Файзбоғ.uz сайтида эълон қилинган мақолага Ёшлар иттифоқи томонидан муносабат билдирилди

Яқинда Файзбоғ.uz сайтида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятига оид «Ёшлар иттифоқи, қаердасан?» деб номланган мақола эълон қилинган эди. Янгича форматда ишлашга ўтган Ёшлар иттифоқи раҳбарияти, хусусан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуранбоев материалда келтирилган фикр ва таклифларни ўрганиб чиққани тўғрисида Иттифот матбуот хизмати хабар қилди.

“Блоггер Санжар Саиднинг турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Ёшлар иттифоқига очиқ мурожаатномаси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Қ.Қуранбаев яқиндан танишиб чиққач, қуйидагиларни маълум қиламиз.

Аввало, ўз тақдири, ёшлар тақдири, мамлакат тақдирига бефарқ бўлмай, куюнчаклик билан билдирган фикрлари ҳамда амалий маслаҳатлари учун Санжар Саидга чуқур ташаккур билдирамиз!

Иккинчидан, мурожаатда таъкидланганидек, Ёшлар иттифоқи “селфипараст, ўйин-кулгу, еб-ичишга ишқибоз, тадбирбоз, нонхўрак” аъзолардан, албатта, йироқ бўлишга ҳаракат қилади, бу каби ўта салбий жиҳатлар бугунги ёшлар учун мутлақо бегона бўлишига сиз билан биргаликда бор куч-ғайратимизни сафарбар қиламиз.

Учинчидан, мурожаат муаллифи томонидан кўтарилган барча саволларга жавоблар шу кеча-кундузда республикамиз оммавий ахборот воситаларида,  жумладан “Халқ сўзи”нинг 146 (6840)-сонидаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи: навқирон авлод манфаатларини ҳимоя қилишнинг янги тизими” ҳамда ЎзА томонидан эълон қилинган “Ёшлар иттифоқи том маънода ёшлар манфаатини ҳимоя қиладиган, орзу-умидлари, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқара оладиган тизим бўлади” номли интервьюларда батафсил ёритилганини маълум қиламиз.

Ёшлар иттифоқини расмиятчиликдан узоқ бўлган, ёшларнинг турли қатлами билан доимий конструктив алоқа қилувчи ташкилотга айланишида барча ташаббускор дўстларимизни ҳамкорликка чорлаймиз”, -дейилади хабарда.

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги айрим муаммо ва камчиликлар, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатимизни билдириб боришда давом этамиз. Эътиборингиз учун миннатдормиз.

Файзбоғ.uz маъмурияти

(Фото: Хушнудбек Худайбердиев)

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *