Дониёрбек Каримов: Ёшлар Иттифоқининг танлаган йўли тўғри эмас

Ёшлар иттифоқини ташкил этилганига хам мана бир неча ойлар бўлди. Ташкилотни кузатиш натижасида у хақида турли хил фикрлар, танқидлар ва ижобий сўзлар янграяпти. Мен хам айни шу иттифоққа аъзо бўлган ва унда фаолият олиб бораётган ёшларга тенгдош, зиёли фуқаро сифатида иттифоқ хақидаги баъзи фикрларимни баён этишга қарор қилдим.

Менимча  5-6 та фаол ёшларни тўплаб тадбир ўтказиш, қайсидир хештегни трендга олиб чиқиш билан иш битмайди. Бундай катта имтиёзлар билан анчагина катта кучга айланса бўлади (Президентнинг бу ташкилотдан кутгани хам шу бўлса керак аслида).

Ёшлар орасидаги каттароқ кўламдаги муаммоларни ҳал етишга эътибор қаратиш керак. Фақатгина овоз бериш чоғида қўл кўтаришу, кимдир гапирганда қарсак чалишдан бошқасига ярамайдиган бир гала чаласаводни тўплаб олгандан кўра, ёшларни орасидаги хақиқий ватанпарвар, шу кунгача ҳам илмий, ҳам ақлий салохияти билан бир қатор ютуқларга эришган ёшларни жалб қилиш керак ташкилотга. Шундайлар айни дамда иттифоққа аъзо бўлган 20 та бекорчидан кўра фойдалироқ бўлади.

Ҳар ой бошида қилинадиган ишлар ва олдинга қўйилган КОНКРЕТ вазифалар хақида ОАВда чиқиш қилиб, ой охирида шу ишларни қанчаси амалга ошгани ва қанча қисми нима сабабга кўра қилинмай қолгани хақида ҳисобот бериши керак. Мактаблардаги, коллеж, институтлардаги таълим тизимига янгилик олиб кириши мумкин бўлган фикр ва ғояларни молиялашириш ва ғояларнинг эгаларига шу ишларни амалга тадбиқ қилиш учун барча имкониятни, бюрократик, молиявий, қонуний, ва ҳоказо яратиб беришга бош қош бўлиши керак.

Қайсидир кам таъминланган оилани зиёрат қилиш яхши,  аммо ўша маблағни, кучни таълим соҳасини ислоҳ  қилишга қаратилса кейинги 20 йилда зиёрат қилинадиган «кам таъминланган оилалар» сони кескин камайишига шубҳа йўқ.

Ташкилот танқидни кўтаришни ўрганиши керак. Ташкилотга аъзолик бу амал эмас, шунчаки маъсулият. Бу дегани хоҳлаган одамини хоҳлаган жойида танқид, хақорат қилиш дегани эмас. Аксинча берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш шарт. Бир яхши гап бор: Агар фақатгина меҳнат муваффақият келтирганда эшшак ўрмон қироли бўларди. Шу сабабли хам ақл билан иш юритиш керак.

Аслида таълим соҳасини ислоҳ қилиш учун «Америка очиш хам шарт эмас».  Дунёда эталон бўлишга арзийдиган давлатлар тўлиб ётибди. Финландия, Швеция, Германия, Корея, АҚШ, Япония ва ҳоказо давлатларнинг таълим тизими қандай қилиб ҳозирги муваффақиятга эришгани ҳақида маълумотлар,  қўлланмаю китобларни керагидан ортиғи билан топиш мумкин.  Шуларни ўрганиш, тадбиқ қилиш учун лойиҳага айлантириш ва уни қонунга киритиш учун қонун қабул қилувчи органларга олиб кириш керак. Буни қандай қилишни эса иттифоқ таркибидаги  депутат ёки қонунчилик соҳасида ўқиётган талабалар мендан яхшироқ билишади.  Чунки дунёда қайси мамлакат муваффақиятга эришган бўлса албатта ортида кучли таълим тизими ётади.  «Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай» деб қанчалар тўғри сўзлаб кетганлар Бухорий бобомиз.  Боғча ва мактаблардан бошлашимиз керак ислоҳотни.  Ҳозирги замонавий дунёдаги энг қиммат ресурслардан  биттаси — бу интеллект. Таълим соҳасидаги ислоҳот деганда ўқитувчи ва мураббийларнинг ойликлари биринчи ўринда.

Бутун дунёдаги энг шарафли ва кўп маош тўланадиган икки соҳа — ўқитувчи ва шифокорлик бизда айни оқсаган соҳалар. Буларни ислоҳ қилиш учун қадам ба қадам ҳаракат қилиб бориш керак. Имкони бўлса кейинги 20 йилда хар қандай нишонланадиган байрамларни бекор қилиб, уларга кетадиган тайёргарлик, пул ва маблағларни фойдалироқ ўринга сарфлаш керак.

Мақтанчоқликни йиғиштиришимиз шарт. Биз четда юриб бошқа мамлакатлардаги шароит ва улар эришган ютуқлари ҳақида гапирсак баъзи бир «ватанпарвар ақллилар» бизни ХОИНЛИКда айблашади. Ўзимни бир дўстим бор Андижон-Тошкент-Бишкекдан бошқасини кўрмаган.  Ўзининг ҳаётини, ўзи кўрган Бишкекни бутун дунё деб тасаввур қилади. Менинг Дубайда кўрганларим хақидаги ҳикояларимни эшитгач  «бизга Анжан хам бўлаверади шунисига ҳам шукр» деб қўяди. Бундай дунёқарашдаги ёшлар эса бизда керагидан ортиқча топилади. Топаётган 3-4 сўм пул – улар учун дунёдаги бор бахт. Лекин 15 ёшли немис боласи стартап бошлаш учун идеа қилиб шу соҳада  ўзини ривожлантиришга ҳаракат қиляпти. 18 ёшли япон ёки ҳинд болалари Гарвардда ўқишяпти,  дунёни ўзгартириш учун интилишяпти. 5-6 соҳани жудаям яхши ўзлаштиришяпти. Улар ҳозирги кунда ўзларининг мутахассислиги бўлмаган соҳа бўйича ҳам биздаги «дипломли»ларга бемалол дарс берадиган  даражага етишган…

Ҳали иттифоқ ёш ташкилот,  уларнинг хам «суяги қотиб қолмасдан» мақтаниш ва қарсакбозликни йиғиштириб конкрет режа асосидаги амалий ишларга ўтиш керак менимча. Акс ҳолда кеч бўлади ва камолотдан фарқи қолмай қолади…

Ҳали айтиладиган гаплар жудаям кўп…

Бу ташкилот хақида биринчи марта фикр билдиряпман адашмасам, аввалари фақатгина сукут билан қабул қилаётгандим. Кўрайликчи буёғига иттифоқ вакиллари  ўзгадан чиққан ғояларни,  фикрларни қабул қилишга, қўллаб қувватлашга  тайёрми ёки ҳар доимгидек эски ҳаммом,  эски тос» деб яна ўзлари тутган йўлни зўр бериб оқлашга тушиб кетишадими…???

(мактуб таҳрирсиз эълон қилинди)

4 комментария

  1. эээ буларни калласи буса мактабда бало боми.хамма ешлар ишсизлар махалладаю.4синфларни кайерга ишга жойлашни хозирдан режалайдими еки.биттагина буш иш урнини банкдан сураб бералмаганам шулар.эссиз ойлик эссиз вакт эссиз ишонч эссиз…

  2. 777 raqamni 200 milionga avtomobiliga olaytogan akalar ish o’rinlarini yaratib yoshlarni ish bilan ta’minlashi mumkin, ammo bu vazifani «banklarga yuklash» juda to’gri.

  3. Biz chetdan turib, tashkilotning faoliyatiga baho berishimiz oson. Undan ko`ra shuncha takliflar, loyihalaringiz bo`lsa, keling siz-u biz shu tashkilotga a`zo bo`lib, ularga yordam beraylik. Chetdan kuzatib turgandan ko`ra, ularni ichiga kirib, o`zimizning fikrimizni, aniq loyihalarni ularga taklif sifatida olib chiqaylik. Shunda tashkilot ham, biz ham o`zimiz orzu qilgan jamiyatni barpo etishda o`zimizning hissamizni qo`shgan bo`lar edik

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *