Францияда «Болалар уйлари» йўқ экан!

Ўзбек халқи болажон халқ. Олдин ҳам шундай бўлган, ҳозирда ҳам шундай. Айтишларича Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонга бошқа республикалардан кўчириб олиб келинган 100 минглаган болакайлар «Болалар уйлари»гача етиб бормаган дейишади. Болаларни олиб келаётган вагонларнинг олдига минглаган ўзбек оилалари чиқиб кутиб турган эканлар. Улар «Болалар уйи»да болаларнинг яшашлари учун шароитлар йўқ деб ҳисоблаб, болаларни 2-3-4 нафар бўлса ҳам, ўзлари бола қилиб олиб уйларига олиб кетаверган эканлар. Шу тариқа, Ўзбекистонга кўчириб олиб келинган болаларнинг аксарияти «етимлик» нималигини билмасдан ўзларининг янги оилаларининг бағрида катта бўлган эканлар…

… Яқинда битта дўстимиз «Францияда «Болалар уйлари йўқ» деб қолди. Табиийки, миямга «Қанақасига?» деган савол келди. Дўстимиз берган сабабларни қизиқиш билан ўрганиб чиққач, унинг ҳақ эканлигидан ҳайратда қолдим.

Олдин кўп эшитган бўлсам ҳам, ҳеч эътибор бермаган эдим. «Французлар Африкадан, Осиёдан ва бошқа жойлардан бола олиб келиб сақлабди» деса, «Ҳа эринмаган бандалар, шунча жойлардан бола олиб келиб нима қилишаркан-а? Африкалик ёки осиёлик болакайларни яхши кўришса керакда» деб ўйлаб қўяверган эканман. Энди билсам, Францияда «Болалар уйлари» йўқ экан.

Лекин ота-онасиз қолган болаларчи, туғилибоқ етим қолган болаларчи, улар ҳам йўқми? Ота-оналари болаларини тарбиялашга лаёқатсиз деганда улардан тортиб олинган болаларчи? Улар қаёққа кетяпти?

Хуллас, Франция ижтимоий тизими «Болалар уйлари» яратишдан кўра, болаларни «ота-онасиз» қолдирмайдиган тизимни йўлга қўйишни маъқул кўрган экан. Ҳар битта жамиятда ҳоҳлаймизми ёки йўқми афсуски болаларнинг ота-онасиз қолишлари бартараф этиб бўлмайдиган муаммодир. Аммо бошқа тарафдан ҳар бир жамиятда тирноққа зор, фарзанд олиб сақлаш орзусида бўлган ота-оналарнинг сонлари ҳам етарличадир. Французлар мана шу ота-онага мухтож болаларни фарзандга мухтож ота-оналарга тўғридан-тўғри ўтказиш тизимини яратган эканлар.

Улардаги тизимга кўра фарзандга мухтож ота-оналар давлатнинг тегишли идораларига олдиндан ҳужжатлар топшириб, рўйҳатга ёзилиб қўядилар. Тегишли идоралар эса «номзод» ота-оналарнинг ҳолатлари ва имкониятларини ўрганиб чиқиб, «кутувчилар рўйхати»га ёзиб бораверадилар. Бола олиб сақлашга фарзандсиз ва фарзандли бўлган ота-оналар даъвогарлик қилишлари мумкин. Яъни «болажон» бўлган ҳар бир оила имкониятлари бор бўлса, савоб учун ҳам бола олиб сақлашлари мумкин. Натижада ҳар бир ота-онасиз қолган болага уни олиб сақлаш учун рўйхатда аллақачон бир нечта ота-она кутиб турган булади. Болалар эса фақат янги ота-оналарига берилгунларига қадар вақтинчалик ижтимоий қаров муассасаларида сақлаб турилади. Айрим сабрсиз француз оилалари узоқ кутиб қолмаслик учун дунёнинг «Болалар уйлари» кўп давлатларидан бориб болаларни олиб келиб сақлаб олар эканлар…

… Бир сўз билан айтганда, французлар Ўзбекистонда Иккинчи жахон уруши доирасидаги «ўзбекона» бола олиб сақлаш тизимини давлат миқёсида амалга оширган эканлар.

Мен ўзимиздаги «меҳрибонлик уйлари» ҳақида фикр билдирмоқчи эмасман. Бу ҳақда етарли маълумотга ҳам, тажрибага ҳам эга эмасман. Аммо мен бир нарсани аниқ биламан. Истаган жамиятда «Болалар уйи» деб атайсизми, «Меҳрибонлик уйи» деб атайсизми ёки бошқача атайсизми, ота-онасиз қоладиган болаларни боқувчи муассасалар сонининг кўплиги ушбу жамият вакиллари учун фаҳр ҳисобланмайди. Худога шукурки, давлатлар, жумладан бизнинг давлатимиз ўз фарзандларини ташлаб қўймасдан, боқиб олиб, парваришлаб, жамиятда ўз ўрнини топиб кетишларига бош-қош бўлиб келмоқда. Лекин жаиятлардаги болаларнинг тақдирларига фақатгина давлатлар эмас, балки ушбу жамиятни ташкил қилувчи инсонлар ҳам етарлича масъул бўлишлари керак деб ўйлайман. Агар гап болажон ўзбек жамияти ҳақида кетадиган бўлса, бу хулосанинг қадри икки баробар ортиб кетади.

© Дониёр Рўзметов

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *