Эркин НОРСАФАР: ОТАМНИНГ ЕЛКАСИДАГИ ИЗЛАР (Воқеий ҳикоя)

Мамлакатимиз эндигина мустақил бўлган йиллар эди. Ҳамма жойда ҳам вазият бирдек, жуда оғир. Катта рўзғор “қўлучи”лаб қолган, бир амаллаб тебратилади. Куз кунлари эди. Пулига яраша ёзги туфлим товони ейилиб, тешилди… Қиш кирди. Ёғингарчилик, изғирин совуқ бошланди. Иш хонамгача 1,5 кмча масофа, пиёда бораман. Уй (ҳовли) дан чиқар — чиқмас туфлимнинг тагидан сув кириб, пайпоғим нам бўлади. Танамни совуқ қамраб олиб, дилдирай бошлайман. Ишхонам туман марказидаги бозор яқинидаги бинода жойлашган. Икки қаватли бинонинг (ўша вақтда “Тадбиркор банк”, бир вақтлар эса касса, мусиқа мактаби бўлган) биринчи қаватида, каттагина залда беш киши ўтирамиз, таги бетон. Иситилмайди. Зах эса деворга бир метрга қадар чиқиб борган. Тушга қадар кўкариб кетаман, совуқдан тишим-тишимга тегмайди, атрофдагиларга билдирмасликка уринаман. Туш вақти уйга шошаман. Оёғим совуқдан шишган, қадам боссам бижирлаб азоб беради. Ўша бир ярим километр масофани босиб ўтиб, уйга келгач, туфлимни печканинг остига қўйиб, ҳўл пайпоқни алмаштириб, лой бўлган оёқни ювиб, ихраганича печкага тутаман. Отам оила аъзолари жам бўлмаса, таомга қўл урмайди. Мен ҳар куни туш вақти музлаган оёқни печкага тоблаб кечикишга, отамни ранжитмаслик учун турли ёлғонлар тўқишга мажбурман. Совуқдан музлаган оёқ исигач жимирлаб, қичишиб бир оғриқ беради, куйган ундан яхшироқ. Хуллас, бир пиёла чойни ичиб, яна ўша туфлида ишга отланаман. Шу билан баъзида кечқурун иш тугагач соат 6 да ёки 8 дан кейин қайтардим. Ёмғирли кунларни амалласа бўлар, аммо қор ёққанда, оёғимни сезмай қолган вақтларим ҳам бўлди. Худди бировникидек, худди наркоз урилгандек. Ишга боргач, икки кўзим имиллаётган соат милларида бўларди.
Қиш шу зайилда ўтди…
Одам юрганда пойафзалининг таги орқадан келаётган одамга кўринади. Туфлимнинг товони бутунлай едирилган, ер кўриниб турарди. Одамлардан уялганимдан товонимни олдинга қараб босардим. Бунда оёқни на ортга ва на олдга баралла ташлаб бўлади…
Бир кун отам билан йўлимиз бир тушиб қолди. Отам нимага туфлимдан чилпиллаётган шовқин эшитилаётганини сўради. Сув туфлимнинг ичида эди. Мен, туфлим товонида кичкина тешик борлигини, ўша ерга сув кириб қолиб шилқиллаётганини айтдим. Отам янги туфли олишим лозимлигини айта туриб, тиззамни букиб, букрисифат ғалати юраётганим сабабини сўради, оёғим оғриётганлигини баҳона қилдим. Яна бир неча бора отам билан йўлимиз тўғри келганда, ишим борлигини рўкач қилиб, йўлимни бошқа олишга мажбур бўлдим.
Қиш тугади. Дам олиш кунлари эди, кутилмаганда отам эшик олдида, кираверишда турган туфлимга кўзи тушиб ҳайратланди. Мен, эски туфлим, уйда ётган экан, ташлаш учун чиқаргандим, деб алдашга мажбур бўлдим.
Орадан бир неча кун ўтди. Отам билан ҳамкасаба бўлганимиз учун яна йўлимиз бир тушди. Ёмғирли кунлар эди. Туфлим одатдагидек шилқилларди. Отам оёғимга, кейин айбдорона синиқ жилмайиб кўзимга боқди.
“Бу нигоҳларни ҳеч қачон унута олмасам керак…”
-Шу туфлида қишни ўтказдингми?
Ёлғонларимга бошқа ўрин қолмаган эди, кўзларимни олиб қочдим.
-Янгисини олсанг бўларди-ку, шунча азоб шартмиди, болам?
-Рўзғорни ўйладим. Шундоғ ҳам…
-Тирикчилик ҳам бир гап бўларди-да…
Отам оғриниб-оғриниб бош чайқади, елкалари тушди. Чунки ўша елкаларда энди мен юриб борардим…
1997йил
erk.uz дан олинди

2 комментария

  1. туфлини тагига резина қоқтириб олишга хам пулингиз йуқмиди жаноб

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *