ЭЛ НЕТИБ ТОПГАЙ МЕНИКИМ, МЕН ЎЗИМНИ ТОПМАСАМ

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматжон Қурбонов билан суҳбат

-Раҳматжон оға болалик даврларингизни, хотираларингизни газетхонларимиз билан ўртоқлашсангиз?
-Асли Хивада туғилганман.Болалик пайтларим Хива “Ичон қалъа”га яқин жойларда ўтган. Болалигимдан санъатга ихлос қўйдим.Чунки отам санъатни севувчи,маданият соҳасида ишлайдиган инсон бўлган. Ёдимда отам менга беш яшар пайтим рубоб олиб берган эди.Мен шу рубобни чалишни ўрганиб отамга икки кунда битта куй чалиб берганим эсимда.Мусиқага ихлосим баландлиги сабаб мени мусиқа мактабига ўқишга беришди.У ерда устозлардан рубоб чалиш сирларини ўргана бошладим.Ҳар куни тўр халтамга рубобни жойлаб, эгнимга отиб, мусиқа мактабига қатнайман. Йўлим Хоразмнинг машҳур бахшиси Болабахши Абдуллаев хонадонининг олдидан ўтар  эди. Бир куни раҳматлик Болабахши ва Шерозий бобо уйини олдида гурунг қилиб ўтиришган экан.Мен уларга икки қўлимни кўксимга қўйиб салом бердим.
-Кимнинг ўғли бу?- сўради Шерозий бобо Болабахшидан. Бошида шерозий Хоразмча попоқ (телпак), мўйловлари ҳам ўзига ярашиб турган киши мени диққатимнн тортди.
-Бу Хударганни ўғли,мусиқа мактабига қатнаяпди,-деди Болабахши ота дўстига қараб,-улли бўлса артист бўлжоқ. Оди Раматжон.Қани Шерозий отаси шу болага бир потя(дуо қилинг маъносида)беринг.
Шунда Шерозий ота қўлини дуога очиб менга оқ фотиха берганини ҳали ҳануз эслайман.Улғайиб билсам бу киши Хоразмнинг машҳур санъаткори Мадраҳим Шерозий экан.
Бу воқеалар 1967 йилларда бўлиб, мен энди саккиз ёшга кирган бола эдим.
Шундан кейин жуда кўп устозларга қўл бердим. Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов билан жуда кўп маротаба учрашганман, чунки у киши отамнинг дўсти эди. Уйимизга жуда кўп келарди.Санъат ҳакида,улуғ алломалар ҳақида тонггача баҳс мунозаралар бўларди. Ҳаётимда бир марта у билан тўй ўтказганимни яхши хотиралайман.У пайтлари (1973 йил) Хоразмда пахта йиғим терими тугагач катта-катта қурли тўйлар бўлар эди.Комилжон ака катта қурни айланиб соз қиларди.Кечқурун эса ёшлар учун алоҳида базм бўлиб, шу базмда мен ҳизмат қилганман.Комилжон ака ҳам бизнинг базмимизга келиб бир жуфт қўшиқ айтиб берган эди.
-Талабалик йилларингиз ,устозларингиз ҳақида 

-Мусиқа мактабини томомлаганимдан кейин, 1975 йили Матюусуф Харратов номидаги мусиқа билим юртига рубоб йўналиши бўйича ўқишга кирганман.Ўқиш давомида Хоразмнинг таниқли санъаткорларидан жуда кўп нарсаларни ўргандим.Устозим Абдушариф Отажоновдан ашула айтим йўлларини,масалан “Гирия”, «Куйгай”каби ашулаларни шу кишидан ўрганган эдим.
Билим юртини томомлаб чиққач 1979 йили Тошкент Давлат Консерваториясига ўқишга кирдим.Иш фаолиятим бўлса 1975 йилдан бошланди.Мен Хивадаги “Нақш” ансанблида мусиқа раҳбари бўлиб ишлай бошладим.Ҳам ўқиб, ҳам ишлаб назария ва амалиётни бир олиб бордим. Кейинчалик 1978 йили Урганч шаҳрида филармония очилди.У ерда Бобомурод Ҳамдамов бадиий раҳбар, мен эса мусиқа раҳбари этиб тайинлашди.
Консерваторияда Ҳалима Носирова, Шавкат Муҳаммедов, Ориф Алимахсумовлар қўлида ўқиб санъатнинг нозик сирларини ўргандим. Учинчи курсдан кейин мен консерваторияда ўқитувчилик қилиб,1-2 курс талабаларига сабоқ бера бошладим. Консерваторияда 5-6 йил фаолият юритганимдан сўнг “Лазги “ашула ва рақс ансанбли очилди. Мени шу ансанблга 1988 йили мусиқа раҳбари этиб ишга таклиф этишди.
“Лазги” ансанбли билан дунёнинг бир қатор давлатларида гастролларда бўлдим. Жумладан Япония, Хитой, Голландия,Франция, Германия, Белгия, Араб мамлакатлари, Исроил, Хиндистон, Покистон каби давлатларда бўлиб концерт дастурларини намойиш қилдик.
“Лазги” ансанблида 17 йил фаолият олиб бордим.Ансанблимиз билан жуда кўплаб концерт дастурлари тайёрладик. ”Лазги” ансанбли тугатилгач Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида ишладим.
-Сизни Республикамизда “довудий” овоз соҳиби деб эътироф этишади.Шу ҳақида икки оғиз .
-Тўғри,1983 йил Республикамизда, консерватория залида мақомчилар кўрик-танлови бўлди.Ана шу танловда мен ҳам қатнашиб биринчи ўринни олганман. Шу танловда менга “довудий” овоз соҳиби деган диплом беришди. Кўрик-танлов ҳайъатида Фаттоҳхон Мамадалиев, Ориф Алимахсумов, Саодат Кобулова, Файзулла Кароматов, Насим Ҳошимов, Отаназар Матёқубов каби санъат дарғалари мени довудий овоз соҳиби деган номга лойиқ эканимни эътироф этишди.
1993 йили, мустақиллигимиздан кейин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист,  2002 йили Қорақалпоғистонда ҳизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлдим.
-Ҳозирда Хоразмда- маданият бошқармасида ишлаяпсиз экан, шу ердаги фаолиятинигиз ҳақида гапириб берсангиз?
Ҳа, ҳозирда вилоят маданият бошқармасида иш олиб бораётирман. Менга вилоятда санъат соҳасини ривожлантириш,  Давлат тадбирларини -яъни мустақиллик, наврўз ва бошқа тадбирларни чиройли қилиб ўтказишга маъсуллардан бири бўлиб, қолаверса ёш исътедодли санъаткорларга йўл-йўриқлар кўрсатиш ҳақида таклифлар бўлди. Шунга астойдил ҳаракат қилиб вилоятда санъатни ривожига баҳоли қудрат ўзимнинг ҳиссамини қўшиб келаётирман.Мана яқинда машҳур хофиз Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллик тўйи Республикамиз миқёсида кенг нишонланди. Шунга атаб тадбир сенарийсини ёздим, мусиқий йўналиши бўйича ҳар томонлама бадиий савияли, чиройли бир тадбир бўлишига эришдик. Вилоятда ўтказилаган мустақиллик байрамини ҳам юқори савияда ўтишини таъминладик.


-Раҳматжон оға биламизки сиз ижодкор инсонсиз.Бир қанча китобларларингиз, санъат ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинган.Ишингиз кўп бўлишига қарамай ижодга қандай вақт ажратасиз?
-Ҳақиқатан  ҳам бўш вақтим оз. Тадбирлар, учрашувлар, гастроллар одамни чарчатиб қўяди.Аммо мен ижод қилиб дам оламан.Шеърлар, рубойилар, қўшиқлар ёзиб ўзим куй басталайман. Ана шулар билан мени чарчоғим чиқиб кетади. 2004 йилда ёзган рубойиларимни тўплаб китоб қилдим. 2009 йили “Санъатнома”номли китобимини биринчи қисмини нашр қилдирдим. 2017 йили устозим Комилжон Отаниёзовнинг шеърлари билан қўшиб ўзимнинг шеърларимни жамлаб “Устоз йўлидан” номли китобимни чиқардим. “Санъатнома” нинг иккинчи китоби ҳам тайёр бўлиб қолди. Китобни ҳам яқин кунлар ичида нашрга бериш ниятида юрибман.   Комилжон Отаниёзовнинг ҳаёти ва ижодини акс эттирувчи “Уч бўстон булбули” номли драма ёзиб Огаҳий номидаги мусиқали ва комедия театрда саҳналаштирдик. Юбилей арафаларида қўйилган бу саҳна асари мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди.
Бутун Республикамизга маълуму машҳур бўлиб улгирган, халқ тилида”боқ боқ”, яъни “Хиваки”нинг яратилиш тарихи мухлисларга қизиқ,
-Меннинг санъат оламига кириб келганимга мана 40 йилдан ошган бўлса, ижодим давомида кўпдан ўйлаб, орзу қилиб десам ҳам бўлади,устозим Комилжон Отаниёзовга ўхшаб мен ҳам бир умрбоқий лазгига ўхшаган куй-қўшиқ яратсам деб ният қилар эдим. ”Хиваки”ни сўзлари, куйи миямда яхши етилди. Бир куни хизматдан келиб қўлимга торни олиб, шу қўшиқни мусиқасини чалдим.Изидан сўзи келди.Иккинчи банди учинчи банди… Худонинг қудратини қарангки бир ажойиб қўшиқ яралди, аммо ҳали “хом” эди. Шу пайт уйга шогирдим Тўлқин Жабборов кириб келди.Унга кўрсатдим.Уям маъқуллади. Шеърни ва мусиқасини маромига етказдик, шу тариқа Хиваки дунёга келди.
-Тўлқин,  дедим бир куни шогирдимга, устоз Комилжон ака лазгига сўз қўйиб умрбокий бир асар яратди. Мана лазги айтиб ярим асрлардан буён санъаткорлар ўз “қозон”ини қайнатиб келишмоқда. Мен яратган «Хиваки» ҳам шундай довруғ қозонсин.  Мен таниган,  танимаган шогирдларим ҳаммаларинг ҳам шу қўшиқни айтаверинглар. Сизларга мендан рухсат. Шу,  шу мана яралганига бир йилдан ошган бўлса,  Республикамизнинг турли бурчакларида шогирдларим томонидан тўй ҳашамларида икки ёки уч марталаб айтиб келинаётганига гувоҳмиз  ва бундан фақат хурсанд бўламан. Мени ўзим тўйларда битта ашулани икки марта қайтармаганман. Гоҳида «лазги»ни икки марта айтган бўлишим мумкин,  унда ҳам фақат сўзларини ўзгартирган ҳолда. Аммо “Хиваки”ни халқ талаб қилади,  гоҳида 5-6 марталаб айтган пайтларим ҳам бўлган.
-Ҳофиз сўзинг буюклигини,улуғлигини сиз қандай таърифлаган бўлар эдингиз.
-Ҳофиз деган сўз энг улуғ каломдир.Бунинг юкини кўтариб юриш,номини оқлаш қийин.Буюк деган сўз ҳам залворлидир. Бу- юк. Шу сўзни кўтариб билган одамнинг зиммасига юкланади,  бу сўз. Агар инсон шу сўзни оқлай олсагина ўшанда у буюк бўлади. Ҳофиз киши хушовоз бўлиши керак. Ҳадис илмини, ҳикматларни,  шеърият жанрларини мукаммал билиши керак. Кўп китоб ўқиган бўлиши керак. Улуғ устозларимизнинг ижодлари билан таниш  бўлиши  лозим бўлади.  Алишер Навоий, Огаҳий, Маҳтумқули, Бобораҳим Машраб, Ҳадис илмининг пиру комиллари-Имом Исмоил ал Бухорий, Ат-Термизий каби бобоколонларимизнинг асарларини ҳар куни ўқиш даркор. Хулоса шуки туб маънода маърифатли, зиёли  инсонгина ҳақиқий  ҳофиз даражасига эришиши мумкин.
-Санъаткорлик одоби ҳақида фикрингиз. Бугунги тўйларимизда ҳизмат қилаётган шогирд санъаткорларга ўгит ва маслаҳатларингиз.
-Баъзилар бир икки қўшиқ айтиб, ўзига бино қўйиб, юлдузлик касалига мутбало бўладилар.  Мен уларга қарата санъаткорнинг оёғи ердан узилиши, халкнинг назаридан қолишига олиб келади . Ахир биз бор йўғи халқнинг хизматкоримизку. Тўйларида,  яхши кунларида бориб хизмат қиламиз. Агар санъаткор ўзини касбини севса, касбини фидойиси бўлса, халқнинг олдида ҳалол ҳизмат қилса ,албатта у санъаткорга  халқнинг ўзи  муносиб баҳосини беради.  Энди тўйларда  ҳар хил  “ярим ялонғоч” қўшиқларни куйлайдиган, ҳар нарсани қўшиқ деб айтаверадиган “санъаткорлар” ҳам борки уларни эшитадиган одамларнинг савияси шу ашулани айтиб турган санъаткорни савияси билан тенг. Ашулани тинглаб билиш ҳам бир санъатдир.Бундай  “санъаткорлар” ҳам, уни тингловчилари  ҳам,
«Мушкин қошингни ҳайъати ул чашми жаллод устина,
Қатлим учун нас келтирур нун елтибон сод устина.»
каби қўшиқларни “ҳазм”қилолмайди.
Ёки Алишер Навоийда шундай мисралар бор:
«Эл нетиб топгай мениким мен ўзимни топмасам.»
Бағоятда топиб айтилган пурмаъно сўзлар.Ахир сен ўзингни ким эканлигинги билмасанг,эл сени қандай топсин. Ана шу нуқтаи назардан олиб қараганда баъзи бир “ҳофиз”ларни бу буюк сўзга лойиқ эмас деб биламан.
Санъат мукамалликни талаб этади. Шу даргоҳга қадам қўйдингми,  касбингга меҳрли бўл, уни мукамал ўрганишга кириш. Халқнинг олдига хом хатала, чалама чакки,бўлар бўлмаса қўшиқларни айтиб чиқма. Хоразмда Бодил деган шоир (Болта Давлатов)ўтган. Унда шундай мисрлар бор:
«Кимки бўлмиш ўз ишида хийлагар,
Унда йўқ инсонликдин асло асар».
Ҳақиқатда ҳам кимки ўз ишига ҳийла билан қараса у одам эмас.Ҳар бир ишни қайси касб бўлишидан қаътий назар мукаммал бажаришга интилиш  керак.


-Уста кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар деган гап бор халкимизда.Шогирдларингиз ҳақида фикрларинингиз.Улардан кўнглингиз тўладими?
-Шогирдларим жуда кўп.Улар Республикамизнинг ҳамма вилоятларида ҳам бор. Баъзи бирларини танисам баъзиларини танимайман ҳам. Чунки ижодимга ихлос қўйиб, уни ўрганиб менинг йўлимда қўшиқ куйлайдиган, ғойибона шогирдларим ҳам анчагина. Аммо ёнимга келиб қўл бериб, ўқиб ўрганадиган шогирдларим ҳам кўп. Масалан Азамат Отажонов, ака-ука Ғуломжон ва Ғофуржон Эшчоновлар, Муродбек Қиличев, Тўлқинбек Жабборов, Оғабек Собиров,  консерваторияда мендан сабоқ олган Юлдуз Усмонова,  Абдулҳай Каримов,  Мариям Саттарова, Насиба Саттарова, Эркин Рўзиматов, Машраб Эрметов каби шогирдларим ҳам борки бугунги кунда халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб келишмоқда. Водийда,  Қашқадарёю  Сурхон воҳасида,  Самарқанду Бухорада ҳам шогирдларим кўп.Албатда мукаммал ижро қилиб,халқига ҳалол ҳизмат қилаётган  шогирдларимни ҳамма вақт ҳам қадрлайман.
-Оила улуғ даргоҳ мухлисларимизни оилангиз билан таништирсангиз
-Оилам унча катта эмас.Икки ўғил,икки нафар қизим бор. Бундай олиб қараганда ҳаммасидан “қутилган”ман. Ҳаммаси уйли жойлик ,олий маълумотли. Рафиқам Сайёра Алиева уй бекаси. Фарзандлар ,неварлар тарбияси билан банд. Қизларим Насиба ва Муштарий ҳукушунослик соҳасида ишлашади.Ўғилларимнинг иккаласи ҳам Камоладдин ва Мангубердилар банк соҳасида фаолият олиб боради.Улардан кўнглим тўқ .Мустақил диёримизнинг фаровонлиги  йўлида ўзларининг озми кўпми  ҳиссаларини қўшиб келишаётганидан хурсандман.                                           -Мухлисларингизга янги йил арафасидаги тилакларингиз     -Авваламбор, мен мени шу даражага етишимга сабабчи бўлган ҳалқимизга доимо таъзим қиламан.  Янги йил Илойим юртимизнинг ҳар бир хонадонига тўкин -сочинлик, файз — барака, тотувлик олиб келсин.  Осмонимиз мусоффо бўлсин. 2018 ЙИЛ «ФАОЛ ТАДБИРКОРЛАР, ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР ВА ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР йили» дея номланган 2018 йилда тадбиркорларимиз кўпайсин, ҳалқимизнинг иқтисоди кўтарилаверсин. Биз санъаткорлар ҳалқимизнинг  тўй тантаналарида хизмат қилишдан бўшамайлик!

-Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, сизни ва оилангизни ҳам кириб келаётган янги йил билан муборакбод қилиб, сизга ижодий зафарлар ва соғлик тилаб қоламиз!
Болтабой Муҳаммад Қурбон суҳбатлашди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *