Ерни ўз ҳолига қўйинг, «пахтачилар»!

Одамларнинг айтишларича, агар юртимизда пахта экилмаса,  кийишга кийим ҳам тополмай уят жойларни барглар билан беркитиб юрармишмиз. Агар пахта экмасак, давлат қашшоқланиб қолармиш.
Агар пахта экмасак, овқатимизда ёғ бўлмас эмиш. Ростдан ҳам шундайми?

Аслида буларнинг бари чўпчак. Бунақа чўпчакларни пахтадан, мужбурий меҳнатдан қорни қаппайган суллоҳлар тўқиб чиқаришади ва эл ичига ёяди. Биринчи аргумент нақадар аҳмоқона! Демак, пахта экмайдиган давлатлар барглар билан кийинар экан-да? Ёки ҳамма давлатда пахта экилади… Шунақа аҳмоқона хулосалар келиб чиқяпти.

Иккинчи аргумент айёрона. Худдики давлатнинг бюджети пахтага қараб қолгандек. Ё илғор давлатлар пахта экиб бойиб кетган, ё ростданам пахтани фақат биз экамиз. Кулгили.

Учинчи аргумент. Нимага биз бутун умр ўта зарарли ёғ истеъмол қилишимиз керак? Пахтадан бошқа нарсалардан ёғ олинмайдими?

Миш-мишларга қараганда, теримчи терган пахтасининг ҳар бир килосига Президентнинг ўзи 800 сўм деб нарх белгилаган эмиш. Фермерлар эса 500 деб белгиллашган. Амалда эса пул берувчилар 400 сўмдан беришяпти. Хўш, мана шунақа найранглардан кейин суллоҳнинг қорни қаппаймасдан кимнинг қорни қаппайсин?

Дарвоқе, яна битта аргумент бор ― “ҳар бир давлатнинг ўзига яраша символи бор: арабларнинг нефти, ҳиндларнинг чойи, грузинларнинг какаоси, қозоқнинг буғдойи ва ўзбекнинг пахтаси». Ғирт беъманилик. Бизнинг символимиз пахта эканини ҳомашё базаси сифатида руслар томонидан юртимизга тиқиштирилган. Ва ҳали ҳам чет давлатлар учун шундай бўлиб қоляпмиз. Чет давлатларнинг “закази» туфайли биз пахтадан қутула олмаяпмиз. Бизнинг символимиз аслида меъморчилик, ҳунармандчилик, боғдорчилик, деҳқончилик, чорвачилик ва ҳоказо “чилик-чилик»лардан иборат ҳунарлардан, илму-маърифатдан, дину-диёнатдан иборат эди. Руслар эса шўринг қурғур ўзбекни пахта теришга мажбур қилди. Юқорида айтилган символларимиздан айирди. Буюк меъморчилигимиздан айиришди ― чет давлатлар осмонўпар иморатлар қуришаётганда биз ҳалиям пахса девор-у, лойшувоқдан нарига ўтолмаяпмиз. Боғдорчиликдан айиришди ― минглаб гектар боғлар сурилиб, ўрнига пахта экилди. Илму-маърифатдан айиришди ― далани ўртасига аср ихтироси радио, телевизор қўйиб қўйишди-ю, ўқувчилар пахта теришди. Ҳали ҳам ёшлар чўнтагида сўнги русумдаги телефон, қулоқларида наушниклари билан пахта теришяпти. Дину-диёнатдан айиришди ― динни нотўғри тарғиб қиладиганларни қўллаб-қувватлаб, кейин “ясама дин»ни қоралашди, умрбод мусулмон бўлиб келган ўзбеклардан ҳам атеист чиқди. Ҳамма символидан айрилган ўзбекни энди чўтир юзини суратга олиб газетага чиқаришса ҳам “маз» бўладиган ҳолатга олиб келишди.

Мана мустақил бўлдик, пахта майдонлари қисқарди. Лекин ҳануз ўзбек пахта термоқда.

Пахта экишни йўқ қилсак, нималарга эришишимиз мумкин?

Агар пахта экмасак, ўқитувчилар дарсларини вақтида ўтишади, бир соатда 4-5 та параграфни чалакам-чатти қилиб ўтиб кетишмайди.

Агар пахта экмасак, талабалар пул бериб одам ёллашмайди, ёки пора бериб пахтадан қолишмайди, айримлар номусини ерга уришмайди. Бундай талабалардан етук олимлар чиқишади.

Агар пахта экмасак, “ҳашарчилар» бўлмайди.

Агар пахта экмасак, одамлар расво шароитда уйидан олисда 15-20 кунлаб оч-наҳор яшашмайди.

Агар пахта экмасак, “ҳашарчилар» плита ёқишмайди, трансформаторлар куймайди, қишлоқларда ҳадеб “свет» ўчавермайди.

Агар пахта экмасак, ДАН ходимлари, полициячиларимиз ўз жойларида тартибни сақлашади.

Агар пахта экмасак, минглаб гектар ерлар кучсизланиб қолмайди.

Агар пахта экмасак, сув сероб бўлиб, деҳқонлар бир-бири билан сув талашмайди.

Агар пахта экмасак, дўконлар ҳам, бозорлар ҳам, пайнетлар ҳам вақтида ишлайди, кундузи ёпиқ турмайди.

Агар пахта экмасак, минглаб гектар бўш қолган ерларга шириндан-шакар мева чиқарадиган дарахтлар экилади, сабзавотлар экилади, бозорларда нарх-наво тушади.

Агар пахта экмасак, Орол денгизи тўлади.

Ва ниҳоят, агар пахта экмасак, бўш ерларга кундан кунга кўпайиб бораётган аҳолига уйлар қурилади. Бўшаган ерларга тадбиркорликни ривожлантириб корхоналар, цехлар, янгидан-янги ишхоналар, хуллас, катта-кичик шаҳарлар қурилади. Ички иқтисодий парокандаликнинг олди олинади. Экспорт салоҳияти ўсади, давлат бюджетига пахтага нисбатан камида икки баробар кўпроқ фойда келтирилади.

Энг муҳими, журналистларнинг “пахта-пахта» деган нағмаларига нуқта қўйилади 🙂

Хўш, пахта экиш бизларга фойда келтиряптими ёки зарар?

Достон Мусаев

7 комментариев

  1. Мен ушбу мақолани кимларгадир ибрат, қолганларга эса ҳикмат тариқасида битмоқдаман. Ушбу мақола баҳонасида кимларнидир қоралаш ёки қайсидир соҳа вакилларини изза қилиш фикридан бутунлай йироқман, ваҳоланки, ўзим ҳам ушбу тизимнинг бир бўлагиман. Миллат тақдири ушбу тизимга боғлиқ экан, бунга кўз юмиш асло мумкинмас. Шунинг учун ушбу мақолада битилажак аниқ ва ҳаққоний воқеалар учун соҳадошларимдан олдиндан минг бора узр сўрайман. Мен учун 2 та ёки 3 та одамдан узр сўраш, бутун бир халқ олдида виждоним қийналишидан афзалроқдир. Онда сонда ОАВда таълим тизимидаги коррупция ҳақида гапирилганини, матбуотда эса туркум мақолалар тайёрланганини гувоҳи бўламиз. Таълимда коррупциянинг мавжуд бўлиши миллат тақдири учун нақадар ҳатарли эканини сийқаси чиққан гаплар билан такрорлашни ҳожати йўқ. Яна бир тизим борки, бу — соғлиқни сақлаш тизими. Соғлиқни сақлаш тизимининг нақадар коррупциялашганини эса Президентдан тортиб, давлат ҳокимиятининг ҳар бир аъзосигача ҳали ҳануз афсус билан тилга олмоқда, матбуот ёзишдан, телевидения кўрсатишдан чармаяпди. Президент одамларга ҳукумат таъминлаб бериши керак бўлган иккита муҳим масаладан бириси бу – соғлиқ эканлигини ҳам эътироф этиб ўтдилар. Хўш, соғлиқни сақлаш тизимидаги бундай аянчли аҳволнинг келиб чиқиш илдизи қаерда? Ўша биз юқорида қайд этган иккита тизим кесишмасида эмасми? Шифокорлар ҳам, ҳамширалар ҳам осмондан тушмаганку! Мен оддий статистикага ва ҳаётда кўрган билганларимга таянадиган бўлсам касалхоналарда порага ружу қўйганларнинг катта кўпчилиги ўрта махсус маълумотга эга бўлган тиббиёт ходимларидир (ҳамширалар, тиббий лаборантлар). Урадиган ҳар бир уколи учун пул сўрашлар, бола туғилганида ота-онасини олдига чиқиб “садақа” сўрашлар, одамлардан лаборатория хонасида таҳлил учун асоссиз пул олишлар. Бир сўз билан айтганда, қуш уясида кўрганини қилади деганларидек, ҳамма муаммо улар улғайган уяда, яъни гапни дангали тиббиёт касб-ҳунар коллежларидадир.
    Бу ёзаётганларим албатта, мен учун ҳам оғир. Бу кимгадир туҳматдай ёки кимгадир ўзи чиққан уяга тош отишдай туюлиши мумкин. Лекин, шуни алоҳида қайд этиб ўтмоқчиманки, таълим муассасасидай муқаддас маскан кимнингдир хусусий мулки эмаски, у ерда ҳар кун тинимсиз пул ишлаб чиқариш мумкин бўлса, қолаверса ҳеч кимга бировларнинг соғлиғи ёки минг минглаган орзу умидлар билан ўз фарзандини коллежга топширган ота-оналарнинг хохиш, истаклари билан ўйнашиш ҳуқуқи берилмаган. Мен шахсан бир йилча ишлаб ишламасдан, виждон азобида қийналиб, эртага бор билимимдан ҳам мосуво бўлмаслик, мен ҳам эртага коррупциядек “ширин илон” чангалига тушиб қолмаслик учун шундай масканлардан бирини тарк этган инсон сифатида ушбу хулосаларимни билдирмоқдаман. Шу ерда мен нимага бунчалик ёниб, куяётганимни тушуниб олишлари учун бўлган бир воқеани сўзлаб бераман. Бир пайтлар қайсидир бир тиббиёт коллежида битта ўқитувчи ишлаган экан. Унинг вазифаси талабаларни зулукдай “қонини сўришдан” иборат бўлган, қолаверса, ўзи ҳам ғирт саводсиз экан (агар, саводи бўлганида озгина бўлса ҳам виждони бўларди). Орадан йиллар ўтди, ўша ўқитувчи нафақага чиқди. Бир куни оғир бетоб бўлиб қолиб фарзандлари тез ёрдам чақиришади. Тез ёрдамда ўзи бир пайтлар ўқитган талабаси келади ва унга бутунлай нотўғри дорини укол қилади, бундан ташқари, унинг болаларидан яхшигина пулни олиб, жуфтакни ростлайди, бемор узоқ вақт яшамасдан вафот этади.
    Бу ҳикоядаги ибратни тушинган тушинди, тушинмаган йўқ. Аввало, Аллоҳ, ўлим ҳақ, аммо, ўша ўқитувчининг ҳаёти ўзи ўқитган саводсиз талабасининг қўлида қолгани бир ибрат бўлса, тузатмагани етмагандай, пул талаб қилгани бу танганинг яна бир томони. Ачинарлиси, ўша саводсиз кадрлар бир эмас, минглаган одамларнинг ҳаёти билан ўйнашади. Хўш, уларнинг айби нима? Мана мақоладан топилажак асл муддао. Ҳалол ишлайлик, тўғри таълим берайлик. Агар, қўлимиздан келмаса борингки, бошқа иш билан шуғулланайлик. Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, токи, тиббий таълимни ислоҳ қилмагунча тиббиётни ислоҳ қилиш мушкул.

  2. Juda zoʻr maqola! Aslida paxtani «milliy boyligimiz» deb koʻklarga koʻtarish oʻta ketgan axmoqgarchilikdan ham battarroq axmoqgarchilik. Paxta milliy muammodan boshqa narsa emas hozirgi kunda.

  3. Agar pahta ekmasak…. yoki o’zimizga etarli eksak….
    Taraqqiyotimiz tezlashardi, Tibbiy hizmat korsatish sifati va ta’lim sifati ortardi, korrubsiyaga barham berilardi, Odamlarni dunyoqarashi o’zgarardi…
    Nega 100 yildan beri pahtachilikda innovatsiya novatsiyalar yo’q. Maqola halqni yuragidagi gaplar. Rahmat muallifga.
    Pahtachi maqollalar esa BUYURTMA maqola ekanligini hammamiz yahshi bilamiz. CHunki ahborot asrida yashayapmiz!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *