Дониёр Рўзметов: Президент гапирса, кўзлар очилади!

Бир неча кун  «Водий билан Тошкент ўртасидаги пост» ҳакида ёзиб, муаммолар мавжудлигини айтганимизда,  айримлар сал кам  «Ватан хоини»га чиқариб,  «ўша ердаги қўпол муомала қиладиганлар хавфсизлигимизни сақлаяптилар, раҳмат дегин» деган маънода оғзимизга урган эдилар.

Бугун бу муаммонинг мавжудлигини президентимиз айтгач, у ҳакикатдан ҳам мавжуд бўлиб қолди.  Бизнинг оғзимизга урганларнинг эндиги фикрлари менга қизик бўляпти.

Бир пайтлар «Нотариуслар» ҳакидаги мақоласи учун Жамшид Ниёзовга қанча дакки берганлари ёдимда.  Энди буниям президент айтгач, ҳамма муаммонинг мавжуд эканлигини кўриб қолди.

Ҳозирда Тошкентдаги прописка муаммоси,  вилоятликларга муомала ва муносабат муаммосини ҳам кўпчилик кўриб кўрмаганликка оляпди.  Ажабмас, бир кун келиб президент бу муаммо ҳакида ҳам гапирса,  бирданига айрим амалдорларнинг кўзлари очилиб,  бу  кимларнидир камситилиши  муаммосини   кўра бошласалар, ажабмас!

Илгари «Подшонинг қадами етган жойлар обод бўлиб кетади» деб айтганларини эшитганман. Эндиликда кўпчилигимиз президент гапирса, кўзлар очилиб, кўринмаган муаммолар кўриниб кетаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Президентимизнинг бошлари омон бўлсин!   Юртимизнинг  равнақи ва халқимизнинг фаровонлиги учун ўз олдига қўйган эзгу ниятлари рўёбга чиқаверсин!

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *