ДОНИЁР РЎЗМЕТОВ: «Мингтаям шоғол бўладими?»

«Азал-азалдан шарқона менталитетимизга, ўзбекона иффатимизга, ор-номусимизга бутун дунё ҳавас қилиб келган. Биз, аслида, «оммавий маданият»  аталмиш жаҳолат тузоғига илинган ва ўзлигини йўқотиб бораётган Европадан маданиятимиз, маънавиятимиз билан фарқ қиламиз.»

Шунақа жумлаларни кўрганда «Мингтаям  шоғол бўладими?» деган хоразмча ибора эсимга тушади. Ўзимизни яхши кўришимиз керак, инкор этмайман. Озгина муболаға , бўрттирма қилишга ҳам ҳақлидирмиз.  Майли, бу йўлда ўзгаларнинг маданиятлари ва ҳаёт тарзларини атайлабдан озгина «ерга уришимиз»га ҳам тўғри келишида тушиниш  мумкин.

Лекин «Бизга БУТУН ДУНЁ ҳавас қилиб келган», «Жаҳолат тузоғига илинган ва ўзлигини йўқотиб бораётган» деган жумлаларни ишлатишга бало борми?  Бўрттиришнинг ҳам чегараси бордир! Бутун дунё эмас, бир-икки давлат нарига чиқсак бизни ҳеч ким танимаганлигидан ва бизни «Ус-Пакистан» деб айтаверганларидан, бизлар ўзимизни зўрга танитишга ҳаракат қилиб ётибмизу (Европа ва Америкадаги кўпчилик ватандошларимиз бу гапларимизни тасдиқлашар) , бунчалик керилиш нимага ва кимга  керак?  Миллат, ўзлик деган тушунчаларнинг нима эканлигини билиб билмай,  уларнинг илмий моҳиятлари ҳакида тўлиқ тасаввурга эга бўлмай туриб,  шўролар замонида   турли  миллатларга ажратилган туркийлар ( ҳамон буюк аждодларини бўлиша олмай, бир биридан устунлиги ва қадимийлигини исботлашга уринаётган)  миллатларнинг ўзлиги ҳақидаги баландпарвоз гаплардан наф борми?

Янглишмасам, биз ўзбекларнинг (туркийларнинг)  менталитетимизда, маданиятимизда «камтарлик», «холислик», «ўзгага ҳурмат» сингари фазилатлар ҳам бор эди чамамда ?

Шу боисдан  мана шундай нохолисона мақтовлар  ва  бемаъни  популистик  жумлалар билан мақолалар ёзадиганларга қарата хоразмча дангаллик билан «Бир шоғол кўрдим,  икки шоғол кўрдим, майли 10 та шоғол кўрдим дегин, лекин мингтаям шоғол бўладими?» дегим келади!

Ўзини ҳадеб ҳуда беҳуда  мақташ,  ўз камчиликларини кўришни истамаган халқ тараққиётга эмас емирилишга  юз тутганлигинти қачон англар эканмиз?

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *