Энди “ахборий очлик” бўлмайдими?

(“Ўзбекистон24” телерадиоканали ҳақида)

Эрталаб уйғонасан ва нонуштага ўтириб, “оламда нима гаплар”, дея телевизорни ёқасан. Қай бирида “тинғир-тинғир”, бирида кийим танасига чиппа ёшган қизлар ўргатаётган бадантарбия машғулоти, бошқасида ош пиширишни ўргатаётган яллачилар, яна бир нималар… Хуллас, хуморбости ҳеч вақо йўқ.

Ахборот берувчи дастурларда эса кечаги ёки ундан ҳам олдинги эски хабарлар такрори. “Свежий” хабарлар йўқми, деган саволга жавоб ололмай, мажбуран қўлга телефон олиб, кавлашга киришасан. “Ахборий очлик” деганлари шу бўлса керак-да!

Мен ва менга ўхшаш бошқа ахборотхўрларнинг талаб ва истакларини инобатга олган МТРК бу сафар анча фойдали ишга қўл урди. Ниҳоят нечи ойдан бери кутилаётган янги информацион телерадиоканал – “Ўзбекистон24” эфир юзини кўрди. Биринчи кунги эфирини қизиқиш билан кузатдим. Одамни қувонтирадиган томони аксар эфирларнинг жонли экани. Бу, албатта, тезкор маълумотлар узатишда бирламчи омилдир. Тўғри-да, қачонгача “Давр”, йўқ-йўқ, аввало “Ахборот”да хабар беришларини кутамиз. Унгача бутун дунё хабардор бўлади-ку.

Ахборот психологияси ўзи шундай. Ким биринчи бўлиб маълумот тарқатса (тўғри-нотўғрилигидан қатъи назар), дастлабки таассурот айнан шу асосда шаклланади. Кейин чиқволиб, минг марта ўзингизни оқлашингизнинг самараси кўп бўлмайди. Ана шу жиҳатдан миллий телевидениемизга куну тун ахборот узатадиган, жонли эфирларга асосланган канал зарур эди.

Дастлабки кундаги эфирлар ҳақида нима дейиш мумкин: кўркам студия, янги қиёфалар, етилган ва навқирон кучлар…Жонли эфир қанчалар қийин эканини бу соҳада ишламаган одам англаши мушкул. Миллий каналларимизда, айниқса, ахборий дастурларда тўғридан-тўғри эфирлар қарийб йўқ эди. Тўғри, унда-бунда “Ахборот” ва “Хабарлар”нинг кундузги қисқа сонлари жонли узатиларди. Лекин буни етарли деб бўлмасди. Айтмоқчи бўлганим, бу борада тажриба кам эди. Шунданми ёки хаёжон таъсираданми, бошловчиларда янглишишлар, тутилишлар, бошловчи сўзи ва лавҳа номутаносиблиги, техник ходимларнинг овозлари ва бошқа жузъи камчиликлар кузатилди. Бу табиий ҳол ва секин-аста изига тушиб кетадиган жараён. Энг муҳими ва қувонтиргани, айни йўналишда дадил қадам ташланди.

Қолаверса, МТРКнинг бошқа каналларидан фарқли ўлароқ, интернетдаги веб-саҳифаси ҳам анча жонли иш юритаяпти, матнли ва видеохабарлар билан тўлдириб борилаяпти. Мен каналнинг эфирларини айнан сайтидан томоша қилаяпман. Шунингдек, Youtube`да ҳам ўз каналига эга. Ҳозирча бу йўналишдаги ишлар ҳам кўнгилдагидек.

Ана энди савол туғилади: хўш, бу канал ҳам аввалгилар сингари “ура-урачи”, “ҳайбаракаллачи” бўладими ёки ўзлари белгилаб олганларидек таҳлилий-танқидий бўладими? Чиндан ҳам реал воқеаларни рўй-рост кўрсатадиган, иситмани пинҳон тутмайдиган, китобларда ёзилган журналистик принципларга содиқ Ахборий канал мақомига эриша оладими? Бу пайдарпай саволларга ҳозирча жавоб бериш адолатдан эмас. Кутиш, кузатиш ва таҳлил қилиш керак холос.

Яхши сўз мухтасардир, деганларидек кўп-да “янги чақалоқ”қа баҳо бермоқчи эмасман. Тилагим, янгиликлар журналистикасидаги 5 та боқий савол(“ким”, “нима”, “қачон”, “қаерда”, “қандай қилиб”)га берадиган жавоблари холис ва ҳаққоний бўлсин! Чунки ёлғон хабарлар билан жамият ҳеч қачон тараққиётга эриша олмайди.

Хушёр Бек

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *