

Масалан, бирор бир кучли терма жамоа (Бразилия ёки Аргентина, жуда бўлмаганда Португалия) билан бор-будимиздан кечиб бўлсада ўртоқлик ўйини ташкил этиш керак. Шу ҳам таклифми? Бу хақида 25 йилдан бери чириллаб, жон куйдириб гапирамиз-ку, дея эътироз билдиришга шошилманг. Давомини эшитинг. Хуллас, ўртоқлик ўйини ташкил этиб, ўйинда жуда катта ҳисобда (50:0 ёки 100:0) ютқазсак, бутун дунёнинг назарига тушиб турибмизда.

Жуда сабрсиз халқмиз-да! Бир пасда, бизга бунақа шармандагарчилик керак эмас дейсизми? Хўш, мундиалга чиққан тақдиримизда ҳам барака топмаймиз-ку, у ерда ҳам шарманда бўламиз-ку!

Икки ўн беш — бир ўттиз-ку тўғрими? Мақсадимиз спорт орқали, айнан футбол билан дунёга танилиш бўлгач, чидайсиз-да, ҳар қанча шармандагарчиликка ҳам!

«Зато» дунё “воооҳ” дейди. Мундиалга чиқиб ҳам бунчалик дунёга танила олмаслигимизга кафилман.

Дунёга танилишнинг яна бир супер йўли бор. Ўртоқлик ўйини ҳам ташкил этиш шарт эмас. Шунчаки, жаҳон чемпионати саралаш учрашувида Кореяга гол ура олмаётганимизда ёки ўз уйимизда Эронга ютқазаётганимизда оммавий муштлашув келтириб чиқаришимиз керак.

Ўйинчиларимиз кутилмаганда рақиб ўйинчиларини дўппослаб кетишлари керак. Қизил карточка кўрсатган ҳакамни ҳам аямасдан орқасига тепиш керак.

Шундан кейин бутун дунё ва футбол жамоатчилигининг нигоҳи бизга қаратилади. Дунёнинг манаман деган ОАВ биз ҳақимизда бутун дунёга жар солишади. Мана буни ҳақиқий машҳурлик деса бўлади.

Ҳозирча шу, қолган таклифларимни кейинроқ қоғозга тушириб, этиборингизга хавола этаман. Қолган таклифларим таълим тизими, давлат ислоҳотлари ва албатта пахта мавзулари ҳақида бўлади.

P/S: БУ шунчаки жиддий ҳазил эди, жиддий қабул қилманг.

 

Ривожиддин Абдумаликов

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *