Эрпўлат Бахт: САЛОМЛАШИШ МАДАНИЯТИ

Жума кунлари фараҳли кечади. Кўча-кўйларда нуроний отахонларни ҳар галдагидан кўп учратаман. Шу кунлари улар ибодатга чиқишади.

Ана шундай хосиятли кунларнинг бирида автобусда кекса бир отахонни йўлиқтирдим. Бошига чоғроқ салла, сутранг елвигай чакмон кийган отахон олдинги ўриндиқлардан бирида жимгина ўтирарди. Навбатдаги бекатда уловга минган ўрта ёшли бир эркак “Соммаким” деганча унинг ёнидаги бўй ўриндиққа чўкди. Чол унга бир қур назар солди-да, сўз қотди:

— Ёшинг неччида, иним?

— Эллик бешда. Ҳа, нима эди?

— Шу ёшга кириб ҳам тарбиянгда ўн тешалик иш қолган экан.

Отахоннинг бу гапи томдан тараша ташлагандай барчанинг қулоғини қоматга келтириб юборгандай бўлди. Ҳалиги эркак унга ажабланиб қаради.

— Аввало, “соммаким”дан салом бўлмайди. “Салом-алайкум” эса чала саломлашишдир. Мусулмон киши, айниқса ёши сеникидек улуғлашиб қолган одам “Ассалому алайкум” дея саломлашиши дуруст. Ҳар бир эрка оталик маснадига эга бўлдими, бас, бола-чақа, невара-эвараларга ибрат бўлиши керак.

Хижолатдан ўрта ёш йўловчининг пешонаси терлаб кетди. Хоразмликларга хос тарзда барчани ўзига яқин олганча сенсираб сўзида давом этди:

— Кўпчилик ўзини мусулмонман деб санайди. Лекин оддийгина саломлашиш қоидаларини тўлиқ билмайди. Балки сен эшитгандирсан, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Сомнинг маъноси- ўлим демакдир,” деганларини.

— Йўқ, — дея жавоб қилиди ҳалиги эркак.

— Ҳаммага маълум-ку бу. Майли, сен эшитмабсан, ўзим сенга айтиб бераман. Расулуллоҳ алайҳиссалом Мадинага келгач ул зотга ҳасад билан қараган яҳудийлар ҳар гал кўришганларида ўзларини гўё саломлашгандек кўрсатишиб “Соммаким” дейишар экан. Пайғамбаримиз уларга жавобан “Ва-алайкум” деб қўярканлар. Шунда саҳобалар “Ё Расулуллоҳ, ахир улар Сизга ўлим тилашяпти,” дейишганида, ул зот “Сизга ҳам дедим-ку,” дея жавоб бершган эканлар. “Сом” яҳудийлар тилида “ўлим” демакдир. “Соммаким” эса пайғамбаримиз душмани айтганидек “Сенга ўлим бўлсин,” деган маънони англатади. Шу боисдан ҳам Муҳаммад алайҳиссалом яҳудийларга “Ва-алайкум”, “Сиза ҳам” дея жавоб қайтарган эканлар.

Ўрта ёш эркак бироз андишалироқ эканми, “Э отец, билмабман, узр,” деди реза-реза терларини артаркан.

— Дунёнинг қай бурчига бориб “Ассалому-алайкум”  десанг ҳам ҳамма тушуниб “Ва-алайкум ассалом” дея жавоб қайтаради. “Ассалому алайкум” – “Сизга тинчликомонлик тилайман” деганидир. Бегона тилни сув қилиб ичганингни сезиб турибман. Ақалли ўз миллатинг тилидаги саломлашиш маъносини яхшироқ билиб қўйсанг авлороқмиди, — деди отахон ёнида ўтирган эркакнинг “отец” деган сўзига шаъма қилиб.

Шу билан панд-насиҳатга нуқта қўйилармикан деб ўйлагандим. Бобо гап халтаси яна очилди:

— Бугун муборак жума куни. Худойи таоло Одам алайҳиссаломни шу куни яратган, шу куни ул зотни жаннатга киритган, Қуръон шу куни лавҳул маҳфулга қўйилган. Одамлар ақалли шу куни ароқ ичишмаса бўлмасмиди?! Кап-катта эркак, тағин ота, бува бўлган-а, оғзидан бадбўй ҳид анқиб кўйча-кўйда, жамоат орасида юриши уят-а.

— Узр, ота, тўйдан келаётгандим, — қизариб-бўзариб кечирим сўради ҳалиги киши.

— Тўйга борганинг яхши-куя, лекин шу алпозда невараларингни қандай эркалатасан? Ёш-яланглар ичмайди деб айтолмайман. Лекин эркак деган ёши қирқдан ошдими, бас, ўзини йиғиб олиши жоиз. Йўқчса ажрини ўзинг тортасан. Фарзандларинг сўзингни уқмаса, бемеҳр бўлиб ўсса, бунга мана шу аҳволинг сабабчи.

— Тавба қилдим, тўғри айтасиз, — деган сўзларни токрорлади эркак.

Автобус манзилга етиб келганди. Отахон билан каминанинг ҳам борадиган жойимиз бир эди, бирга гурунглашиб кетдик.

— Эҳ, одамлар, одамлар-а, тағин замонадан нолишади. Замонага ҳеч бало бўлгани йўқ, одамлар айнияпти. Болаларига тарбия берадиган ёшдаги оталарнинг ўзи тарбияга муҳтож, — дея тағин гап халтасини очди бобо. Мен яна гапни саломлашиш мавзусига бурмоқчи бўлдим.

— Хоразмда саломлашиш турлари кўп. Лекин энг аввало “Ассалому-алайкум” деган дуруст. Бу — чин мусулмон ахлоқининг оинаси. “Ҳорманг”, “Хирмонингизка барака”, “Тўйлар муборак” дейиш ҳам кўришиш турларига киради. Бироқ уларнинг ҳам ўз ўрни, ўз вақти бўлиб,  “Ассалому алайкум”дан кейин айтилади. Фарзандли бўлган, янги иморатга кўчган, машина олган, яқинлари сафардан соғ-омон қайтган одамга, албатта саломдан кейин “Кўзингиз ойдин” деймиз. Бунга жавобан “Ва-алайкум ассалом, умрингиз ойдин” дейиш керак.

— Турклар “Гун ойдин” деб саломлашишаркан, — дейман мен оҳиста чолнинг фикрларини бўлиб юборишдан чўчиб.

— Э, ўша турклар бу чиройли гапни биздан ўғирлашган. Ахир уларнинг аждодлари Даққиюнуснинг даврида шу заминдан кетишган. Бизлар яқинларгача эрталаб кўринган одамга кунингиз ёруғ, хайрли бўлсин деган ниятда “Ассалому алайкум, кун ойдин” дейишардик. Ҳозир эса “Кеч ёқтилик” дейиш урфдан чиқмай турибди.

Дарвоқе, “Кеч ёқтилик” – “Тунингиз ёруғ, нурли ва хайрли бўлсин” деган маъноларни англатади. Ёзувчи ва журналист оғамиз Шуҳрат Маткарим бир пайтлари “Кеч ёқтилик” деган ҳафтанома ташкил қилган эди. Хоразм телевидеиеси шу номдаги кўрсатувни эфирга беради. Йўлдошимга шулар хусусида қисқача гапириб ўтдим.

— Демак, улар бу сўзнинг қувватини ҳис қилиб ишлашади,  — дея сўзини давом эттирди бобо. Бирон бир салмоқли ишга киришган, айтайлик иморат қуриш, таъмирлаш, ҳашар каби ишларга киришган одамга саломлашиш билан бирга “Ишларингиз илгари” дейилади. Бунга эса “Умрингиз илгари” деб жавоб берилади. Кир юваётган хотинларга эътибор берганмисан, болам. Ёнидан ўтаётганлар “Кирингиз оқ” деб ўтишади. Бунга жавобан “Йўлингиз оқ” дейишади тушмагур хотинлар. Сигири, қўй-эчкиси туққан одамга “Умрингиз оқ” дейдилар. Бунга жавобан эса “Тангри ёрлақасин” деб қўйса ҳам бўлади. Буларнинг барчаси одамларни бир-бирига нисбатан самимиятини, меҳр-оқибатини оширади. “Ассалому алайкум” деб ўтиб кетаверган билан кўнгил Каъбасига яқинлашиб бўларканми?!

Шу зайилда гурунг йўл бўйи давом этди. Одобсизлик бўлмасмикан, деган андиша билан отахоннинг қаердан, исми кимлигини сўрашга ҳеч ботинолмадим. Манзилга етиб келгач қуюққина хайр-маъзур қилдик. Кейинги жума ул зотни яна йўлиқтиришни Аллоҳдан тиладим.

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.