Дўппи флешмобидан кейин

Яқинда дўппи флешмоби ўтказилди. Жуда хурсанд бўлдим. Ҳартугул ҳеч дўппи киймайдиганлар ҳам акция баҳона уни кийиб расмга тушди. Акция фақат мотам кунлари кийилиб, аза рамзига айланиб қолаёзган дўппини «қутқариш» сари ташланган биринчи катта қадам бўлди менимча. Уни давом эттириш ёки дўппини тарғиб қилиш бўйича янги, бошқача акцияларни ўтказиш орқали миллий бош кийимимизнинг оммалашишига, ҳаётга «қайтишига» ҳисса қўшилган бўларди. Лекин флешмоб давомида менга бир жиҳат унча маъқул келмади, аниқроғи озгина ғашимни келтирди. Айримлар дўппига қараб: бу фалон жойники, бу пистон шаҳарники, деб уни дўппига жуда тор доирада баҳо беришга ўтиб кетди…

Мен – жиззахликман. Жиззахда деярли барча вилоятдан келган одамлар яшайди. Бу вилоятнинг миллий дўпписи борлигини билмайман ва дўппиларни кўринишига қараб қайси ҳудудга хослигини ажрата олмайман. Менга ўхшаганлар бошқа вилоятларда ҳам кўп бўлса керак. Ва қачондир дўппи кийиб юришни хоҳласам, менга Марғилонликмисиз, Тошкентданмисиз ёки Қашқадарёдан келганмисиз, деб савол беришларини истамайман, шунчаки «ўзбек экансиз», десалар бўлгани. Шунинг учун нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёдаги ўзбеклар учун нейтрал, барчага хос дўппи намунаси ишлаб чиқилса яхши бўлар эди деб ўйлайман.

Шу ҳақда фикрларимни ёзар эканман, дўппи тўғрисидаги маълумотларни қидириб ўқидим. Айрим кенг оммалашган дўппи намунлари ўтган асрнинг 20-50-йилларида ишлаб чиқилган экан. Бугун ҳам дўппи мавзусини «жонлантириб», унинг умумий, ягона концепциясини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш орқали урфга киритиш мумкин, деб ўйлайман. Муҳими тушунтириш ишлари тўғри олиб борилса ва юзага келган талаб ўз вақтида қондирилса бас.

Санжар Саид

Фото: Marcopolo.uz

2 комментария

  1. Яхши фикрлар билдирилган, лекин дўппиларни бир намунага келтиришни унчалик ёқламайман. Дўппиларнинг хилма хиллиги умуммий миллий-маданий бойлигимизнинг бойлгини билдиради. Дўппиларнинг хилма хиллиги одамларни худудларга бўлинишини ва табақаланишни келтириб чиқаради деб ўйламайман. Хар ҳолда бундай кайфиятдаги одамларни кўрмаганман. Кўпинча вилоят марказларидаги Жомеларда турли хилдаги дўппиларимизни кўриш мумкин ва меҳмонлар экан деган фикр келади.
    Халқаро миқёсда шундай ҳам дўппингизни кўриб «Ўзбек экан» дейдилар ёки қизиқиб сўрайдилар. Лекин мамлакат ичида миллий кийимларнинг хилма хиллиги хавотирли холат эмас ва бу ҳар бир мамлакатда кузатиладиган ҳолат.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *