Эрпўлат БАХТ: ИСТИҚЛОЛ МE`МОРИ МАНГУ БАРҲАЁТ

«Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола» кўрик-танловига!

Эрпўлат БАХТ
ИСТИҚЛОЛ МE`МОРИ МАНГУ БАРҲАЁТ

ОЧҚИЧ

Ўзбек халқи тарихида турли давр қарама-қаршиликлари, мисилсиз кураш жабҳаларида фуқароларга йўлбошчилик қилган сиймолар талайгина. Уларнинг шижоату жасорати ҳақида тарихий манбаларда жуда кўп ёзилган. Уларнинг айримларигагина тақдир мустақиллик, озод ва обод Ватан бунйодкори бўлиш бахтини насиб қилган. Ислом Абдуғаниевич Каримов ана шундай бебаҳо саодатга мушарраф бўлган миллатимизнинг фидойи намояндаси эди. Унинг таржимаи ҳолини узоқ йиллар истибдод исканжасида қолган халқни уйғотиш, мустақилликдай шарафли йўлга бошлаш ва бу йўлда буюк келажакни бунйод қилишдек залворли вазифалар тавсифи тўлдириб туради.
ХИХ асрнинг иккинчи ярмида Туркистон Чор Россияси қўшинлари томонидан босиб олинди. Монархияга асосланган бошқарув ҳокимиятига эгалик қилган Хива, Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигида ўлкамиз озодлигилини сақлаб қолиш мақсадида жиддий стратегик режалар асосида кураш олиб борилмади. Ўта уюшмаган, стихияли равишдаги халқ исёнларининг пилта милтиқлари, кетмон ва ўроқлари билан босқинчиларга қарши курашиб бўлмас эди. 1917-йил 7-ноябрда Петербургда Чор ҳукуматининг қонли тўқнашув натижасида тахтдан ағдарилиши ва ҳокимият тепасига Шўроларнинг келиши эса мустамлакачилар қиёфасини ниқоблади холос. «Инқилоб»чиларнинг мустамлака қилинган халқларга мустақиллик берилиши, улар ўз тақдирини ўзи белгилашга ҳақли экани ҳақдаги баландпарвоз гапларни чин деб қабул қилган туркистонликлар Қўқонда мухторият э`лон қилдилар. Бироқ уч ой ичида унинг яксон қилиниб, жарликка қулашига жуда кўп сабаблар бор эди. Бунинг асосийси эса халқни уюштира оладиган йўлбошчининг бўлмаганлигидир.
1924-йилда ягона Ватан, ягона оила бўлиб яшаб келган Туркистон коммунистларнинг сиёсий мақсад ва режаларига биноан совет республикаларига бўлиб ташланди. Пировардида дунё харитасида СССР деган мустамлакачи давлат пайдо бўлди ва Ўзбекистон ССР иттифоқчи республика сифатида унинг таркибига киритилди.
Бу тарихий санадан э`тиборан юртимизда Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Йўлдош Охунбобоев, Усмон Юсупов, Йодгора Насриддинова, Шароф Рашидов, Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишонов каби кўплаб шахслар раҳбарлик лавозимига тайинландилар. Афсуски, А. Икромов ва Ф. Хўжаевлар қатағон сиёсати қурбони бўлганини истисно қилганда, қолган бошқа раҳбарлар сиёсий салоҳиятдан маҳрум, эркин фаолияти чекланган шахслар эди. Уларнинг ҳаёт йўллари турли хил бунйодкорликлар, беш йиллик планларнинг шараф билан уддаланиши каби фактлар билан тўлиб-тошган. Бироқ ҳеч бирининг фаолиятида халқни мустақилликдай шарафли йўлга етаклашга уриниш кўзга ташланмайди. Бу раҳбарлардан фарқли ўлароқ Ислом Каримов шахси мустақил фикр-ғоя, интилиш ва ташаббусларга бойлиги, шижоат ва жур`атлилиги, дадил ва қўрқмаслиги билан алоҳида ажралиб туради. Толмас курашчи сифатида қалблардан чуқур жой олган И. Каримов сиймоси ўз халқини озодлик ва ободлик сари бошлаган Вашингтон, Мустафо Отатурк, Маҳатма Ганди, Манделан каби жаҳоннинг буюк сиёсий арбоблари қаторида йодга олинади. Янги Ўзбекистон тарихида Ислом Каримов таржимаи ҳоли, сиёсий фаолиятининг ўзи катта бир бобни ташкил қилади.

ДАДИЛ ҚАДАМЛАР

Ислом Каримов 1989-йил июнидан Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Марказий қўмитаси биринчи котиби вазифасига тайинлангунга қадар бир қатор мас`улиятли лавозимларда меҳнат қилган. 1938-йил 30-январда Самарқандда хизматчи оиласида дунёга келган И. Каримов Ўрта Осиё политехника институти (1960-йил) ҳамда Тошкент халқ хўжалиги институтини (1967-йил) муваффақиятли тамомлади. Давр унга олий ўқув юртида ўқиш билан бирга меҳнат фаолиятини олиб боришдек мас`улиятни зиммасига юклади. Талаба бўлишига қарамасдан тиришқоқлиги боис 1960-йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводида мастер ёрдамчиси бўлиб ишлай бошлади. Бу унинг биринчи залворли меҳнат фаолиятининг бошланиши эди. Шундан сўнг илм ва ҳаётга чанқоқ талаба Ислом Абдуғани ўғли мазкур корхонада мастер, технолог В. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конуструктор бўлиб ишлади. 1966-йилдан Ўзбекистон ССР давлат план қўмитасига ишга ўтиб, мутахассисликдан то план қўмитаси раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.
1983-йилда И. Каримов Ўзбекистон ССР молия вазири лавозимига тайинланди. Бу даврда ҳудудда ўта оғир вазият ҳукмронлик қилар эди. Турғунлик даври, пахта якка ҳокимлигининг авж олиши, сиёсий қатағонларнинг барчаси ана шу йилларга тўғри келади. Бундай қалтис замонда қайси соҳага бошчилик қилишдан қат`ий назар кишидан ҳушёрлик ва сабр-чидамлилик талаб қилинади.
Москвадан юборилган яна бир қатағон «машинаси ричаги»ни қаттиқ айлантирган «Гдлян ва Ивановчилар» тергов гуруҳининг қамчисидан қон томиб турган, оддий бригадрдан тортиб, вазиргача қама-қама ўпқонига тортилаётган 1986-1989-йилларда И. Каримов Ўзбекистон ССР КП Қашқадарё вилоят комитетининг биринчи котиби лавозимига тайинланди. Ўзидан олдинги раҳбарнинг тергов гуруҳининг қонундан ташқари тазйиқларига чидай олмасдан ўз жонига қасд қилиши қашқадарёликларнинг кайфиятини туширган ва умидсизлик комига торта бошлаган эди. Ўшанда халққа умид бериш ва кўнглини кўтариш янги раҳбарнинг олдида турган биринчи вазифа саналган. Вилоят раҳбари сифатида И. Каримов ана шундай вазиятда бу шарафли вазифанинг уддасидан чиқа олди. Шу боис бўлса керак, ёшу қари қашқадарёликларнинг барчаси умрининг охиригача бу бағрикенг йўлбошчини яхши кўрди.
1989-йил июнда И. Каримов Ўзбекистон ССР КП МК биринчи котиблигига сайланди. Бу даврда ўлкада сиёсий биқиқлик ҳукмрон эди. Собиқ биринчи котиб И. Усмонхўжаев нуфузли минбарлардан туриб кадрлар етишмаслиги ҳақида бонг урар ва ҳадеб Москвадан мутахассислар юборишларини сўрар эди. Унинг иддаолари яна бир собиқ биринчи котиб Р. Нишонов ма`рузаларига ҳам кўчди. Усмонхўжаев ҳам, Р. Нишонов ҳам ҳар қандай ташаббусни бўғиб ташлашга тайёр коммунист-мустамлакачиларнинг йўриғидан чиқа олмайдиган раҳбарлар бўлишган. Моксвадан кадрлар юборишларини сўраш, аслида руслаштириш сиёсатининг янги лойиҳаси саналган. Республика идора ва маҳкамаларини ўзбек тилини билмайдиган кадрларнинг эгаллаши — миллийликни четга суриш эди. Шундоғам, ўша йиллари Ўзбекистонда миллий қадриятлар тазйиқ остига олинган, ан`аналарга эскилик сарқити сифатида қаралиб, умумхалқ байрамлари қатағон қилинган, она тил инқироз ёқасига келтириб қўйилган эди.
Бир неча минг йиллик тарихга эга шарқона Янги йил — Наврўз умумхалқ байрамини нишонлаш 1980-йилларнинг идеология яловбардорларидан бўлган Ра`но Абдуллаева ташаббуси билан та`қиқланиб, ўрнига янги «Навбаҳор» деб номланган байрам жорий қилинганди. Янги байрам барча қадимий салоҳияти, урф-одатлар жилваси, қадриятлар негизидан ажратилиб, коммунистик руҳда ўтказилиши талаб қилинди. Газеталар «Навбаҳор» байрамини улуғлаб мақолалар чоп қилишар ва шу билан жамоатчилик фикрини шакллантиришга уринишарди. Миллий ўзбек тили эса коммунистлар «қатағон тўпи»нинг рўбарўсида турарди. «Рус тили ривожланган сайин бошқа тиллар ўз-ўзидан йўқолиб, ягона коммунистик тил вужудга келади», деган сохта «аксиома» одамлар дунёқарашига тиқиштиришга уриниларди. Ўтган асрнинг 50-60-йилларида ўсиб-улғайган авлод онги-шуурига цинган бу ғоя «рус тилида сўзлашиш — маданиятлилик, зиёлилик белгиси» деган тушунчани шакллантирди. Оддий жамоа хўжалиги клубидан тортиб, олий бошқарув идораси ходимигача рус тилида сўзлашишни замонавийлик белгиси деб биларди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, 1987-йилда Урганчдаги вилоят кутубхонасига зарур китобни ўқиш учун борганимда у ерда хизмат қилувчи сочи, қош-кўзи қоп-қора жувон мендан рус тилида мурожаат қилишимни талаб қилганди. Мен эса бунинг уддасидан ўша пайтда чиқолмасдим. Қарабсизки, кутубхона ходимаси мени саводсиз экансан, сенга китоб бериб бўлмайди, дея ҳайдаб солганди.
1988-йил июнида эса вокзалдан «Нукус-Тошкент» йўналишидаги поэздга чипта сўраганимда кассир хоним рус тилида бир нималар деди, камина бўзариб туравергач, пулларимни юзимга қараб отди. Ана шу воқеа «Кўнгил хитоблари» достонимда қуйидаги сатрларда ўз аксини топди:

Ўзлик дея лутф этсам калом,
Она-тилим, сени ўйлайман.
Сен мангу тириксан, демак мен
Ўлмайман!
Ўлмайман!
Ўйлмайман!
Навоий балқитган офтобнинг,
Юзини булутлар тўсганди.
Шоҳ Машраб кўксидан учган қуш
Нағмасин «қарр-қарр»лар босганди.
Ул куннинг ваҳшати тўнгдириб,
Даҳшати руҳимни эзганда,
Оғалик тилининг босқини
Тафаккур қасрини бузганда, —
Қишлоқда бўзбола эдим мен,
Орзуси шалола эдим мен.
Сой каби пишқириб ше`р битиб
Тулпори замонни қистардим.
Зўр устоз шоирни кўрмоқ-чун
Бошкентга бормоқни истардим.
Саксон бешнинг жавзоси эди,
Ҳансирарди Урганч бекати.
Пулларимни юзимга сочди
Ногоҳ чиптахона бекаси.
Русийзабон малласоч хоним
Ўз тилида қотганда савол.
Довдирадим жавоб йўқ, сўз йўқ,
Қишлоқилик келтирди малол.
«Чипта беринг, Тошкентга,» — дея
Ўзбекийда лутф этсам такрор.
Тушунмади мовий кўз бека,
Тушунмоққа қўймади кибор.
Нақ юракка теккандек пайкон
Авлоқ жойда ёш тўкдим узоқ.
Тошкент, сенга етай дедиму,
Йўлларимга қўйдилар тузоқ.

Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари сифатида жамиятни қайта қуриш ва ма`навий поклашни бошлаб берди ва дастлабки фаолиятидаёқ миллатпарварлиги кўзга ташланди. Ҳеч қандай ҳайиқмасдан, улуғ бир жасорат ва матонат билан 1989-йилнинг 21-октябрида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинишига эришди. Шўролар сиёсати авжига чиққан бу даврда Давлат тили ҳақида гапириш мутлақо мумкин бўлмаган, аксинча, ўзбек тилининг ижтимоий ҳаётда қўлланилиши тобора чекланиб бораётган эди. Мазкур қонуннинг элдошларимиз миллий тафаккурининг қайта уйғониши, шаклланиши, шунингдек, мамлакат мустақиллигининг мустаҳкамланишида ҳамда миллий маданий-ма`рифий қадрият ва бебаҳо мероснинг қайта тикланиши муҳим аҳамият касб эта бошлади.
1991-йил 11-октябрда Узоқ Шарқдан учган самолёт Тошкентга келиб қўнди. Ҳарбий хизматни тугаллаб, уйга қайтаётиб, Тошкент аэропортидан Урганчга қачон рейс бўлишини сўраб, рус тилида мурожаат қилдим. Малласоч хоним эса жонажон ўзбек тилида: «Эртага соат 7.00 да» дея жавоб берди. Кўзларим қувнаб кетди. Ахир бизнинг она тилимизда бошқа миллат одами чиройли оҳангда жавоб беряпти. Ниҳоятда қисқа давр ичида катта ўзгаришлар! Бундай натижага эришиш учун раҳбар одамда лобуллаб турган қалб бўлмоғи керак.
И. Каримов коммунистик режим сузаётган кеманинг таги тешилиб бораётганини олдиндан сеза олган. Бундай биқиқ сиёсат билан халқни фаровонлик ва бахтли келажакка етаклаб бўлмаслигини у жуда яхши англаб етган. Мамлакатда бошқарув тизимини ислоҳ қилиш ана шу биқиқликдан қутулишнинг ягона йўли бўлган. Шу боисдан ҳам у Ўзбекистонда президентликни жорий этиш таклифини ўртага ташлади. 1990-йил 24-мартда Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши сессиясида И. Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. Бу биринчи раҳбарлигининг дастлабки йилида кўрсатган жуда катта жасоратидан бири эди. Чунки бу пайтда СССР империяси исканжасидаги бошқа иттифоқдош республикаларда эски ҳаммом, эски тос, ҳаммма Кремл қолипи ва андазаси бўйича иш юритиларди. Ўзбекистон ҳали расман мустақиллигини э`лон қилмаган бўлса-да, унинг раҳбарининг сиёсий хатти-ҳаракатларида эса тўлақонли эркинликка эришиш истаклари акс этиб борарди. Коммунистлар маркази бу «ўзбошимча» Президентни жиловлашга ҳаракат қилар, бироқ И. Каримовдаги шижоат, сиёсий мардлик бу уринишларни чиппакка чиқарарди. Ҳали президентлик бошқаруви жорий қилинганига уч ой тўлар-тўлмас Ўзбекистон ССР Олий Советининг 2-сессиясида «Мустақиллик декларацияси»нинг қабул қилиниши тўла ма`нода бу шахснинг жасоратли юрак соҳиби эканини исботлади. Мазкур декларация юртимиз озодликка эришишида муҳим маёқ бўлди. Унда бир қатор муҳим масалалар эчимини осонлаштирадиган бандлар қайд этилганлиги билан э`тиборлидир. Жумладан ушбу тарихий ҳужжатда: «Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва таркиб топган бой ан`аналари, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини та`минлашдан иборат олий мақсад ҳақи, Ўзбекистоннинг келажаги учун тарихий мас`улиятни чуқур ҳис этган ҳолда халқаро ҳуқуқ қоидаларига, умумбашарий қадриятларга ва демократик принципларга асосланиб, Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг давлат мустақиллигини э`лон қилади», деб ёзиб қўйилди. Бу муҳим ҳужжат асосида ватанимиз иқтисодий ва сиёсий ҳаётига доир масалалар мустақил тарзда ҳал қилина борди. 1991-йил йил 31-августда И. Каримов «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги Қонунга имзо чекди. Бу даврда Ислом Абдуғаниевич ақл-даҳосида озодлик имкониятларини олдиндан пайқаш қобилияти устунлик қилган. Шу сабабдан ҳам коммунистик режим ўрнатилган дунё ярим шаридаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг боришини тўғри кузатиб, одилона баҳолай олган миллат йўлбошчиси сифатида иттифоқдош республикалар орасида биринчилардан бўлиб ўз мустақиллигини э`лон қилишга қарор қилди. 1991-йил 31-августда Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллиги тўғрисидаги Баёнот э`лон қилинди ва бу ҳақдаги хабарлар оламнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида яшин тезлигида тарқалди. Жаҳон харитасида ёш ва мустақил Ўзбекистон Республикаси деган давлат пайдо бўлди.
И. Каримовнинг 1989-йилдан 1991-йил 31-августига қадар олиб борган залворли сиёсий фаолиятининг ўзи унинг АҚШ мустақиллиги асосчиси Вашингтон, Туркия озодлиги йўлида толмас курашчи Мустафо Камол Отатуркдай улуғ шахс эканидан дарак беради. Ахир тарихда не-не тахт соҳиблари, халқ раҳнамоси ўзимман деган кишилар яшаб ўтмаган дейсиз, лекин улардан жуда озчилигига ўз ватани озодлиги учун кураш ва бу курашларда муваффақият қозониш насиб этган. И. Каримов ана шу муваффақият байроғини сарбаланд кўтарган улуғ сиймо саналади.
Мустақиллик эълон қилингач Ўзбекистон Республикаси олдида жуда катта мураккаб, долғали ва синовли палла кутиб турарди. Биринчи навбатда узоқ йиллар ҳукмронлик қилган коммунистик мафкура тазйиқи остида қолган халқнинг ўзлигини уйғотиш, онгу дунёқарашида истиқлол мафкурасини шакллантириш, ҳуқуқий-демократик жамият барпо этишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, бунинг учун барча соҳалар каби биринчи навбатда қонунчилик соҳасида чуқур ислоҳотлар ўтказишдек улкан вазифалар кўндаланг турарди. Мустабид шўро тузими маркази бўлган Москвага ҳар жиҳатдан қарамликдан қутулиш учун эса иқтисодиётни ривожлантириш, ғалла мустақиллигини қўлга киритиш жуда қисқа фурсатда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалардан бўлган.
31-август санасидан сўнг жуда қисқа фурсат ичида Ўзбекистон мустақиллигини жаҳоннинг элликдан ортиқ нуфузли давлатлари тан олди ва ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатила бошланди. Биринчи навбатда Туркия, Хитой, Германия, АҚШ, Францийа, Англия, Эрон ва Жанубий Корея Ўзбекистон мустақиллигини тан олди. Бу эса ўзаро мамлакатимизга тенг манфаатли иқтисодий-савдо алоқаларининг ўрнатиш учун жаҳонга кенг йўл очилганидан дарак берарди.
И. Каримов ташаббуси ва таклифи билан мустақил давлатнинг миллий рамзлари умумхалқ муҳокамасига қўйилди ва овоз бериш йўли билан Ўзбекистон байроғи, тамғаси ва мадҳияси қабул қилинди. 1992-йил 1-мартда Ватанимиз Бирлашган Миллатлар ташкилотига тенг ҳуқуқли а`зо бўлиб кирди. 1992-йил 8-декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг умумхалқ муҳокамасидан сўнг қабул қилиниши ёш суверен давлатда қонунчиликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Мана шуларнинг ўзи мустақил давлатнинг муҳим пойдевори бўлиб, унинг бош ме`мори Ислом Абдуғаниевич эди.
1991-йил 29-декабрда И. Каримов муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. Ҳар доим, ҳар соатда халқ иродаси, ишонч ва садоқатини оқлаш муқаддас қасам цингари биринчи Президентимизнинг шуурида бўлиб, унга куч ва илҳом бағишлаганига шубҳа йўқ. Шу боисдан ҳам у асрлар давомида аросатда қолган халқнинг ўзлиги, миллий ғурурини уйғотиш учун бор кучини сафарбар қилди. 1992-йилда нашр қилинган «Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли», 1993-йилда чоп қилинган «Янгисини қурмай туриб, эскисини бузманг» ва «Ўзбекистон — бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли», 1994-йилда босмадан чиққан «Биздан озод ва обод Ватан қолсин», «Истиқлол ва ма`навият», 1995-йилда ёзилган «Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир», «Ўзбекистон ХХИ аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва кафолатлари» каби ўнлаб китобларида озодликнинг улуғ не`мат экани, мустақилликни шакллантириш ва фуқаролар дунёқарашини ислоҳ қилиш масалалари чуқур таҳлил қилиб берилди. Биринчи Президентимизнинг бу асарлари истиқлол мафкурасини шакллантиришда муҳим қўлланма вазифасини ўтади.

ИСТИҚЛОЛ МАФКУРАСИ АСОСЛАРИ

Ўзбекистон совет тузумига хос бошқарувдан тамомила воз кечиб, ҳуқуқий-демократик жамият барпо этишга ўтди. Мустақилликнинг илк йилларида қарийб етмиш йил мобайнида коммунистик мафкура тазйиқи остида яшаган халқ онгу шуурида бўшлиқ вужудга келди. Йиллар давомида коммунистик ғояларга муккасидан кетган, ўзини зиёлиман деб юрган одамларда умидсизлик, ишончсизлик пайдо бўлмади деб ҳеч ким кафолат беролмайди. И. Каримовнинг ана шу тафаккурдаги бўшлиқни истиқлол мафкураси билан тўлдиришга бўлган са`й-ҳаракати ўз самарасини бермасдан қўймади. Одамлар даставвал миллат тушунчасини тўлақонли англай бошлади. Ҳар бир миллат ўзлигига эга бўлмоғи учун тили, э`тиқоди ва урф-одатларини эмин-эркин тасарруф қилиши тақазо қилинади. Ўз она тилини йўқотган, аждодларидан мерос э`тиқод ва қадриятларидан мосуво кишиларга ма`лум бир миллат вакили деб қарашнинг ўзи мушкул.
Президент сифатида И. Каримовнинг мамлакатда э`тиқод эркинлигининг кафолатлаб қўйиши — ўзликни англатиш йўлида қилинган катта қадам бўлди. Диндорларга эмин-эркин ибодат қилиш, расм-русумларни ўтказиш имконияти берилди, юзлаб масжидлар очилди ва янгидан қурила бошланди. Махсус фармон билан ислом динидаги икки муқаддас сана — Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайитларини байрам сифатида нишонлаш жорий этилди. Давлат кўмаги остида ҳаж зиёрати амалга оширилиб, мустабид Шўро замонида қатағонга учраган Наврўз — умумхалқ байрами сифатида нишонлана бошланиши одамларда миллий ғурурнинг уйғонишига катта омил бўлди. Кишилар ким эдик, ким бўлиб яшамоқдамиз деган саволга жавоб излай бошлади ва уни истиқлолнинг ҳар бир лаҳзасидан топиш мумкинлигини тушуниб етди.
Тил, э`тиқод, дин, дунёқараш, аждодлардан мерос ан`ана ва қадриятларнинг барчаси истиқлол мафкурасининг асосларини ташкил қилди. Бу тушунчаларнинг жамиятдаги эркин тасарруфи ва талқини ҳуқуқий-демократик жамият сари дадил одимлаётган Ўзбекистон учун муҳим характерга айланди. Тарихан қисқа даврда бундай ўзгаришлар ясаган биринчи Президентимизнинг ақл-даҳосига жаҳон сиёсатдонлари тан бермасдан иложи йўқ.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *