Етар энди…

Ушбу статистика қанчалик тўғри, текшириш имконим йўқ. Лекин мамлакатни тарк этиш бўйича биринчиликда турганимиз аянчли ҳоллигини айтиш шарт эмасдир. Телеграм гуруҳларидан бирида бу расмни кўрдим-у, мамлакатга ачиндим.

Манба: Настоящее время

Ҳар бир инсон ҳаётида қора кунлар бўлади, ёруғ кунлар бўлади. Бундай ҳолат менда ҳам, сизда ҳам бўлмай қолмайди. Агар ҳамма инсонларни бирлаштирса, жамият бўлади. Демак жамиятнинг ҳам қора кунлари ва ёруғ кунлари бўлиши табиий. Агар қора кунларда ақлни йиғиб, худбинликни четга суриб ҳаракат қилмасак, ёруғ кунларга чиқолмаймиз.

Камина бундан тахминан 16 йил аввал «Куннинг қаҳрамони» сарлавҳали мақола ёзгандим. Ўша пайтда ижтимоий ҳаёт даражаси жуда пасайиб кетгани, бу туришда мамлакатдан чиқиб кетиш энг ақлли қарор бўлишини айтгандим. Чунки у пайтда ўқимишли бўлиш, ақлли бўлиш деярли жиноят даражасида эди. Бугунларда сиёсий ҳаётда кўзга кўринарли ўзгаришлар бўлиб турса ҳам, мамлакатни тарк этувчилар сони ортса ортдики, лекин сира пасаймади.

Биринчи Президент Ислом Каримовнинг «Иқтисод сиёсатдан устун туради» иборасини эслаб турибман. Ўзбекистон энг бой давлат, дегувчилар қани? Қани у бойликлар? Ёки шу бойликларни ишлатишни билмаймизми? Балки бой давлат эмасдирмиз-у, бизни бой давлат, деб алдаб келишаётганмиди?

Бир синфда 30 тача бола ўқийди. Шундан билими ва иқтидори билан чиқадигани ўртача 2-3 та бўлади. Шу 2-3 та болалар мамлакатнинг турли нуқталаридан бирлашиб, яна 20 талик синфларни ташкил қилиб, олий таълим олишади. 20 танинг ичидан 5-6 таси давлат бошқарувига ўтиради. Яъни, энг ақллиларимиз деб билганларимиз бизни бошқаришга киришадилар. Энг ишончли деб билганларимизни депутатликка сайлаймиз. Энг-энг ишончлисини эса Президентликка сайлаймиз. Яъни, биз юқориларга ўзимиздан билими билан кучлиларни қўямиз. Ҳар ҳолда шундай, деб ўйлайман. Лекин нима учун шунча вақт ўтиб кетса ҳам, бой деб кўриладиган мамлакатнинг ресурслар тақсимоти билан шуғулланишолмайди? Нега мамлакат борган сари хароб бўлиб бораверади? Қаерда хато қиляпмиз?

20 йиллар олдин бир гап трендда эди: «Олтин бошлар Ғарбга, олтин қўллар Шимолга кетишмоқда. Бизга олтин тишлар қолди». Балки етар? Балки ҳар кўрганимизни тишлаб кўришни бас қилармиз? Балки нафсни бироз тийиб, мамлакат ҳақида ҳам қайғурармиз? Тўғри, нафс ҳаммада бор. Очликдан ўлиш керак эмас, лекин ризққа яраша келиб турса, қолганини халққа бериш керак-да. Айтишади-ку, «бешта қўлни барабар тиқма», деб.

Бугун нафси ҳакалак отган амалдорларимизнинг кирдикорлари туфайли пажмурда аҳволга келиб қолган Ватанни кўриб сиқилдим. Бу Ватанга биздеклар керакмиз, деб имкон бўлганда ҳам четга чиқиб кетишни ўйламадим. Қалам ишлатишни ўргатишган пайтдан бошлаб, «нотўғри бўляпти, бу кетишда кемамиз айсбергга урилади», дедим. Парчаланган кемани тарк этишгани каби бугун тарк этиш авжига чиқди.

Сенга нима, дерсиз. Шу аҳволда давом этса, тобутимни бегоналар кўтармасин, дейман. Фарзандли бўлдим, деб суюнган куним тобутбардорим бор деб суюнганим ҳам эди. Лекин бу туришда улар ҳам мамлакатни тарк этишса, ҳувиллаган майдонда кексалар бир-бирини кўмиб қўя қолишармикин?

Мамлакатни бошқараётган айрим қорни катта амалдорларга айтар сўзим, «Балки етар?!» Тўйган бўлсангиз, энди халқниям ўйларсиз? Балки етар энди фарзандларингиз-у жиянларингизни амал курсиларига ўтказиш, уларга қандай қилиб курси орқали даромад қилишни ўргатиш?! Балки етар, ўз нафсингизни ўйлаб, иқтидорларни четга суриб қўйишингиз?! Ақл бойлик эмаски, уни мерос қолдириб бўлса. Улуғбекнинг фарзанди падаркуш эмасмиди? Ақл кўчиб юргувчидир. Бугун сизда, эртага менда. Бу ҳақиқатни тушунишингиз керак. Фалончининг фарзанди деб эркалатганингиз сари аҳоли чиқиб кетяпти. Сиз ҳақиқий бойликлар чиқиб кетаётганини кўрмаётган бўлсангиз, унда кўр экансиз. Бас қилинг! Бас қилинг тарафкашликни! Кўпроқ узатган фуқарога ён босишни бас қилинг. Лекин бундай қилолмайсиз. Акангиз, укангиз, жиянларингиз сизнинг номингиздан иш қилишига жим қараб тураверасиз. Синфдошларингиз бор, маҳалладаги дўстларингиз бор, хизматда бирга бўлганларингиз бор. Ҳаммасининг кўнглига қарашга мажбурсиз. Шуни билсангиз ҳам, амални тарк этгингиз келмайди. Менга эмас экан, қариндош-уруғим ҳаддан ташқари кўп экан, демайсиз.

Кейинги йилда ушбу рақамлар 3 млнга, 4 млнга чиқиб кетса, билингки, бунга фақат ва фақат сиз амалдорлар айбдорсизлар.

Бу гаплар фақатгина ойлик маошига бойиб кетган амалдорларимизга аталди. Ўқиганлари учун раҳмат!

Баҳодирхон Элибоев

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.