Фарғона вилоятидаги тиббий хизмат кўрсатиш пунктининг аянчли аҳволи

Фарғона вилояти Қўштепа тумани “Барот” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 88-қишлоқ оилавий поликлиникасидаги нохуш манзара кишини ранжитади. Ҳудудни ободонлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Хоналар таъмирга муҳтож. Соат ўн икки бўлишига қарамасдан, фақат бир нафаргина умумамалиёт шифокори ўз ўрнида экан. 

Фото: ЎзА
Фото: ЎзА

Мазкур оилавий поликлиника 19 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Тор соҳа мутахассисларининг навбатчилиги бўйича жадвал тасдиқланган бўлса-да, ўз вақтида аҳолига хизмат кўрсатиши назоратга олинмаган. Тиббий жиҳозлар етарли эмас, ЭКГ аппарати умуман ишламайди. Ичимлик суви билан таъминланмаган.

Тиббиёт масканида куз-қиш мавсумига ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган. Албатта, ишнинг бундай ўз ҳолига ташлаб қўйилгани аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

“Гармдон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги тез тиббий ёрдам станцияси филиалида кундузги сменада бирорта ҳам олий маълумотли шифокор ишламайди, бўладиган барча чақирувларга фақат ҳамширалар чиқади, холос. Тунги сменада ҳар тугул олий маълумотлилар бор. Лекин, ходимлар учун зарур шароит яратилмаган.

Шомирза қишлоғидаги “Ўзбекистон” қишлоқ врачлик пункти негизида шифокорлар уйини ташкил этиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиладиган хоналар санитария талабларига жавоб бермайди. Умумамалиёт шифокори Сайдулло Асадуллаевнинг таъкидлашича, улар қўлларидан келганча аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга ҳисса қўшмоқда. Албатта, бу яхши. Аммо давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқда ҳам тиббий хизмат кўрсатиш сифатини замон талаблари даражасида ташкил этиш вазифаси қатъий қўйилаётган бир пайтда «қўлдан келганча» қабилида иш тутиш нечоғли тўғри?! Аҳоли саломатлиги, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялашдек олижаноб мақсадларга камарбаста бўлиш, қолаверса, қишлоқ аҳолисининг тиббий маданиятини ошириш, бунинг учун кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйиш ҳам саломатлик посбонларининг вазифаси эмасми?

Фото: ЎзА
Фото: ЎзА
Фото: ЎзА

Бинобарин, тумандаги мавжуд 4 қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам патронаж хизматини такомиллаштириш, ҳар бир оилага кириб бориш ва аҳоли саломатлигидан хабардор бўлиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш каби ишларда мутасаддилар масъулиятини етарли даражада, деб бўлмайди.

Маълумки, Президентнинг 2017 йил 5 январь куни тиббиёт ходимлари билан учрашувида соҳада бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Туман ва қишлоқлардаги тиббиёт муассасалари бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлили воситалари, қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозлангани, лекин ана шу ускуналарни ишлатадиган мутахассислар камлиги, айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилаётгани, чекка ҳудудларда малакали шифокорлар етишмаётгани танқид қилиниб, бу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Халқимиз бугунги тиббий хизмат сифатидан рози эмаслиги, қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишлаши лозимлиги, бунинг учун шу ерда ишлайдиган врачга пункт ёнидан уй қуриб бериш зарурлиги қайд этилиб, мутасаддиларга зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Лекин халқимиз саломатлиги, келажак авлод камолоти билан боғлиқ ғоят муҳим бу вазифани барча жойлардаги тегишли мутасаддилар астойдил бажараяпти, дейиш қийин.

Қўштепа туманидаги аҳволдан ҳам кўриниб турибдики, жойлардаги айрим мутасаддилар ҳамон ишни ўзибўларчилик ҳолатига ташлаб қўйганга ўхшайди. Одамларнинг бугунидан рози ҳолда ҳаёт кечириши, эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлиши юртимизда амалга оширилаётган изчил ишларнинг жойларда ўз вақтида ва сифатли бажарилишига бевосита боғлиқ. Бунда эса жойлардаги раҳбарларнинг масъулияти, ўз вазифасини сидқидилдан адо этиши муҳим аҳамиятга эга.

Биринчи изоҳ

  1. Президентимиз ташрифини кутишаетган булса керак-да?, жойлардаги масьул вакори турувчи рахбарлари канрга карашяпти экан ?, Лекин якин вакт ичида узы пришла булмаса, Президентимиз еки бу кишини куллаб кувватлаш гурухи вакилларининг кейинги ташрифидан сунг нима БУЛИШИНИ тасаввур киляпман.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *