Фейсбукда мотам куни эълон қилинди… Ижтимоий тармоқда нима гаплар?

18 январ куни Қозоғистоннинг Ақтобе шаҳрида рўй берган мудҳиш ҳодисадан халқимиз ҳамон ўзига келмай ётгани бор гап. Гарчи бизга номаълум бўлиб қолаётган сабабларга кўра, Ўзбекистонда мотам куни эълон қилинмаган эса-да, Фейсбукнинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари аллақачон аза очишга ва мотам кунини эълон қилишга улгуришган. Кимдир Ўзбекистон байроғини ўз аккаунтига қўйиб олган, бошқалар юрак туб-тубигача кириб борадиган шахсий фикрлари билан ўртоқлашмоқда. Биз ҳам айни дамда Фейсбук сайтида фаол бўлган юртдошларимизнинг ёзиб қолдирган фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишга қарор қилдик. Хўш, Фейсбукда нима гаплар?

Яна автобус ҳалокати, яна Қозоғистонда, яна ўзбекистонлик қурбонлар… Россияга ишга кетаётган ўзбекларнинг хавфсизлигини таъминлаши учун Ўзбекистон ҳукуматига яна қанча қурбон керак?!

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Ўтганларнинг охирати обод бўлсин, Аллоҳ уларни раҳматига олиб, мансабдорларимизга имону инсоф берсин…

Санжар Саид

 

Бугун 52 та ўзбекистонлик ўғлон билан ҳамма ўзбеклар қўшилиб ёнган кун… Яқинлари ва аҳли оилаларига ҳамдардмиз… Улар билан биз ҳам қон йиғладик…

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

Абу Муслим

 

Халқимиз бошига улкан мусибат тушибди.
Оллоҳ автофалокатда ўлганларни гуноҳларидан кечиб, раҳматига сазовор этсин. Яқинларига сабр берсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

 

Ўзбекистонда монополиялар ва коррупционерлар одамларни емоқда. Том маънода. Бугун ЎзАда таҳлили эълон қилинган саводсиз ва мунофиқ экспертга кўра «Ўзбекистон ҳаво йўллари» нархлари ўртача дунё қийматидан анча паст эмиш. Автобусда тириклайин ёниб кетганлар тирик бўлганида улардан сўрардик, нега «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиарейсидан эмас, автобусдан фойдаланишганини. Масалан, мен ҳам Туркияга ўқишга келиш учун Қозоғистонда 10 соат автобусда юриб Олма-отадан учганман, сезиларли арзонлиги учун. Қўпол қилиб айтганда, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва Ўзбекистон темир йўлларининг қолоқ ва монополлиги қўшни мамлакатлар ЯИМининг ўсишига, бизнинг мигрантларнинг шундай фожиаларда қирилиб битишига асос яратаяпти. Афсуски, тўғри хулосалар чиқарилмайди. Биласизларми булар нима қилиши мумкин? — Автобуслар қатновини бекор қилишни Қозоғистондан сўраши мумкин. Буларнинг қўлидан келадигани фақат таъқиқ. Автобуслар ёниб, қулаб, авария бўлиб, юзлаб фуқаролари ўлиб кетадию, тепада биров пинагини бузмаслиги жиддий равишда юрагимни сиқяпти…

Абдулатиф Адҳамов

 

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуун!

Қозоғистондаги автобус ҳалокатида қурбон бўлганларни Аллоҳ раҳматига олсин! Оила аъзоларига сабр берсин!

Ўлим ҳақ. Буни инкор қила олмаймиз. Аммо сўнгги вақтда Россия ва Қозоғистондан шунчалик кўп тобут келяптики, бир ҳодисани ҳазм қилишга улгурмасимиздан бошқаси чиқяпти. Худди уруш пайтига ўхшайди. Кунора ўзбек хонадонларида аза очиляпти. Одамлар ҳам бахтсиз ҳодисаларни оддий ҳолдек қабул қиладиган бўлди. Афғонистондаги урушда қанча ўзбекистонлик ҳалок бўлганини билмайман. Назаримда, тирикчилик дардида хорижга чиқиб, турли сабаблар билан вафот этган ватандошларим сони уруш қурбонларидан-да ортиб кетгандек.

Аллоҳ мусофир юртдошларимизни паноҳида асрасин! Иншааллоҳ, яқин йилларда ўзбеклар нон излаб чет элга бормайдиган бўлишига умид қиламиз.

 

Индамасхўжа Камгапхўжа ўғли

 

Бугунги хабар кўпчилик қатори мени ҳам қайғуга солди. Оила, рўзғор ташвишида кетиб, қайтиб келмаса… Уларнинг кўпчилиги қайтаётганини уйидагиларга айтиб хурсанд қилиб қўйганлари аниқ, айримлари сюрприз қилиб кириб боришни кўзлаган бўлиши ҳам мумкин… Кутилаётган жигарбанди ўрнига шумхабар келиб турган хонадонларнинг дардини озми-кўпми тушунамиз, аммо… ўшандай ҳис эта олмаймиз барибир. Нима бўлганда ҳам, барчасига ҳамдардлик изҳор этамиз.

Ҳар гал шу каби хабар эшитганимда, болалигимдаги бир воқеа эсимга тушади.
Ўшанда далада ишлаётгандик, онам пиёз ўтар, мен эса юлинган ўтларни уйга ташиб келаётгандим. Бир пайт қарасам, онам йиғлаяпти. Сабабини сўрадим. “Фалончининг боласи Афғондан ўлиб келибди”, (Хоразмда шунақа айтилади) деди. Бола ақлим билан хаёлимга шундай фикр келганди ўшанда: “Бировнинг боласи учун йиғлашнинг нима кераги бор экан…”

Сал улғайиб, бошқаларнинг дардини ҳис этишни, ҳамдард бўлишни ўрганганимдан сўнггина онамнинг ўша пайтдаги ҳолатини тушундим. Эркаклардан кўра аёллар, айниқса оналарда ҳамдардлик кучлироқ эканини билдим. Боланинг бегонаси бўлмаслигини англадим…
Бугун – фақат ўша элликдан ортиқ хонадоннинг эмас, балки шу Ўзбекистон халқининг оғир куни. Энг аввало оналаримизга, опа-сингилларимизга ҳамдардлик билдираман. Отахону буважонлар, ака-укаларимизга бардам бўлинг, дейман.
Қўлимиздан яна нима ҳам келарди…
Ўтганларнинг жойлари жаннатда бўлсин… Барчага сабр тилайман.

Ҳамидбек Юсупов

 

Қозоғистондаги автобус ёнғинида ҳалок бўлган юртдошларимизни Аллоҳ раҳматига олсин. Яқинларига сабр берсин.

«Ҳукумат меҳнат мухожирлигинини тартибга солсин», демайман. Аввало, ўлим ҳақ – кимнинг ажали етган бўлса, уни қайтариб бўлмайди. Иккинчидан, бизда баъзида «тартибга солиш» бетартибликни келтириб чиқаради: бирйўла четга чиқишни тақиқлаб қўйишса, юртда иш тополмаганлар бор имкониятдан ҳам маҳрум бўлади.

Ўзимизда иш ўринларини кўпайтириш, давлатимиз ҳудудидан ҳеч бўлмаса, транзит сифатида кенг фойдаланиш шу каби муаммолар ечими бўлиши мумкин.

Мусанниф Адҳам

 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиачипталар нархини туширмас экан, ҳар 3 ойда «кирди-чиқди»лар тугатилмас экан, автобусларда қурбон бўлаётган узбекистонликлар сони ортаверади…
Бу фожеаларнинг илдизи Ўзбекистон-Россия миграция буйича келишувининг меҳнат муҳожирлари учун манфаатли эмаслигига ҳам бориб тақалади. Патент тизими мухожирлар учун енгиллаштирилган тартибда йўлга қуйилганида, жонини хатарга қўйиб автобусда сарсон юришармиди?!
Шунча одам ўлиб ҳам, бир ечим қилинмади.
«Самолётда олиб кетилди» деб мақтанишдан бошқасига ўтилмайди.
Муҳожир ҳаётини қадри шуми?!

18 январь куни 57 нафар ўзбекистонликлар Самара-Чимкент йўналишидаги автобусда ёниб кетди. 52 киши ҳаётдан кўз юмган…

Соҳиба Ҳайитбоева

 

Мусофир — муҳожир — мигрантнинг нони

2005 йили университетни битиргач, пропискам муддати ҳам тугади. Чўздира олмадим — ишимдан бўшатишди. 3-4 ой роса иш қидирдим — пропискасиз қабул қилишмади. У пайтлар интернет бугунгидек эмас, онлайн иш топиш ҳам имконсиз эди. Тенгдошларим каби Россияга кетишга қарор қилдим. Дадамдан рухсат сўраган эдим, урушиб бердилар:
“Тўрт йил қийналиб ўқиб, Россияда мардикорлик қиласанми?”
“Ҳамма ишлаяпти-ку, кунимни кўриб кетарман”, дедим.
Ҳеч қандай баҳона ўтмади. Рози бўлмадилар. Орада магистратурага топширдим. Бюджет жойини стипендиатлар эгаллаб бўлишган. Контракт ўрни ҳам жуда кам. Кира олмадим. Яна прописка, яна иш топиш ташвишлари бошланди. Тошкентда қолиб, амаллаб кун кўра бошладим. Ноябрнинг бошларида ЎзМУ маркетинг бўлимидан қўнғироқ қилиб қолишди: “Тожиалиевмисиз? Агар контракт асосида ўқимоқчи бўлсангиз, 2 кун ичида шартнома пулини тўлаб, ўқишга келишни бошланг”. Саросимада қолдим. Ўша йили университетда катта таъмирлаш ишлари бўлаётгани боис шартнома асосида янги ўринлар очилган эди.
Магистратурани битирганимдан сўнг икки йил аввалги вазиятга тушдим. “Онгим” анча ошган, энди мени Россия қизиқтирмас эди. Шарқшунослик институтини битирган бир хонадошим ҳам иш топа олмади-да, Россияга кетди. Бечора дўстим қиш пайти рус ўрмонларида ёғоч кесаётиб катта дарахт тагида қолди. Совуқ хоналарда ойлаб оёғини қимирлатолмай ётди. Кейин қайтиб келди-да, Фарғонада арзимас ойликка ишлаб юрди. Сўнг бахти кулиб “Грин карта” ютиб олди-да, АҚШга кетди.
Шу дўстим билан иш қидириб, Дубай, Канада, АҚШ, Швецияга ишга юборадиган не-не ширкатлар эшигини қоқмадик. Ширкатлардан бири фирибгар чиқди, бирига юз кўринишимиз ёқмади, бирининг имтиҳонидан ўтолмадик, нечтаси ёпилиб кетди.
Кореяга юбормоқчи бўлишди. 5000 лик “хизмати” бор дейишди. Эскидан “хизмат”ли жойлар билан чиқишолмайман. Рад этдим. “Чюнинг”га топширдим, “Маски”га топширдим. Сўнгги босқичларидан йиқилдим. Ҳаракат қилиб, Англиядаги бир коллежга ўқишга кирдим. ОВИРга хорижга чиқишдан мақсади деган жойига тўғри қилиб, “Англияга ўқиш учун” деб ёздим. ОВИРда ҳужжатим 11 ой қолиб кетди. Ўқишим ҳам бекор бўлди…
Кейин Марғилонга қайтдим. Уйландим, бола-чақали бўлдим. Чет-элдан ишлаш учун таклифлар бўлган бўлса-да, оиламни бу ерда ташлаб кетишга кўзим қиймади. “Нон шаҳри” яна ўзига чорлади. Яна прописка, кейинроқ ижара шартномаси деган ғавғолар бошланди…
Кўп дўстларим прописка ва бошқа бюрократик муаммолар туфайли чет-элга чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Бир танишимнинг отаси қамалгани учун яхши ишларга олишмади; бошқа танишим намоз ўқигани учун органга ишга кира олмади; бир дўстим Ўзбекистонга янгилик бўлган яхшигина бизнес ташкил қилди – солиқ, департамент, ҳокимият ва ҳ.ларнинг аралашуви, ҳужжатбозликдан безиди-да, фирмани ёпди. Ҳаммаси хорижга кетди.
Буларни нега ёздим? Аслида, бизнинг авлод ёшларининг ҳар бирининг мана шундай ўз “мигрантлик тарихи” бор. Ўзбекларнинг ички ва ташқи меҳнат миграциясида, ҳатто кечаги мудҳиш воқеанинг бир четида шу муаммолар ҳам ётади. Уларни бартараф этиш вақти етмадимикан?

Давронбек Тожиалиев

 

Ким нима деса десин. Агар фожеа сабабларини ўша автобус ичидан қидирсак, фалокатлар яна давом этаверади. (Аллоҳ асрасин)

Обиджон Латипов

 

Телеграм ва Фейсбукдан айрим дўстларимдан хат оляпман: «Шунча одам фикр билдирди, сиз ҳам бирон нарса ёзинг» қабилидаги гаплар. Лекин, мен ёзолмайман. Йўқ, ёза оламан, аммо ёзишга қўлим бормаяпти. Нега? Чунки юрагим дард-аламдан дод соляпти, тилим учидаги гаплар ташқарига чиқолмай ҳалак. Мен ҳозир бирон нарса ёзсам, ўта қўполлашиб кетишим ҳам ҳеч гапмас. Чунки бундай вазиятда вулқон каби отилиб чиқаётган ҳис-туйғуларимни назорат қилишим осон кечмайди. Ёзгандаям, бақириб, қичқириб ёзишим керак! Этика-эстетика қоидаларига риоя қилмай ёзишим керак! Буралаб сўкиб ёзишим керак! Аммо бу нарсалар, афсуски, на Фейсбук жамоатчилиги олдида, на сайтга тўғри келади.

Мен ёзсам, қаппайган суллоҳларни, маддоҳу-манқуртларни буралаб сўкиб ёзишим керак бўлади!

Мен ёзсам, чет элда ишлаб туриб юртимиз ҳазнасига ҳар йили миллиард-миллиард доллар пул юбораётганига қарамай, «ўша ёққа» отланиш учун билетлар нархини «отнинг калласидек» қилиб қўйган монопол авиарейс ташкилотимизни буралаб сўкиб ёзишим керак бўлади!

Мен ёзсам, 25 йил давомида қарсак чалиб ётган, айрим ишларни биттириб олиш мақсадида ўз мансабидан фойдаланиб, халқ ишончини суистеъмол қилган, ер билан яксон қилган, сўнгра янги Президент сайлангач, бир думалаб, ваниҳоят «янгича давр» келганини ва эндиликда «кўзлар очилгани»ни иддао қилган депутатларни буралаб сўкишим керак бўлади!

Мен ёзсам, неччи йиллардан бери такрорланиб келаётган ҳолат — юртдошларимизнинг чет эл давлатларига йўл олишларини кўрабилатуриб ҳам, бунинг олдини олиш учун ҳеч қандай амалий ҳаракатларни амалга оширмай келаётган амалдорларни буралаб сўкиб ёзишим керак бўлади!

Мен ёзсам, шоиру-мусиқачилар ва тўйларга ташриф буюришидан аввал унинг бошдан оёғигача «кўкартирилиши» кераклигини талаб қиладиган яллачию машшоқларни буралаб сўкишим керак бўлади!

Мен ёзсам, туғруқхоналарида порахўрлик, шифохоналарида порахўрлик, мактабу институтларида порахўрлик авжига чиққан, ҳаромга ботган жамоатчиликни буралаб сўкишим керак бўлади!

Мен ёзсам, бир тийинга қиммат машиналарини чет эл давлатларига сариқчақа эвазига сотиб, ўз халқи учун эса бундан икки-уч баробар қиммат нарх қўядиган ўша ер ютгур «GM» заводини буралаб сўкиб ёзишим керак бўлади!

Мен ёзсам, инсоннинг қадри йўқ, дардкаши йўқ, дармони йўқ бўлган ушбу мамлакатни сўкиб ёзишим керак бўлади!

«Ҳалол луқма» тушунчаси ёт бўлган, ўз фарзандларига фақат пул ва мансаб орттириш йўлида ҳаракат қилиши кераклигини уқтирадиган, ҳалол ва ҳаромни ажратишни ўргатишни-ку хаёлига ҳам келтирмайдиган оталарни, оналарни буралаб сўкиб ёзишим керак бўлади!

Менинг тилимдан ана шу вақтда яхши гап чиқармиди? Қоғозга ўраб, журналистик этика-эстетика қонун-қоидаларига риоя қилиб ёза олармидим? Йўқ! Шу сабабли, қўйинг, мен ёзмай. Ўзимга келиб олишим керак, бунга қанча вақт талаб этилишини эса, очиғи, билмайман.

Ҳалокат қурбони яқинларига чиройли сабр тилайман. Вафот этганлар жойи жаннатдан бўлсин. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун…

Темурмалик Тожидинзода

 

52 боланг ёнди дафъатан,
Э, воҳ, кулга қандай ўрайсан кафан.
Она бўл, бошинга оқ рўмолинг ёп,
Ота бўл, белингни боғла, жон Ватан!

Самолар зириллаб кетди фарёддан,
Дарвоза очилди тўғри Жаннатдан,
Оға бўл, Елканга тобутларни орт,
Сингил бўл, дод солиб йиғла жон Ватан!

Ўзбегим, сен қачон қочдинг меҳнатдан,
Қайга кетмоқ бўлдинг оғир қисматдан!
Шаҳидлар шаҳрига аҳолиларинг,
Сўнги карвонларга миндир жон Ватан!

Ногоҳ алангага бурканганда тан,
Калима келтириб улгурдимикан.
Ўзбекман деганнинг жон юрагидан,
52 қабр кавла жон Ватан!

Бири ўғлонмиди куёв бўлмаган,
Бири йигитмиди фарзанд кўрмаган.
Ёки етим қолган гўдакларининг,
Кўзларига қандай қарайсан, Ватан!

Мусофирлик фақат ўзбекдамикан,
Бизнинг камимиз бор қайси миллатдан.
Берма болаларинг алангаларга,
Бевақт ажалларга берма, жон Ватан!

Малика Салимова

 

Чет элларда ватандошлар ўлса, уларнинг жасадларини ватанга олиб келишни ўргандик. Чет элларда юртдошларимиз ҳалокатга учраса, ҳукумат комиссиясини юборишни ўргандик.

Энди, 50 кишилаб ватандошимиз ҳалокат окибатида ўлса, мотам эълон қилишни ҳам ўрганиб олсак, вазиятга муносиб бўлишни ўрганган бўламиз. Аста-аста униям ўрганиб олармиз. Муносиб бўлишга интилаётган ҳукуматимизга кўп раҳмат!

Дониёр Рўзметов

 

Роппа-роса 100 йил бурун Николай II нинг бир фармони чиққан. Унда Туркистон ўлкасидаги рус бўлмаган 19 ёшдан 49 ёшгача бўлган жами 250 минг эркакни фронт ортидаги ишларга сафарбар қилиш кўзда тутилган. Менинг жафокаш халқим нима деган биласизми? “Майли, империянинг уруш харажатларини тўлашга розимиз, лекин болаларимизни мардикорликка боришига қаршимиз”. Чунки бу халқ оммавий мардикорликни ўзларига иснод деб билди. Кафангадо бўлсак бўламиз, лекин фарзандларимизни мардикор қилмаймиз, деб туриб олишди. Бу йўлда қўлига қурол олди ва минглаб шаҳидлар беришди. Онаизорлар йиғладилар:

Поездингни жилдирган,
Ўтхонаси билан дўнгалаги.
Двинска кетишди,
Мард йигитнинг бир бўлаги.

Двинска кетмас эди,
Мард йигитнинг бир бўлаги.
Двинска кеткизган,
Николай золим замбараги.

Двинска йўл бўлсин,
Қарағайзоринг кул бўлсин,
Йигитларни қийнаган
Николайинг йўқ бўлсин.

Тошкентингиздан миниб,
Тўп остидан чиқдилар.
Оналари: “Вой, болам!” деб,
Кафан тўнин бичдилар.

Қисматнинг шафқатсиз ўйинини кўринг, орадан 100 йил ўтиб, ўзимиз мардикор бўлмоққа бел боғладик. Улуғларимиздан мерос қолган ғуруримизни тирикчилик еб битирди.

Алишер Назар

 

Шу ўринда, биз ҳам — fayzbog.uz сайти маъмурияти ва жамоаси ҳалокат қурбонига айланганларнинг жойи жаннатда бўлсин, деб қоламиз. Яқинларига сабр тилаймиз. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Биринчи изоҳ

  1. Норасмий «Халк нафрати» унвони ташкил этиш учун таклифим бор эди. Бу таклифни тўгри ёки нотўгрилигини бахолаш ва амалга ошириш факат Сизларга боглик. Сайтда доимий «Халк нафрати» унвонига номзодлар бўлимини очсанглар. Шу сайтга ватандошларимиз номзодларни тавсия килиш имконини берсак. Тавсиячи номзодни фактлар билан исбот килиб тавсия килсин. Сизлар эса холис хулоса чикариб рўйхатга киритиш ёки рад этишни хал килсанглар максадга мувофик бўлар эди. Лекин мен жуда хохлар эдимки шу рўйхат ташкил этилса, албатта 2 номердан бошлаб президент аппаратидаги телевидениени назорат килувчи масъул, УзМТРК рахбари ва президент котибияти масъул ходимлари (фамилияларини билмайман) киритилишини тавсия килар эдим. Сабаб; Актубедаги фожеага ЛОКАЙДЛИК килишгани, шу кунларда кўнгилочар дастурларни чеклаб турмаганликлари, халк кайгусига хамдардлик билдирмай виждонсизлик килганликлари учун. Маколани тахрир килишинглар ёки шу мазмунда лекин ИЛТИМОСИМ, албатта «Халк нафрати» норасмий унвони ташкил килсанглар булди.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *