Дониёр Рўзметов: Эртанги кунимиз ҳақда ўйлар

Ижтимоий тармоқларда ярим ҳазил ярим чин бўлган мана бу жумла кенг тарқалган эди : «Ҳаётда шундай инсонлар борки, улар уларни ўлдириш жиноят ҳисобланганлиги учунгина ҳаётдирлар». Бу фикрга агар ҳамма бўлмаса ҳам жуда кўпчилик инсонлар қўшилган эдилар. Ёлғон бўлмаслиги учун айтиб қўя қолай, ўша пайтда ҳиссиёт устида бу фикр менга ҳам жуда маъқул бўлган эди.
Энди савол туғилади : Сиз, мен, баъзан кўпчилик инсонлар «яшашга ҳаққи йўқ» деб ҳисоблаётган инсонни қонун нима учун ҳимоя қилаяпти ? Нима сабабдан уни ўлдириш жиноят ҳисобланади ? Нима, қонунлар ноҳолис ва адолатсизми ? Агар «ҳа» бўлса, нима сабабдан бундай қонунларни ўзгартирмайдилар ? Агар йўқ бўлса, муаммо қаерда ?
Тўғри жавоб : Муаммо бизнинг ўзимизда ! Бизлар тоқатсизмиз ва ўзгаларнинг биздан фарқли бўлган фикрлари ва қарашларига тоқат қила олмаймиз. Энг ёмони, агар бировнинг фикри ўзимизга ёқмаса, дарров ичимиздаги ҳайвоний туйғуларимиз жумбушга келади ва биз уни ўлдириб қўйгимиз келади.
Бир инсон биз хоҳлагандай яшамаса ва биз кутган гапларни айтмаса, бу унинг яшашга ҳаққи йўқ дегани бўлмайди. Ҳатто характерлари инжиқ, қўпол, шаллақи, бетамиз бўлсалар хам барча инсонлар яшашга ҳақлидирлар. Инсонларнинг яшашга ҳақли ёки ҳақли эмас эканликларини биз — хом сут эмган бандалар эмас, фақатгина худо ҳал қилади. Улар конституция ва қонунларни бузмаяптиларми, демак уларга қандай яшашни ва қандай гапиришни ўргатишга бизлар ҳақли эмасмиз. Маслаҳат беришимиз мумкин, лекин агар маслаҳатимизни олмасалар, бизлар уларни ўлдиришимиз керак дегани эмас. Чунки бизлар ҳам уларнинг фикрларини қабул қилмаяпмиз ва бунинг учун улар бизни ўлдирмаяптиларку.
Инсонларнинг инсофларига, ҳис туйғуларига, айниқса ҳайвоний ва шайтоний ҳис туйғуларига ишонч бўлмаганлиги сабабли ҳар хил характерли ва ҳар хил дунёқарашли инсонлар биргаликда яшай олишлари учун қонунлар ва умумий қоидалар ёзиб чиқилган. Инсонлар шу қонунларни бузсаларгина жиноят қилган бўладилар. Акс ҳолда, уларнинг ўлимларини исташга мантиқан ва маънан ҳақли бўлмаймиз….
… Шер, яъни арслон бизнинг тасаввуримизда ҳайвонларнинг қироли ҳисобланади. Эртаклардаги образ шаклида ҳам, табиатдаги ташқи кўриниши, табиати, ҳаёт тарзи ва бошқа кўплаб жиҳатларига кўра ҳам шер «Ўрмон қироли» деб аталишга энг лойиқ ҳайвон ҳисобланади. Шерларнинг ҳаёт тарзлари жуда тартибли йўлга қўйилган бўлади. Шерларнинг ўзларига тегишли ҳудудлар мавжуд бўлиб, у ерларда қатъий қонун қоидалар ўрнатилган бўлади. Она шерлар «Қирол шер»га тегишли бўлиб, унга ҳиёнат қилганлар қаттиқ жазоланадилар. Атрофда чия бўрилар ва қузғунлар шернинг ўлимини истаб изғиб юрсалар ҳам қабиланинг шерлари ўзларининг қиролига содиқ қоладилар ҳамда овланган луқманинг энг юмшоқ ва ширин жойларини унга тортиқ қиладилар.
Лекин шерларнинг қонунларига кўра вақти келганда «Қирол шер»нинг даври ўтади ва ундан ёшроқ ва кучлироқ бўлган шер унга тегишли бўлган барча нарсаларни, жумладан ҳудудларни, аёл шерларни ҳам ва киролликни тортиб олади. Ана ушанда собиқ қирол шер ўлгунига қадар қувғинликда, очлик ва хўрликда, аянчли аҳволда ҳаёт кечиради. Унинг илгари «Қирол шер» бўлганлигини ҳеч ким эсламайди ҳам, аксинча унинг аҳволини кўриб, чиябури ва қузғунлар унинг ҳолидан қотиб-қотиб куладилар…
… 19 асрда яшаган доминиканлик бир роҳибнинг гапи Ғарбда жуда машхур. «Кучли ва кучсизнинг орасида, бой ва камбағалнинг орасида, хўжайин ва хизматкорнинг орасида, эзадиган нарса эркинлик, озод қиладиган нарса қонун бўлади» (Менинг сўзма-сўз таржимам).
Бу жумланинг «эркинлик» борасидаги қисмига диндорлар, либераллар, демократлар ва ҳоказолар хилма хил муносабат билдирадилар. Лекин жумладаги «қонун»га берилган нисбат борасида уларнинг барчалари якдил фикрдадирлар. Мен бу жумлани «Озод қиладиган» деб эмас (бу жумла ёзилган даврда қул ва хизматкорларни озодликка чиқариш ғояси устивор бўлган), балки «барчани ҳимоя қиладиган нарса қонун бўлади» деб якунлаган бўлар эдим. Чунки сиздан кучлироқ, мансаби сиздан баландроқ, пули сизникидан кўпроқ ва ҳоказо бўлган инсон сизга нисбатан адолатсизлик қиладиган бўлса, сиз ўзингизни ҳимоясиз ҳис қиласиз. Биронта зўровон сизни хафа қилиб, биронта манфаатдор мулкингизни тортиб олиб, биронта раҳбар сизга қўл кўтариб, «Бор, билган жойинга бориб шикоят қил» дейдиган бўлса, сиз кимдир адолат ўрнатишини, сизнинг ёнингизни олиб, адолатсиз муттаҳамнинг жазосини беришни хоҳлайсиз.
Ана шундай пайтда, давлат ва жамиятда қонунларнинг устивор эканлиги жуда муҳим рол ўйнайди. Муттаҳам раҳбар, манман бой ёки мускулдор зўравонга худо инсоф беришини кутиш бефойда. Қачонки жамиятда тартиб ва давлатда қонунларнинг устиворлиги таъминланадиган бўлса, кучли ва кучсизга, бой ва камбағалга адолат бир бўладиган бўлса, давлатнинг асослари мустаҳкам ва инсонларнинг ҳаётлари фаровон бўлади. Агар аксинча бўлса, бу нарса жамиятда бошқа қусур ва иллатларнинг болалашига сабабчи бўлади. Масалан агар инсонлар давлатнинг ва қонунларнинг ҳимоясини ҳис қилмасалар, улар ҳимояни бошқа жойлардан излайдилар. Улар ўзларини ҳимоя қилиш учун давлатга эмас, ўзларига химоячи деб билган зўравонлар, мансабдорлар, бойлар ва ҳатто ташқи бузғунчи кучларга содиқ бўла бошлайдилар. Адолатнинг «қарор топиши» учун ўлпон, яъни пора тўлаб туришга кўнадилар ва бу уларнинг доимий одатларига айланади.
Энг ачинарлиси, агар қонун устивор бўлмайдиган бўлса, бойлар, мансабдорлар ва кучлиларнинг ўзлари ҳам ўзлари намоён этаётган давлатга ишонмайдилар. Шу сабабдан бойлар имкон борида кўпроқ бойликларни ўмариб, пораларни олиб, болалари учун бойликларни ғамлашга, мансабдорлар эса ўзлари амалдаликларида болаларини мойли мансабларга жойлаштириб улгуришга ҳаракат қиладилар.
Энг порахўр, инсофсиз, зулмкор деб ўйлаган инсонлар билан норасмий равишда дилдан суҳбат қурадиган бўлсангиз, уларнинг ҳам аслида яхши инсонлар эканликлари, улар ҳам «уйим-жойим, болам-чақам» деб елиб югураётганликларининг гувоҳи бўласиз. Уларнинг қоринлари бир коса овқатга тўяди, лекин уларни ўйлантираётган нарса бу фарзандларининг келажаклари ҳисобланади.
Вахоланки, жамиятнинг порага ва адолатсизликка асосланган бўлиши ҳам, ёки аксинча қонунлар устивор булиб, келажакда фарзандлари фаровон ҳаётда яшашлари хам уларнинг ўзларининг қўлларида эканлиги ҳақида чуқур ўйлаб кўрмайдилар. Балки ўйлаб ҳам кўрарлар, лекин давлатнинг, халқнинг, ўз фарзаднларининг манфаатлари йўлида оқаётган дарёга қарши сузишга иродалари етмаётган бўлади.
Юқорида ўрмоннинг қироли шернинг аҳволини эсладик. У ўз даврида мазза қилиб яшайди, лекин унинг даври ўтгач, унинг ўзини ҳам, унинг болаларини ҳам ҳеч ким ҳурмат ва ҳимоя қилмайди. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз ва жамиятимизнинг, айниқса уни намоён этаётган мансабдор ва масъулларимизнинг олдида иккита йўл бор.
Биринчиси, бу даврлари келганда давронларини суриб, фақат ўзларини ўйлаб, ўз болаларининг келажакларини кафолатлашга уриниш ва шу билан бирга ўз она ватанларида адолатсизликнинг, қонунсизликнинг илдиз отишига сабабчи бўлишлари.
Иккинчи йўл эса улар ўзлари мансабда эканликларида имконлари етган жойларгача адолатни ўрнатиш (ўзидан тепадаги мансабдорларга кучи етмаслиги тушунарли) ва қонун устиворлигини таъминлашга ҳаракат қилишлари. Ана шунда улар мансабдан кетганларида ҳам, болалари бой бўлмаса ҳам давлатда қонунларнинг устивор эканлигидан кўнгиллари хотиржам бўлишлари мумкин бўлади.
Зеро, бугун мансабда бўлган киши қанча пул йиғса ҳам, фарзандларини қандай мансабларга жойлаштирса ҳам адолат бўлмайдиган, «Замона зўрники» бўладиган бўлса, уларнинг фарзаднлари келажакда бор будларидан айрилиб қолмасликларига ва мансабларидан ҳайдалиб кетмасликларига ҳеч ким кафолат бера олмайди…
… Якинда президентимизнинг республикамизнинг судялари олдида сўзлаган нутқини қизиқиш билан тингладим. Унда Шавкат Мирзиёев нафақат мен, балки халқимиз кўнглига тугиб юрган кўп гапларни очиқ ва ошкора айтдилар. Ҳақиқатдан, халқ адолатни ва ҳимояни давлатдан ва қозилардан кутади. Агар мобадо қозилар адолатсиз бўлса, халқ дардини кимга айтади ? Мен фақат қозиларни мисол келтиряпман. Бу гапни барча соҳаларга нисбатан айтиш мумкин. Шифокор оғир аҳволдаги болангизни даволамай чой ичиб ўтирса, ҳоким оғзига эрк бериб, фермерни ноҳақ ҳақоратласа, мулкингизни тортиб олган бойдан шикоят қилиб борсаниз милиционер шикоятингизни қабул қилмаса, дардингизни кимга айтасиз ? Албатта бу мисолларда айрим «бузоқ»лар мазкур соҳалардаги барча ҳалол инсонларнинг номларига доғ тушириб юрганликларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Бобокалонимиз Амир Темур «Куч адолатдадир» деб айтганлар ва ўз давлатининг мустаҳкам бўлиши учун ҳар доим адолат ўрнатишнинг ҳаракатида бўлганлар. У инсон яратган давлатнинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига бир болакай бир идишда тилла олиб юриб ўтадиган бўлса, унинг тилласига ҳеч ким тегмаган деб айтилади. Ваҳоланки, ёлғиз болакай энг кучсиз, энг тажрибасиз ва энг ҳимоясиз инсон ҳисобланиб, қонунларнинг устиворлиги бўлмаганида унинг тиллаларини олиб қўйишга иштиёқмандлар бемалол топилган бўлар эди.
Шунинг учун келинг дўстлар, порахўрлик, таниш-билишчилик, адолатсизлик, қонунсизлик, «Жунгли қонуни» деган салбий иллатларга қарши биргаликда курашайлик. Натижа бир ой, бир йил ёки 5 йилда келмаслиги мумкин. Асосийси, курашни ҳар ким ҳозирдан, ўзидан ва ўзининг имкониятлари етган жойлардан бошлашидир. Ана шунда бизлар «Болаларимнинг келажаги қандай бўлар экан ?» деб хавотир билан эмас, балки «Юртимизнинг барча фарзандларининг келажаги порлоқ бўлади !» деб хотиржам яшаймиз. Энг мухими, ана шунда давлатимизнинг пойдеворлари мустаҳкам, фукаролари садоқатли, ватанпарвар ва Ўзбекистон деган давлат минг йиллар давомида тараққий этиб, абадий мавжуд бўлади !

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *