Дониёр Рўзметов: Ўзбекистонда адолатни “СУПЕРМЕН”лар эмас, давлат ўрнатади.

Яқинда дунё матбуотида бир хабар тарқалди. Афғонистонда бир аёл эри йўқлигида дўконга савдо қилиш учун кирган экан. Ўша ерда бўлган “эркаклар” аёлнинг дўконга эрисиз кирганлигини гуноҳ деб топибдилар ва ўзлари уни ўлим жазосига маҳкум қилиб, ўша ерда бечора аёлни бошидан жудо қилибдилар.
Аввалроқ ҳам Афғонистондаги шунга ўхшаш бошқа бир воқеанинг видеолари тарқалиб кетган эди. Бир аёлни Қуръон китобини ёққанликда айблайдилар ва ўша маҳалланинг одамлари (асосан эркаклар) бориб аёлни вахшийларча уриб, охири уни ёқиб юборадилар. Видеодаги вахшийлик саҳналари шунчалар ноинсонийки, уни кўрган одамнинг юраклари қон бўлиб кетади. Кейинчалик видео тарқалиб кетгач, маҳаллий полиция воқеани ўрганиб чиққач, ёқиб юборилган аёл ноҳақ айбланган эканлигини ва бунинг устига унинг руҳий касал эканлигини аниқлайди. Бу дегани, қутуриб, кўзлари қонга тўлган мутаассиб оломон эхтиросларини жиловлай олмасдан бир бегуноҳ инсонни вахшийларча ўлдириб юборди.
Афғонистондаги бу ва бу каби воқеаларнинг юз беришига асосий сабаб у ерда қонунларнинг устивор эмаслиги ва давлат ўз ҳудудларида адолат ўрната олмаганлигидир …
… Ғарб давлатларини кимдир яхши кўради, яна кимдир ёмон кўради. Бу ҳар кимнинг ўзининг шахсий иши. Лекин бир соҳада Ғарбнинг инсонлари (оддий халқни назарда тутяпман) сиёсий ва ҳуқуқий онг ҳамда қонунчилик маданияти борасида бизнинг инсонлардан анча илгарилаб кетганлар. Уларда ҳам аҳмоқлар, жиноятчилар, безорилар ва ҳоказолар бор. Лекин Ғарбнинг инсонлари ўзбошимчалик билан ўзлари ҳукм чиқаравермасликлари кераклигини ва қонун бузилиш ҳолатлари юз берганида жиноятни аниқлаш, жиноятчини тутиш, уни суд қилиш ва суд қарорини ижро қилиш фақат давлат органлари томонидан амалга оширилишини яхши биладилар.
Масалан, ғарбда сиз бирон дўконда кассир бўлиб ишлайсиз. Битта ўғри дўконга бостириб кирдида, сизга “Кассадаги бор пулни менга узат” деди. Сиз эркак кишисиз, кучлисиз, ҳоҳласангиз ўғрини бир уриб йиқитишингиз ва қилган ишига пушаймон қилдиришингиз мумкин. Дейлик, сиз шундай ҳам қилдингиз. Инсоний ва китобий нуқтаи назардан, сизнинг қилган ишингиз қаҳрамонлик ҳисобланади. Сиз бир муттаҳамни ўзининг разил мақсадини амалга оширишига йўл қўймадингиз ва дўконнинг пулларини асраб қолдингиз.
Энди масалага ҳуқуқий ва реал нуқтаи назардан қараб кўрамиз. Биринчидан сиз полициячи эмассиз ва сиз полициялик касбини билмайсиз. Ва полиция ҳодимларида бор ҳуқуқлар сизда йўқ. Сиз амалга оширган иш, яъни ўғрини бир уриб йиқитиш қонун доирасидан чиқиб кетиши мумкин. Масалан полиция нима қилишни яхши билади. Сиз эса нотўғри ҳаракатлар қилиб, ўғрини ўлдириб қўйишингиз мумкин. Агар шундай бўлса, қонун сизни аяб ўтирмайди.
Иккинчидан, сиз кассирсиз ва сизга кассирлик учун маош тўланади. Дўконнинг қоровуллиги ёки посбонлик учун сизга бир тийин тўланмайди. Яъни ўғрини уриб йиқитиш учун сизда на касбий, на мантиқий асос бор.
Учинчидан, мобадо ўғри сиздан кучли чиқиб қолсачи? Ўғрининг ёнида пичоқ ёки тўппонча бўлса ва у сизни отиб ташласачи? Битта сизни эмас, сизнинг ножўя ҳаракатингизнинг оқибатида дўкондаги бошқа одамларни ҳам отиб ташласачи? Сиз аҳмоқларча ўзингизнинг ва ўзгаларнинг ҳаётингизни хавф остига қўйган бўлмайсизми?
Мана шундай сабабларга кўра, Ғарбда бундай ҳолат юз берганида, сиздан ўғрининг буйруғини сўзсиз бажариш, унинг жаҳлини чиқармаслик ва у нимани сўраса бериб юбориш сўралади. Ўғри ва ўғрилик билан полиция, прокуратура, адвокатлар ва судялар шуғулланадилар. Қаҳрамонлик кўрсатиш учун сизда қонуний ҳуқуқ йўқ бўлади. Чунки, Супермен, Ўргимчак одам кабилар асосан киноларда бўлади…
… Фейсбук ижтимоий тармоғида битта видео тарқалиб кетди. Видеода гапираётган инсонларнинг гапларига қараганда воқеа Андижонда юз берган. Унда Қорбобо кийимидаги бир йигит ва Қорқиз деб таҳмин қилиш мумкин бўлган кийимда яна бир йигит йўл четида юриб бормоқда. “Қорқиз”нинг кийим келин либоси билан бир хил бўлганлиги сабабли, ўша ердаги “эркаклар” юзларини қиз боладай бўяб олган ва келинлик либосида бўлган йигитни “бесоқолбоз” деб гумон қилиб, уни ҳақоратлаб сўроқламоқдалар ва борган сари уни уриб, ҳайдамоқдалар.
Мен видеодаги “Суперменлар”дан фарқли равишда Қорқизнинг бесоқолбоз ёки бесоқолбоз эмаслигини муҳокама қилмоқчи эмасман. Менга ўша ҳолатнинг ҳуқуқий томонлари қизиқ. Чунки, мен Ўзбекистонда қонун устиворлигининг ҳамда юртимизда адолатни “супермен”лар эмас, қонун посбонлари ва тегишли органлар ўрнатишининг тарафдориман.
1. Билишимча, Ўзбекистон қонунлари Қорқиз кийимини ёки келинлик либосини кийишни ҳеч кимга, жумладан эркакларга ҳам тақиқламаган. Масалан, байрамларда, конқертларда санъаткорлар ва артистлар аёлларнинг кийимларини кийаверадилар. Видеодаги йигитларни ҳам янги йил муносабати билан Қорбобо ва Қорқиз бўлиб безаниб олишган деб таҳмин қилишимиз мумкин. Мобадо, улар янги йил учун эмас, бошқа сабабларга кўра кийинган бўлганларида ҳам, қонунларимиз буни уларга тақиқламаган бўлар эди.
2. Ҳуқуқий демократик давлатда исбот ва асос бўлмаса, бировни айблаб, ҳукм чиқариб, жазолашга киришилмайди. Видеодаги йигитлар “Қорқиз”нинг бесоқолбозлик қиланлигини эканлигини исботлаб бера олармиканлар? Чунки ҳар бир инсон ўзича бировни бир нарса деб ўйласа ва шу асосда жазолашга киришаверадиган бўлса, давлатимизнинг аҳволини тасаввур қилаверинг.
“Қорқиз” балки бесоқолбоздир, балки бесоқолбоз эмасдир. Бу унинг муаммоси. Агар ўғри ўғрилик қилмаса, уни ўғри бўлганлиги учун қамай олмайсиз. У қачон ўғрилик қилса, ана ўшандагина уни қилган иши учун жазолаш мумкин. Ўшандаям, буни фақат тегишли давлат органлари амалга оширади. Бесоқолбозлик ҳам худди шундай. Қачонки “Қорқиз”нинг бесоқолбозлик қилганлиги исботланса, уни судга бериш (уриш эмас) мумкин бўлади. Ва суд унга қонунларга биноан ҳукм чиқариб, жазо қўллайди.
Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 120-моддасига кўра, “Бесоқолбозлик — эркакнинг эркак билан зўрлик ишлатмасдан жинсий эҳтиёжини қондириши”дир. Видеода “Қорқиз” бошқа бир эркак киши билан жинсий эҳтиёжини қондирганми? Жавоби оддий : йўқ, видеода “Қорқиз”нинг бесоқолбозлик қилганлигига исбот йўқ.
3. Видеодаги “Супермен”лар ўзларининг ҳатти-ҳаракатлари билан давлатимизнинг қонунларини бузганликларини алоҳида қайд этиш керак. Биринчидан улар давлатимизни ва органларимизни тан олмасдан ўзларича “адолат ўрнатиш”нинг ҳаракатидалар. Иккинчидан, улар айби исботланмаган инсонларни уриб, ҳақоратлаб, безорилик қилмоқдалар. Шу маънода уларнинг қилайтган ишларини Афғонистонда аёлни ёқиб юборган жиноятчиларнинг қилмишлари шаклан қиёслаш мумкин. Учинчидан, улар маҳаллийчилик қилиб, ўзга вилоятнинг шаънига бўлмағур гапларни айтмоқдалар.
Ўзбекистонда, ўғрилик юз берадими, қотиллик юз берадими, бесоқолбозлик ёки фоҳишабозлик юз берадими, ҲЕЧ КИМНИНГ ЎЗИЧА ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҲУКМ ЧИҚАРИШГА ВА УНИ ИЖРО ЭТИШГА ҲАҚҚИ ЙЎҚ! Жуда адолатпарвар бўлса, қонунбузарлик юзасидан милицияга хабар бериш ва тегишли маълумотларни тақдим этиш керак.
Менимча, тегишли органларимиз видеодаги юзлари тасвирга тушган “Супермен”ларни топиб, уларга нисбатан қонунларимизга биноан тегишли чораларни қўллаши керак. Зора, келажакда юртимиздаги бошқа суперменлар ақлларини йиғиштириб олсалар…
… Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга кикритганига энди 25 йил тўлди. Бу давр инсонларнинг ҳуқуқий онг ва савиялари ривожланиши учун етарли бўлмаганлигини “Қорқиз” воқеаси кўрсатиб турибди. Худога шукурки, Ўзбекистонда давлат ўз вазифасини бажаради ва қонунларнинг учтиворлигини назорат қилади. Лекин барибир, халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини ривожлантириш йўлидаги ишларни давом эттиришимиз керак. Ана шунда, юртимиздаги “Суперменлар” ўз-ўзидан йўқолиб, уларнинг ўрнини ақлли ва фаросатли инсонлар эгаллайдилар!
(Ушбу мақола  таҳрирсиз ва тузатишларсиз Дониёр Рўзметовнинг фейсбукдаги саҳифасидан кўчириб босилди)

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *