Фобия

Бирор мамлакатга боришдан аввал ўша юрт маданияти, дини, одатлари билан танишиб, харита орқали қаерда жойлашганини кўриб олиш кишига қўшимча қулайликлар келтиради.

Мен ҳам биринчи бор Туркияга сафар қилишимдан олдин маълумот йиғишга ҳаракат қилдим. Не кўз билан кўрайки ёмонликни ини бўлган Сурия ён қўшни экан!
«Боришим билан бутун Туркия портлаб кетса-я?!».

«Аллоҳга таваккал» дея, йўлга тушдим. Бордик, қўндик, чиқдик. Одам жуда кўп. Ҳамма бир-бири билан дўстона муносабатда. Паспортларимизни текшириб, Истанбулга киришга рухсат берадиган бўлишди. Не кўз билан кўрайки, паспорт кантролдаги аёл қоп-қора, йўқ, тим-қора ҳижобда эди!
«Портлатиб юборса-я?!».

Эсон-омон кўчага чиқиб, таксига ўтириб шаҳарга йўл олдим. Йўлда кетарканман, негадир денгиз сокин, инсонлар хотиржам, болалар ўйинқароқ эди. Чағалакларга қараб, «Сенлардан кўра ҳумо қушимиз яхши», деб қўйдим. Хаёлларимни магнитафон калонкаларида таралаётган, унга жўр бўлиб ҳайдовчи ўқиётган Қуръон товуши бузди.
«Портлатиб юборса-я?!».

Меҳмонхонага жойлашиб, озгина ҳордиқ чиқариб, «энди ишни бошлай» дея, кўчага чиқдим. «Аллоҳнинг зикри ила бошланган ишда ҳайр бор», деган нақлга амал қилиб, икки ракат намоз ўқиб олиш ниятида масжидга кирдим. Тарихий, кўркам, файзли, оқ мрамордан ишланган масжид. «Бисмиллаҳ» деб, ўнг оёқ билан ичкари кирдим. Не кўз билан кўрайки, 5-8 ёш оралиғидаги болачалар Қуръонни ёдлаб ўтиришарди!
«Сийиб қўйса-я?!»

Хушимни йўқотиб, гилам тозаловчига ачинганимча намозимни ўқиб олдим. Пешин вақтига ярим соат қолганини билгач, масжидда кутишга қарор қилдим. Масжид деворларини кузатиб қайси масҳабда намоз ўқишимизни билолмай гаранг бўлдим. Негадир ёзиб қўйишмабди. Ҳафсаласиз экан имом. Жамоат намозга келишни бошлади. Одамларни кўриб, қўрқа бошладим. Уч кишидан иккитасини юзида соқол бор эди. Не кўз билан кўрайки, имомни соқоли ўсиб ётибди!
«Портлатиб юборса-я?!».

Ишларни битириб, чарчаб меҳмонхонага қайтдим. Енгил душ ва тановвулдан кейин бироз тин олиб, телевизорни ёқдим. Не кўз билан кўрайки, ислом динидан интеллектуал шоу бўлмоқда. Унда ҳижобли қизлар, бошқа кўрсатувда эса қори болалар иштирок этмоқда.
«Телевизор портлаб кетса-я?!».

Шу ва шунинг каби ўй, ҳис-ҳаяжон, қўрқувлар ичида кунларни ўтказиб, шоша-пиша аэропорт томон қайтдим. Бекиниб-яшириниб учоққа ҳам чиқиб олдим. Самолёт тезликни ошириб осмонга кўтарилди. Ойнада пастга қарадим. Негадир ҳамма жой тинч эди. Нега портламаябди?! Бўлиши мумкинмас!

Алҳамдулиллаҳ! Соғ-саломат ватанга қайтдим. Аввало учувчиларга раҳмат. Ўзимизни мусаффо осмонимиздан қўймасин.

Бир тўйиб нафас оламан дегандим, орқамга нимадир келиб зарб билан урилди. «Четро турсен бўмидими? Хозир сани диб сумкамми охирида оламан» — деб, хушовозда бақириб, чамаси 120 кглар келадиган хотин югуриб ўтиб кетди.

Муомала ва хизмат кўрсатишдаги ижобий ўзгаришлардан қувонган ҳолатда кўчага чиқдим. Барака топгур укам кутиб олишга чиқибди. Не кўз билан кўрайки, жағи тўла тук эди!
«Портлатиб юборса-я?!….».

Абдуқодир Набиев

Биринчи изоҳ

  1. ОФАРИН. ШУНИ САЛ КЕНГАЙТИРИБ АВАЗ ОХУНГА БЕРИНГ. НИМАГАДИР ШУ АВАЗ ОХУННИ РЕПЕРТУАРИДАН ЖОЙ ОЛИШИ КЕРАКДАЙ ТУЮЛДИ МЕНГА.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *