Файзулла бобо Бойдуллаев: “Президентимиз ҳақ гапни айтди-суд тизимида порахўрлик авж олган!”

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабр кунги мурожаатини кўриб, ушбу воқеани оммага ошкор қилишга жазм қилдим. Президентимиз ҳақ гапни айтди-суд тизимида порахўрлик авж олган, мен ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа бунинг яққол исботидир.

Ёшим 70 га борди, ҳаётда кўп ноҳақликларни кўрдим, аммо мен айтмоқчи бўлган воқеа, яъни фуқаролик судлари томонидан бир муштипар аёлнинг арзини тингламасдан унинг ҳалол меҳнати ва маблағи ҳисобига қурган уй-жойини текинхўр меросхўрларга олиб берган судьялар тўғрисида.

Ҳаммаси шундан бошланди, Денов тумани “Пахтачилик” маҳалласида яшовчи Х.Файзиев хотини Д.Пайзиева 2002 йил 6 февралда вафот этди. Албатта эркак киши ёлғиз яшай олмайди, Холмурот бобо ҳам 2003 йил 12 ноябрда шаръий никоҳ асосида Файзиева Раънога уйланди. Улар бирга турмуш қуриб яшай бошлашди. Улар никоҳини 2006 йил 11 май куни қонуний рўйхатдан ўтказилган.

2002 йил 7 августдаги Сурхондарё вилоят Хўжалик судининг ажримига асосан ФайзиевХ. низоли уй жойни тасдиқланган келишув асосида ўз ҳисобига олади.
ФИБ Сурхондарё вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъатиниг 2014 йил 5 июн куни чиқарилган ажримида низоли уй Файзиев Холмуротнинг ихтиёрига ўтганда у жавобгар Р.Файзиева билан қонуний никоҳдан ўтмаганлиги учун бу мулк уларнинг умумий мулки ҳисобланмаслигини қайд этган.

Аммо суд жавобгарнинг Х.Файзиев ва Д.Файзиева 1966 йилдан 2002 йилгача бирга яшаганлиги, Д.Файзиева 2002 йил 6 феврал куни вафот этган, улар бирга яшаган пайтдаги уйларини яъни Денов тумани “Дўстлик” маҳалласидаги уйларини Х.Файзиев 2004 йил 19 мартдаги туман ҳокимининг 177-сонли қарорига асосан ўз номига расмийлаштириб, невараси Б.Холмуротовга ҳадя қилганлигини, Денов тумани Бобур СИУ “Пахтачилик” маҳалласидаги жойлашган умумий ер майдони 1500 кв метр бўлган нотурар жой сифатида эътироф этилган ширкат хўжалигига тегишли ҳаммомни 2002 йил авгус ойида, яъни хотини Д.Пайзиева вафот этгандан 6 ойдан сўнг Сурхондарё вилоят Хўжалик судининг қарорига биноан расмийлаштириб олганлигини, шундан сўнг жавобгар билан бирга эски ҳаммомни бузиб ўрнига янги турар жой қурганлиги, ғишти, шифери ва ёғочларини жавобгар ўзидан ишлатганлигини ва цементни эри Х.Файзиев олганлигини, қурилишда ака-ука Бобоев Шавкат ва Шарофиддинлар, Қораев Улуғбек ва шу каби 4 киши ишлаганлигини, 2005 йил 7 июлда туман ҳокими қарори билан эгалик ҳуқуқи эътироф этилганлиги, 2007 йил 7 ноябрда ушбу уй-жойни эр-хотин ўртасида олди-сотди шартномаси кўра сотиб олганлигини баён этганлигига эътибор бермаган. Шунингдек Х.Файзиев жавобгарга уйлангандан сўнг унинг фарзандлари отасини сиғдирмаганлигини ва Х.ФАйзиев унинг ўлимидан сўнг фарзандларининг мерос талашиши мумкинлигидан хавотирланиб, уйни хотини Р.Файзиева номига расмийлаштирганини тушунтирганлигини текширмади ва инобатга олмади.

Юқорида келтирилган важларнинг ҳаммасини исботлаш мумкин эди, чунки Х.Файзиев билан Р.Файзиева бирга яшаган даврда уларнинг қўшнилари ва бошқалар уй қурилишида қатнашган усталар бунга гувоҳлик бериши мумкин эди. Судьяга эса бу далилларнинг кераги йўқ эди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 56-моддасида кўрсатилган: «Тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумот ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар фуқаролик иши бўйича далил ҳисобланади. Бу маълумотлар қуйидаги воситалар, яъни: тарафлар ва учинчи шахслар ҳамда уларнинг қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосаси билан аниқланади.» дейилган талабга ушбу ишни кўрган биронта фуқаролик судлари амал қилмади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 90-моддасида: «Ота-она ҳаётлигида болалар уларнинг мол-мулкига нисбатан мулкдор бўлиш ҳуқуқига эга эмас.» дейилган талаб бўйича Х.Файзиев уй-жойини ўзи истаган кишига сотган.

Аммо суд бу талабларни текширишни истамади, ахир бу важларнинг ҳаммасини исботлаш мумкин эди-ку, аммо суд тириклигида керак бўлмаган ва ўлгандан сўнг мол-мулки керак бўлган бир эмас, тўққиз нафар фарзандлари отасини ўлгунча парваришлаган “ўгай она”ни судга бериб ундан уй-жойни тортиб олиш учун ФИБ Денов туманлараро судига берди, табиийки суд уларнинг фойдасига қарор чиқарди, чунки уй эгасидан «наф» йўқда, жавобгар адолат излаб ФИБ Сурхондарё вилоят судига берди, уям аввалги қарор маъқул деб ажрим чиқарди. Жавобгар яна адолат излаб Тошкентга Олий судга мурожаат этди, Олий суд ҳам аввалги судларнинг қарори қонуний деб қўя қолди.

Ушбу иш 2009йил 12 июнда ФИБ Денов туманлараро суди томонидан, 2011 йил 6 майда ФИБ Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанцияси томонидан, 2013йил 24 июлда ФИБ Денов туманлараро суди томонидан, 2014 йил 5 июнда ФИБ Сурхондарё вилоят суди кассация инстанцияси судлов ҳайъти томонидан, 2016 йил ФИБ Қумқўрғон туманлараро суди томонидан кўриб чиқилди ва Файзиева (Ортиқова) Раънонинг марҳум эри Х.Файзиев билан бирга қурган ва уйи ундан олиб қўйилиб, ўз отаси ҳаётлигида унга қарамаган меросхўрларига олиб берилди.

Лоақал Олий суд судьялар ушбу ишни мукаммал ўрганиб чиқса бўларди, аммо улар 2017 йил 3 октябр куни юборган жавоб хатида ишни ўрганиш ўрнига “Аниқланишича, ушбу суд ҳужжатларига нисбатан муқаддам Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилган назорат тартибидаги шикоятларга келтирилган важлар тўлиқ ва атрофлича ўрганилиб суд ҳужжатларининг қонунийлиги, уларни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида Олий Суди раҳбарияти томонидан 2017 йил 24 августдаги ёзишма билан батафсил жавоб берилганлиги маълум қилинади.” деб жавоб берган.

Демак, аввалги суд ишни фақат бир томонлама кўриб, иккинчи тарафнинг исботи-далилларини суд ҳужжатларига қўшмаса олам гулистон, Олий Судда ўтирган жаноблар барибир ишни кўришга ҳафсаласи ҳам, ақли ҳам етмас экан, Президентимиз буни уларнинг юзига айтди, отасига раҳмат! Умрлари узоқ бўлсин, ўйлайманки у кишининг раҳбарлигида суд тизимига адолатни қарор топдирадиган судьялар келади.

NOR.UZ сайтидан олинди

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *