Дониёр Рўзметов: Марҳамат қилиб, навбатга туринг !  

 
Мен яқинда Остона шаҳрида бўлиб келдим. Остонага боришда ҳамда қайтишда Киев шаҳри орқали учдик ва Киевнинг аэропортида терминални алмаштириш учун навбатда туришимизга тўғри келди. Одам тумонат эди, чунки барча йўловчилар ишлаётган ягона назорат бўлимидан ўтишлари керак эди. Мен одатимга кўра олдиндан сўраб, кейин навбатга турдим. Бироздан кейин қарасам украиналик сайёҳлар бири у ёқдан, бири бу ёқдан келиб навбатсиз одамларнинг ораларига суқулиб кириб кетишга ҳаракат қилмокдалар. Навбатга кирмоқчи бўлмаганлари ҳам навбатнинг қатори қолиб ярим метр ўнгга ёки чапга туриб олиб, уларнинг орқаларида одамлар тизилиб, қаторларнинг сони уч-тўртта бўлиб, тартибсизлик юзага келишига сабабчи бўлмоқдалар. Ўзи азалдан тартибсизлик ва адолатсизликни ёмон кўраман. Шу сабабдан навбатга суқулганлар ва қаторларни бузганларни тартибга чақирдим. Шунда орага суқулган иккита украиналик эркак худди улар ҳақдай менга эътироз билдирдилар :
— Дустим, бу ер Украина. Бу ерда навбатга шундай турилади…
— Нима, Украинада маданият, тартиб ва ўзгаларга ҳурмат деган нарсалар йўқми ?
— Нимага йўқ бўларкан. Бор албатта. Бунинг устига фақат биздагина бундай эмас. Мен яқинда Грузияда бир ой яшаб келдим. Уларда ҳам одамлар навбатга худди мана шундай қилиб турар эканлар.
— Грузияда ҳам навбатга нотўғри турадиган бўлсалар, бу навбатга нотўғри туриш керак дегани бўлмайдику. Аксинча, бу дегани Грузияда ҳам навбатга нотўғри туришаркан дегани бўлади. Сиз ҳозир « Грузияда ҳам маданият, тартиб йўқ » деб айтмокдасиз.
— Украинада маданият бор. Сенга керакми шу навбат. Олақол навбатни.
— Мен сиздан марҳамат сўрамаяпман. Мен ўз навбатимда турибман. Сиз эса маданиятли одамлар каби ўз навбатингизга туринг. Чунки мен сизни барибир олдинга ўтказмайман…
— Мана турдим навбатга. Энди кўнглинг жойига тушдими ? — Ҳа жойига тушди. Раҳмат… !…
… Бир йили Париждан Тошкентга Санкт-Петербург орқали учишга тўғри келди. Санкт-Петербурггача яхши учиб бордик. Унгача ҳаммаси жойида эди. Тошкентга учишда эса самолётга асосан ватандошларимиз чиқдилар. Юртимизни, ватандошларимизни соғинганлигим сабабли уларни кўриб, кўзларим қувнаб кетди. Соғинч асносида уларнинг самолётга пала-партиш, тартибсиз чиқишларига ҳам унча эътибор қилмадим. Лекин самолётга чиққач, ватандошларимизнинг стюардессаларга муомалаларини ва стюардессаларнинг уларга нисбатан МУТАНОСИБ жавобларини кўриб, ўзимни ноқулай ҳис қила бошладим.
Ёнимда менинг ҳайратимни кузатиб ўтирган Андижонлик ака менга «Ука, ҳижолат бўлманг, бу Россия-Ўзбекистон рейсларидаги одатий ҳолат. Ҳали самолёт қўнганда нима бўлишини кўрасиз» деб қўйди. Мен «самолёт қўнганда нима бўлар экан ?» деб ўйлаган эдим, кейинчалик буни ҳам билиб олдим.
Хуллас, самолёт Тошкент халқаро аэропортига қўниши билан, ҳали юраётган самолётда ватандошларимиз ўрниларидан туриб олиб, тепада турган юкларини олиб тапир-тупур пастга қўя бошладилар. 10 сония ичида шундай тартибсизлик юзага келдики, стюардессаларнинг микрофон орқали «Хурматли йўловчилар, илтимос, самолёт тўхтамагунича ўринларингиздан турманглар, ўриндиқларга ўтириб, камарларингизни тақиб олинглар» деб қайта-қайта такрорлашларининг фойдаси бўлмади. Мен эса «самолётдан 5 дақиқа олдин чиқмаса бўлмайдиган» ватандошларимнинг барчаларини чиқариб юбориб, улардан кейин шошмасдан чиқдим. Чунки мен, ватанимизнинг жамолини шунча кутган одам сифатида уни яна беш дақиқа кўпроқ кута олишимга ишончим комил эди…
… Ҳозирга қадар бир неча бор ОВИР боришимга  тўғри келган ва келажакда ҳали яна кўп бор тўғри келса керак. ОВИР га  ҳужжатларни топшириш ва уни олгунча жараёнларнинг ичида оворагарчиликлар ва  тайёр ҳужжатларни  олиш учун кутишга кетадиган узоқ муддатдан ҳам кўра ҳужжат топшириш дарчаси олдидаги НАВБАТ мен учун энг ёқимсиз ҳолат ҳисобланади. Тўғри, бор йўғи биргина дарча ишлаётганлиги сабабли у ерда навбат ҳар доим катта, лекин мени навбатнинг катталиги эмас, балки одамларимизнинг навбатга туриш «маданият»лари  айниқса табимни  хира қилади.
Аввало у ердаги навбатни  аниқроқ қилиб навбатсизлик деб атасак тўғрироқ бўлади. Дарча олдида катта зал турибди. У ерда «илон изи» шаклида навбат қилинадиган бўлса бемалол 10-15 метрлик «илон» ясаса бўладиган жой бор. Лекин одамлар битта дарчанинг атрофини «ярим ой» шаклида ўраб олиб, 1-1.5 метр жойнинг ичига сиғган холда, бир-бирларини итариб, босиб, янчиб бор кучлари билан дарчага қараб интиладилар. У ерда аёл, эркак, қари, ёш деган гап йўқ. Барча иссиқдан терлаб кетган баданлари билан деярли қучоқлашган ҳолда соатлар давомида «навбат»га турадилар. У ерда ким кимнинг хотини, ким кимнинг эри ёки отаси, буни билиб бўлмайди.
Мен у ерга бориб одатимга кўра навбатга туриш учун «Охири ким ?» деб сўрасам менга «Бу ерда ҳамма биринчи» деб жавоб бердилар. Навбатга туриб бўлмагач, навбатнинг келишини ҳам билиб бўлмайди. Битта йўли одамларга ўхшаб «ким зўр бўлса, ўшанинг навбати» қабилида олдинга интилиш бўлади. Мен ҳали «Мени фалончи ака юбордилар» деб келиб навбатсиз ўтадиганларни айтмаяпман. Хуллас, мен ҳар сафар имкон қадар маданиятлироқ йўллар билан ҳужжатларимни топширишга ва паспортимни олишга ҳаракат қиламан. Тўғрисини айтишим керак, менинг ҳаракатларим ҳар доим ҳам самара беравермайди. Баъзан навбатимни келтириб олиш учун « жангу-жадаллар » олиб боришимга тўғри келган пайтлари ҳам бўлган.
Энг ачинарлиси, ОВИРдаги бу ҳолат Ўзбекистонда ягона ҳолат эмас. Шундай пайтларда «Бу ер Украина» деган украин йигитига  «Сен Ўзбекистонда навбатга туриб кўрмаган экансан» деб юборгинг келади…
… Бир пайтлар менга бир воқеани айтиб берган эдилар. Собиқ совет даврида Ўзбекистондаги қайсидир аэропортда одамлар навбатда турмасдан бир-бирларини босиб, самолётга чиқадиган трапни йиқитиб юборган эканлар. Шундан кейин руслар ва чет эллик меҳмонларнинг олдида уялтирмасликлари учун ўзбекларга алоҳида навбатлар ташкил қилган эканлар. Энг қизиғи бундай қилиб ажратганларидан кейин ҳам «Бошқа миллатлар»нинг навбатлари тартибли, ўзбекларнинг навбатлари эса бетартиб бўлишда давом этаверган экан…
 Бир қарашда НАВБАТ оддий, арзимас нарсадай туюлади. Лекин чуқурроқ таҳлил қилинадиган бўлса, навбат инсон психологиясидаги ва ижтимоий ҳаёт тарзидаги кўп нарсаларни англаб етишга ёрдам беради. Масалан навбатни таҳминан қўйидагича таърифлаш мумкин :
1. Навбат — онглилик, яъни инсонийлик белгисидир. Масалан хайвонлар ўйлаб, фаросатларини ишлатиб, навбатга тура олмайдилар. Уларда бунинг учун онг етишмайди. Ўйлаш, навбатнинг моҳиятини англаб етиш ва уни ижро этиш қобилияти фақат инсонларгагина берилган.
2. Навбат — маданият белгисидир. Онг қобилияти дунёдаги барча инсонларда бор. Лекин барча инсонлар ўзларининг бу қобилиятларини ишлатавермайдилар. Масалан, илгариги замонларда бизнинг ота-боболаримиз ўз онг ва билимларини ишлатган ҳолда, инсонларнинг ҳаётларини енгиллашитиришнинг мантиқий йўлларини ўйлаб топганлар. Буни даврлар ва ҳодисаларни «цивилизация», «маданият» ва шунга ўхшаш сўзлар билан атайдилар. Яъни навбатнинг фойдасини англаб етиш ва уни амалга тадбиқ эта олиш учун инсоннинг маданият даражаси етарлича бўлиши керак.
3. Навбат — тарбия ва ҳурмат белгисидир. Болаликдан «ўзингдан каттага жой бер», «каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўл» деб ўргатилади. Шу ва шунга ўхшаган ижобий одатлар инсонга тарбия орқали берилади ва бу одатлар инсонларнинг жамиятда биргаликда, ўзаро уйғунликда яшашларига имкон яратади. Навбат одоби ҳам инсонларга айнан тарбия орқали берилади. Шу сабабдан, навбатларда жисмонан ожиз инсонларга — болали оналар, кексалар ва ногиронларга йўл берадилар. Бу тоифага кирмайдиган инсонлар эса ўзаро ҳурмат ва интизом асосида навбатга турадилар.
4. Навбат — худбинликни жиловлай олиш белгисидир. Навбатда олдинга ўтиб кетишга интилиш ва бошқаларнинг манфаатларидан ўзиникини устун қўйиш истаги бу инсонларнинг худбинлик характерлари намоён бўлишининг энг содда ва ёрқин кўринишидир. Худбинлик характери ривожланиб, мураккаблашиб борган сари у порахўрлик, таниш-билишчилик, ўғрилик, бахиллик, ҳасад ва ҳоказо кўринишларга кириб бораверади. Яъни навбатда ўзгаларнинг устидан босиб ўтиб кетишга қодир бўлган инсонлар бунданда муҳимрок вазиятларда ўзгаларни янчиб, оғир аҳволларда қолдириб кетишга қодир бўладилар. Ўз нафсларини, худбинликларини жиловлай оладиган инсонлар эса мураккаб иллатларга қарши курашни навбатга тўғри туришдан бошлайдилар.
Шу ва шу каби хулосалардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки агар кимда ким оддийгина НАВБАТДА ТУРИШ ОДОБИни билмайдиган ёки унга амал қилмайдиган бўлса, у инсонни бемалол ўз онгини ишлатмайдиган (инсон онгини ишлатгандагина ҳайвондан фарқланади), маданиятсиз, тарбиясиз ва худбин инсон деб аташ мумкин бўлади. Бизнинг ота-боболаримиз қачонлардир ўзгаларга маданиятни, илм-фанни, чўмилиш ва ҳаёт тарзини, одоб ва аҳлоқни ўргатганлар. Бизнинг давримизга келиб, биз ЎЗБЕКЛАР навбатга тўғри туришни ҳам эплай олмаётганлигимиз бу бизнинг фожеамиздир. Агар бизлар ота-боболаримизга муносиб, юксак маънавиятли авлодлар бўлишни ва бир кун келиб юртимизда порахўрлик, таниш-билишлик, пул бериб, бировларнинг ўрнига ўқишга, ишга кириш каби иллатлар йўқ бўлиб кетишини ҳоҳласак, биз ўзимиздаги илк ИСЛОҲОТни ҳозирданоқ навбатга тўғри туришдан бошлашимиз керак бўлади. Шунда бизлар бора-бора бошқалар ҳам ўзимизга ўхшаган инсонлар эканликларини, уларнинг ҳам ташвиш ва муаммолари бор бўлиши мумкинлигини, пора ёрдамида ишимизни битказиб, бировларнинг болаларини бахтсиз қиладиган бўлсак, бир кун келиб яна кимлардир бизларнинг болаларимизни ҳам бахтсиз қилишлари мумкин эканлигини ҳис қиладиган бўламиз.
Шунинг учун, келинг, дўстлар, ўзгаларни ҳурмат қилайлик. Ота-боболаримиз маданиятли инсонлар бўлганлар ! Бизлар фарзандларимизни худбин инсонлар қилиб тарбияламайлик !

Биринчи изоҳ

  1. Бошка жойларда билмадиму, лекин менинг шахримдаги идорада «навбат дафтари» ташкил килинган. Яъни, кабулга келган фукаролар исм, фамилияларини дафтарга ёзиб куйишади ва навбат келишини хотиржам кутиб туришади. Уриш-жанжал, «мен олдин келгандим, сен кейин келгансан»лар йук. Ягона муаммо шуки, шунча фукарони факат битта ходим кабул килади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *