Фарғона вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош «Риштон» чегара божхона пости очилди

25 сентябрь куни соат 12.00 дан бошлаб Фарғона вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги “Риштон” чегара божхона пости Фарғона вилояти Риштон тумани ҳамда Қирғизистон Қадамжой райони фуқаролари пиёда ҳаракатланишлари учун очилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати маълум қилади.

“Риштон” чегара божхона пости орқали ҳозирча фуқаролар пиёда ҳаракатланишлари учун очиқ. Пост иш тартиби соат 07.00 дан 19.00 га қадар белгиланди. Маълумотларга кўра, 25 сентябрь куни соат 12.00 дан 15.00 га қадар пост орқали киришга 40 дан ортиқ фуқаро ҳаракатланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 сентябрь куни Андижон вилоятининг қўшни давлат билан чегарадош “Дўстлик” чегара божхона комплекси ўз фаолиятини бошлаган бўлса, 20 сентябрь куни Наманган вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош “Косонсой” чегара божхона пости фаолияти қайта тикланди.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *