ФИҒОНЛАР ТЎЛА АФҒОН (ХОТИРА-ЭССЕ)

Мехрибон ва раҳимли улуғ Оллоҳ номи билан бошлайман.

ТИЛИМДАН ИЛИНГАНМАН

“Ҳар не бало келса, тилингдан”, дейди Махтумқули. Менинг ҳам бошимга уруш балоси тилим сабабли келган. Яъни, афғонга тилимдан илинганман. Биринчи курсни охирлатаётган кезларим эди. Барча тенгдошлар қатори менам ҳарбий хизматга чақирув олганман. Кайфият ҳам шунга яраша – сафарбоп. Юриш-туришимдаям, ақл-шууримдаям қўним йўқ…

Шундай кунларнинг бирида қўшни тумандаги қариндошларимиз тўй қиладиган бўлди. Мен ҳам тўйга бориш учун ўқишдан бир-икки кунга жавоб олдим. Тонгда поездан тушиб, тўғри уйга келдим. Онам менинг келишимни кутмаган экан, жуда хурсанд бўлиб кетди.

— Яхши бўлди-да келганинг, болам, — деди дийдоримга тўйиб-тўёлмаган онам, — холангнинг болларига атаб алача тўқиган эдим, шуни менга кўтаришиб борасан.

Эсимни танибманки, онамнинг оёқ узатиб дам олганини билмайман. Бизни ҳам тинч қўймас, ўзи ҳам тинчимас эди. Қиши билан сал бўшадик дегунча печнинг олдида биз болалар пахта ситар, жун титар, ҳатто бу ишда мусобақалашар, баъзан эса, кимнингдир ғирромлиги туфайли жанжаллашиб ҳам қолар эдик. Онам олдимизда бўлса-ку, ҳеч қайсимизнинг дамимиз чиқмасди – қўрқардик. Аммо кўзимиздан нари пайтида жиққиллашиб турардик. Агар жанжалимиздан хабар топиб қолса, албатта, калтак биринчи бўлиб менга тегарди – ахир энг каттасиман… Онам биз ситган-титган пахта-жунларни йигирар, қишнинг заҳри сал қайтгач, қозон қайнатиб уларни бўёққа солар, баҳор келиб, кунлар исигач эса, алача-гилам тўқишга тушиб кетар эди. Уйимизнинг ҳамма хоналарига шу алача тўшалган бўларди. Бошқаларга ҳам тўқиб сотар эдик – тирикчилик.

Хуллас, онам холамизнинг (аслида, онамнинг холаси) келинига атаб алача тўқиган, шуни етмиш чақирим наридаги тўйга опичлаб бориш менинг чекимга тушиб турган эди!

Аммо бу қанақаси?! Тошкентдай жойдан алача кўтараман деб келувмидим?! Ахир устудент бўлсам! Одамлар нима дейди?! Қизлар устимдан кулмайдими?! Ҳалиям онасининг боласи бўлиб, тоғорасини кўтариб, этагига ўралашиб юрибди, демайдими?! Йўқ, мен бундай иснодга чидай олмайман!

Савлатимдан от ҳуркадию, бўлдиғим чопгани сомонхоначага етадиган бузоқникидан нари-бери эмас экан-да ўшанда. Ҳаётга энди-энди мустақил аралашиб, унга ўзимизнинг икки энликкина қаричимиз билан ўлчов бериб, ҳавойи орзу-хаёллар оғушида юрган йигитчамиз! Унинг устига, талаба бўлиб, ичи ҳавога тўлган пуфакдек янада ишиб кетганмиз! Бундай ишиқ нарсага кичкина зирапчаям кифоя ўзи! Онамнинг бояги гапи менга – пуфакка худди зирапчадек санчилди-ку. Ва ичимда эркакчалиш бир “ғурурча” портлади. Гумбурлаши тилимда акс-садо берди.

— Э, она! – дедим бирдан ловуллаб, – энди кўчада алача кўтариб юраманми?!

— Бўлмаса, мен бу зил-замбил нарсани қандай кўтараман?! Сен турганда, яна кимга эланаман, болам?

— Йўғ-э, уяламан. Кап-катта бўлиб сизни нарсаларингизни кўтариб юришим қолувди энди!

Онамнинг жаҳли чиқа бошлади. Ўқишга кирганимдан кейин онам мени умуман койимай қўйган, фақат суйиб эркалар эди. Аммо менинг гапим бола онасига айтадиган гап эмасиди. Шунинг учун ҳам жаҳли чиқди.

— Кўтарасан! – деди онам қаҳр аралаш. – Қани, кўтарма-чи!

— Кўтармайман!

— Кўтарасан!

— Кўтармайман! Ариза ёзаман-да, афғонга кетаман! Қутуласиз шунда мендан!

Қандай бундай деганимни ўзим ҳам билмай қолдим.

Онамнинг устидан бир челак совуқ сув қуйилди гўё. Бирдан жим бўлиб қолди. Кўзларидан ёш тирқираб келди.

— Болам… Кўтармасанг, кўтарма, лекин ундай дема! Онанг ўлсин, болам, ундай дема!

Яна нималардир деди, эсимда йўқ. Онамнинг бу гаплари юзимга шапалоқ бўлиб тушди. Шу ерда содир этганим катта хато ярқ этиб миямга урди. Деган гапимдан ўзим ҳам довдираб қолдим. Афғонга кетиб, у ерда бирор балога йўлиқаман, деб эмас, онамнинг юзига тик қараганимдан қўрқиб кетдим. Чунки шу кунга қадар (ва ундан кейин ҳам) бундай одобсизлик қилган эмас эдим. Ҳатто кейин нима қилдим, ўша гиламни кўтариб бордимми-бормадимми, эслолмайман. Ушбуларни ёзаётиб, нима бўлганини онамдан ҳам сўраб ўтирмадим. Чунки айтмоқчи бўлганим бошқа нарса: менинг ўша гапимга фаришталар омин деб бўлган экан. Менинг ўша гапим фаришталарнинг оминига тўғри келиб бўлган экан!

Йўқса, онам, онажоним сўзим тилимдан чиқар-чиқмас, оғзимга уриб, Художон, деб ёлворган, аммо шунда ҳам кечиккан эди… Эллик-олтмиш чоғли чақирилган талабалар ичидан ёлғиз мен афғонга кетдим. Чунки…

…Нимагалигини ўзингиз билиб олдингиз.

(Давоми бор.)

Абдугафур Искандар

3 комментария

  1. «— Кўтармайман! Ариза ёзаман-да, афғонга кетаман! Қутуласиз шунда мендан!
    Қандай бундай деганимни ўзим ҳам билмай қолдим.
    Онамнинг устидан бир челак совуқ сув қуйилди гўё. Бирдан жим бўлиб қолди. Кўзларидан ёш тирқираб келди.
    — Болам… Кўтармасанг, кўтарма, лекин ундай дема! Онанг ўлсин, болам, ундай дема!»
    Менга жудаям қаттиқ таъсир қилди ва болалигимни эсга солди. Давомини кутаман…

  2. Шуни давоми качон чикади. Анчадан бери кутиб юрибман. Илтимооос тезрок чикарийла

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *