Дониёр Рўзметов: Миллатчилик — давлатнинг оёғига уриладиган болтадир !

Бир кун келиб Америка Қўшма Штатлари деган давлат Ер юзидан йўқ бўлиб кетишини тасаввур қила оласизми ? Хитой, Россия, Франция ёки Англия каби  йирик давлатларни дунё харитасидан ўчиб кетишиничи?  Мен тасаввур қила оламан ! Буларнинг барчаси бўлиши мумкин бўлган ҳодисалардир !

Тўғри, бир қарашда бу давлатлар дунё турганча турадигандай тасаввур пайдо қилади. Чунки бу бешта давлат “дунё”нинг калити бўлмиш БМТнинг ҳавфсизлик кенгашининг “Вето” ҳуқуқини ўзларида ушлаб турадилар. Уларнинг барчаси, айниқса АҚШ, Россия ва Хитой ҳарбий жиҳатдан бошқалардан анча илгарилаб кетганларки, уларни ҳарбий йўқ қилишнинг имкониятлари деярли нол фоизга яқин. Ҳудуд, аҳоли сони, иқтидоий бойликлар ва бошқа жиҳатлар бўйича ҳам шу давлатлар рўйхатларнинг бошида келаверадилар. Яъни уларни на сиёсий, на иқтисодий ва на ҳарбий томондан енгишнинг деярли иложи йўқдек.

Тарих гувоҳ, қадимда “ҳеч қачон йўқ бўлмаса керак” деб ишонилган қудратли империялар, жумладан Рим империяси, Мўғуллар империяси, Темурийлар империяси, Усмонийлар империяси, Бобурийлар империяси ва яқин тарихда собиқ Совет Иттифоқи  таназзулга юз тутиб ер юзидан йўқ бўлиб кетди.  Уларнинг деярли барчаси ўз ичларидан емирилиш натижасида йўқ бўлганлар. Шу боисдан ҳам  давлат  учун энг катта хавф бу унинг ўз ичидан емирилишидир.   Албатта бу емирилиш ташқаридан туриб ташкиллаштирилиши мумкин, лекин асосийси ушбу емиришлар давлатнинг ўз ичида юз беради.

Ҳар бир давлатда, жумладан Хитой ва АҚШда ҳам “нозик нуқта”лар бор бўлади. Масалан Хитой давлати учун “Шаркий Туркистон” ва “Тибет” масалалари энг хавотирли парчаланиш нуқтаси бўлиши мумкин. Оқ танли ва қора танли аҳоли, испан тилли ва ингиз тилли аҳолиларнинг ўрталаридаги муносабатлар АҚШ давлатининг йўқолиб кетишига сабабчи бўлиши мумкин бўлган омиллар ҳисобланади. Давлатлар маълум ҳудуддаги муайян аҳоли вакилларининг йиғиндиси (биргаликда истиқомат қилувчи) асосида қурилганлиги ҳисобга олинса, мазкур халқларнинг ўрталарида низоларнинг келиб чиқиши, уларнинг бир-бирларидан қўрқишлари, бир-бирларини ёмон кўришлари ва уларнинг бирга яшашни ҳоҳламай қолишлари давлатларнинг ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетишларига олиб келиши мумкин…

… Сиёсатнинг отаси бўлмиш Макиавелча муғобмирлик билан айтганда ҳокимиятни қўлга киритиш учун ўзга давлатларни йўқ қилиб юборишнинг уят жойи йўқ. Шу сабабдан, АҚШ Россияда яшовчи турли-туман миллатларни русларга қарши қайрашга интилиши, Россия эса АҚШдаги испан тиллилар ва инглиз тиллилар ўртасидаги “бўлинишлар”ни қўллаш мақсадида Доналд Трамп номзодини президентликка келишига умид қилиши табиий ҳол ҳисобланади. Аммо Украина, Қирғизистон, Ироқ, Сурия ва Ливан каби давлатларда миллатлар ёки бошқа қатламлар орасида юўлинишнинг юзага келиши камида давлат тўнтарилиши ва қирғинбаротлар билан тугаши мумкин. Ушбу давлатларда манфаатдор кучлар имкон топилганида “нозик нуқталар”ни топиб, ўзаро келишмай қолишлари мумкин халқларнинг ўрталарида низоларни келтириб чиқаришга эришдилар ва бунинг оқибатларидан барчамизнинг хабаримиз бор.

Масалан ҳозирда ҳеч ким Украина, Сурия, Ироқ ёки Сомалия ўзларининг олдинги “давлат” кўринишларига кела олишларига кафолат бера олмайди. Украина аллақачон Қримдан айрилиб бўлди ва агар вазият шундай давом этадиган бўлса, келажакда бошқа ҳудудларидан ҳам айрилиб қолиши мумкин. Сурия ва Ироқ давлатлари яқин йилларда парчаланиб кетмайди ва жумладан у ерда “Қурдлар давлати” юзага келмайди деб ҳеч ким айта олмайди. Қўшни Қирғизистон ҳам бир пайтлар “учинчи кучлар”нинг фитналарига учиб, миллатлараро қирғинбаротларни ўз бошидан кечирганлигидан барчамизнинг хабаримиз бор. Ўша пайтда бизнинг биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг оқилона қарорлари бўлмаганида ҳозирда Қирғизистон давлати мавжуд бўлмаган бўлиши мумкин эди…

… Ҳозирги Ўзбекистон давлати ҳудудлари қадим замонлардан бери “дунёнинг маркази”да жойлашган бўлиб (Автралия ва Америка қитъаларининг кеч кашф қилинганлиги ва Африка қитъасида цивилизациялар кечроқ тараққий этганлиги ҳисобга олинса, ҳозирги Ўзбекистон Европа ва Осиёдан иборат дунёнинг марказида жойлашган),  бу ерда минг йиллар давомида саклар, массагетлар, хоразмийлар, сўғдийлар, бақтрияликлар, форслар, греклар, яхудийлар, турклар, араблар, мўғуллар ва ҳоказолар яшаб кетма кет бир-бирларига аралашиб, сингиб кетганлар. Яқин 100 йилликнинг ўзида турли сабабларга кўра бу ҳудудларга руслар, немислар, корейслар, татарлар ва ҳоказолар каби 100 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари келиб ўрнашганлар.

20 асрга келиб, Ўзбекистон давлати ташкил топгач, унинг ичида яшовчи барча халқлар Ўзбекистонни ўзларига ватан тутганлар. Ҳозирда Ўзбекистонда ўзини “ўзбек” деб билувчи ҳар бир инсоннинг қонида юқорида санаб ўтилган миллат ва элатларларнинг қонлари бор. Яъни кўзи қисиқми, кўзи кўкми, қорачадан келган ёки сарғишми, жингалаксоч ёки силлиқсочми, ҳеч ким бир-биридан кам ёки ортиқ ўзбек эмас. Барча инсонлар “ўзбеклик”ка бир хилда даъво қилишлари мумкин ва ҳеч кимнинг бошқа бировга “сен ўзбек эмассан” дейишга ҳаққи йўқ.

Ундан кейин, Ўзбекистон конституциясига кўра давлатни миллати, ирқи, дини ёки динсизлиги, жинси ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар “Ўзбекистон фуқаролари”, яъни Ўзбекистонни ўзларига ватан деб билувчи, тенг ҳуқуқли Ўзбекистонликлар ташкил қиладилар.

Аслида турли миллат ва элатлар қон-қариндошлигининг аралашуви Ўзбекистоннинг асосий бойлиги ҳисобланади. Чунки Ўзбекистон давлатининг ривожи учун ҳар доим ўшанча сондаги ҳалқларнинг хусусиятлари муҳайё бўлади. Аммо Ўзбекистоннинг ушбу бойлигини унинг “парчаловчи нуқтаси”га айлартириш ҳавасида юрган кучлар кам эмас. Улар оммавий ахборот воситаларида очиқдан-очиқ ёки ижтимоий тармоқларда “троллар” ёрдамида “ўзбеклар” ва “бошқалар”ни бир-бирларига қайрашнинг ҳаракатида бўладилар…

… Баъзан ижтимоий тармоқларда айрим инсонларни ўзга миллатларни пастга урувчи пост ва изоҳлар ёзаётганликларини кўриб қоламиз (Бу барча миллат вакиллари ораларида бор). Табиийки, ундай мавзулар бир зумда жанжал ва миллатлараро ҳақоратларга тўлиб кетади. Шунда уларга “миллатчилик қилиш яхши эмас” деб эслатилса, улар ёш болага ўхшаб дарров бир-бирларини айблайдилар.

Шунинг учун мен уларнинг бирлари айбдор, бошқалари жабрдийдалар демайман. Билганим — миллатчилик қилишнинг оқибатлари яхшиликка олиб келмайди.

Биринчидан, агар ким ўзга миллатни ерга урган бўлса, у жуда аҳмоқ бўлади ёки жуда муғомбир бўлади. Агар у аҳмоқ бўладиган бўлса, аҳмоқ билан тенг аҳмоқ бўлиш керак эмас. Агар у муғомбир бўлиб, миллатлараро низо чиқариш мақсадида атайин шундай ёзаётган бўлса, у билан “жанг”га киришиш эмас, аксинча у билан суҳбатга тезда нуқта қўйиш керак. Акс ҳолда, сиз мақсадли “трол”ларнинг ўйинига ўйнай бошлаган бўласиз. Троллар баъзан Ўзбекистонликларни  ўзларидан ҳам яхши биладилар ва уларни гиж-гижлаш йўлларининг ҳадисини олган бўладилар. Шу сабабдан, агар етарлича билим ва савияга эга бўлинмаса, миллат ва миллатлар мавзуларига оид сиёсий ва мафкуравий суҳбатларга аралашмаган маъқул.

Иккинчидан, айрим инсонлар миллатчи руҳдаги фикрларини ёзиб, сўнгра “мен миллатчи эмас, ватанпарварман” деб “ватарпарварлик” сўзининг орқасига яширинадилар. У инсонлар миллатчи бўлмасликлари мумкин, аммо миллатчилик руҳида фикрлар ёзганларида (масалан “руслар ундай”, “қозоқлар бундай” тарзида) улар ўзларининг миллатчилик чегарасини босиб ўтганликларини билишлари керак. Зеро миллатчилик битта миллат вакилларининг ўзга миллат вакилларини ёмон кўриш ҳисобига ўз миллатларини ҳаддан зиёд “севишлари” асосига қурилган салбий туйғу ҳисобланади. Ватанпарварлик туйғуси эса, “миллат”га эмас, балки “ватан”га, яъни туғилган (ва тутинган) ер-ҳудудга нисбатан муҳаббат асосига қурилган ижобий туйғу ҳисобланади.

Ватанпарвар учун фақат ўз миллатининг эмас, балки ватанининг, жумладан ўз ДАВЛАТИнинг манфаатлари устун туради. Шу маънода, Ўзбекистон унда туғилиб ўсган ва/ёки уни ватан тутган барчанинг ватани ҳисобланади. Уларни миллатларга ажратиш керак эмас, аксинча Ўзбекистонлаги барча миллат вакиллари — ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ҳисобланадирлар! Миллатчилик қилиш эса, атайлаб қилинадими, билмасдан қилинадими, ўзгаларнинг манфаатларига хизмат қилиб, ўз давлатчилигимизнинг оёғига болта уриш ва уни ич-ичидан емирилишига сабаб бўлиши мумкин ! Ўзини ватанпарвар деб билган инсон ҳеч қачон ўз юртида миллатчилик қилинишига йўл қўймайди.

Шунинг учун барчамиз ўз суҳбатларимизда ҳар доим ҳушёр ва огоҳ бўлмоғимиз, амалларимизда эса бағрикенг ва масъулиятли бўлмоғимиз даркор. Яшасин бағрикенг ва кўпмиллатли ватанимиз — мустақил Ўзбекистонимиз!

 

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *