Дониёр Рўзметов: Бирлашсак биз ҳам бир марказга айланамиз !

« Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон Осиё қитъасининг марказида жойлашган бўлиб, дунёдаги энг катта давлатлар Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Европа давлатлари ўзаро боғланиш учун географик жиҳатдан бизнинг ҳудудларимиз орқали ўтишга мажбурдирлар. Шуни ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки биз стратегик жиҳатдан жуда муҳим ҳудудда, яъни МАРКАЗда жойлашганмиз. Ва ҳоказо ва ҳоказо ! »
Жуда чиройли гаплара ? Одамнинг ҳаваси келиб кетади. Биз зўрмиз! Биз марказдамиз! Ҳамма бизнинг марҳаматимизга тобеъ! Аммо афсуски амалда ундай эмас. Тўғри, қадим замонларда биз ҳақиқатдан ҳам МАРКАЗда бўлган даврларимиз бўлган. Бунга ҳали яна қайтаман. Лекин ҳозирги кунда бизлар — Ўрта Осиёнинг 5 та давлатларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам дунёнинг барча марказларидан чеккада жойлашган давлатлар ҳисобланамиз. Биз Хитой деган катта марказнинг ғарбий чеккасида, Россия деган катта марказнинг шимолий чеккасида, Европа деган улкан марказнинг шарқий чеккасида, Ҳиндистон деган катта марказнинг шимолий чеккасида жойлашган ЧЕККАдаги давлатлардирмиз. АҚШ деган супермарказ билан эса ўртамизда океанлар бор бўлишига қарамасдан, биз ҳатто ўша марказнинг ҳам чеккасидадирмиз. Ва энг ачинарлиси бизни деярли ҳеч ким танимайди!…
… Бизлар нима учун миллатимизнинг ОТАси сифатида Амир Темур бобомизни илгари сурамиз ? Тарихимизда қудратли давлатларни яратган сулолалар ва беқиёс саркардалар кўп бўлганку ? Масалан қадим замонлардаёқ Хоразм, Сўғд ва Бақтрияда давлатчилик шаклланган бўлса, Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва кейинрок Шайбонийлар даврида ҳудудларимиз ҳозирги Ўрта Осиё ҳудудларидан анча катта бўлган ва ўшанда бизнинг ҳудудларимиздаги давлатлар «МАРКАЗ»лар даражасига эришганлар. Аммо фақат Амир Темур давридагина бизнинг давлатимиз ҳозирги АҚШ каби СУПЕРМАРКАЗ миқёсида бўлган. Ҳали Америка ва Автралия қитъалари кашф этилмаган, Африканинг шимоли «дунёдан узилган» бўлган даврларда Амир Темур бобомиз дунёнинг учта қитъаларидаги улкан ҳудудларни босиб олиб, деярли «дунёнинг подшоҳи» даражасигача етиб борган. Солиштириш учун ўша даврда Франция ва Англия каби қиролликларнинг пойтахтлари бўлмиш Париж ва Лондон шаҳарларида 20-30 минг нафар аҳоли яшаган. Амир Темур салтанатининг пойтахти Самарқандда эса бир ярим миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат килган. Дунёдаги Хитой, Миср, Франция, Кастилия ва ҳоказо деган давлатлар Амир Темур давлатининг ЧЕККАСИДА жойлашган давлатлар бўлганлар. Ўша даврларда бизнинг ота-боболаримиз қўрқмасдан «Биз, Осиёнинг эмас, балки ДУНЁНИНГ МАРКАЗИДА яшаймиз» деб айтсалар бўлар эди…
… «Атилла, Александр Македонский, Чингизхон, Амир Темур каби саркардалар дунёни куч ва ҳарбий юришлар ёрдамида босиб олганлар, ҳозирда бундай қилишнинг иложи йўқ» деб эътироз билдириш мумкин. Жуда тўғри эътироз! Уруш ва жанжал бизга керак эмас. Айтгандай, юқорида санаб ўтилган саркардалар ҳам дунёни кўнгил ҳушлик ёки ёввойитабиат бўлганликлари учун босиб олган эмаслар. Агар кўнгилхушлик учун дунёни босиб олиш мумкин бўлганида дунё ҳар куни ким томонидандир босиб олинган бўлар эди. Уларнинг дунёни босиб олиш учун сабаблари ва ўша сабабларни рўёбга чиқара оладиган буюк лаёқатлари бор бўлган. Жуда соддалаштириб, жўн қилиб айтганда Атилла ва Чингизхон кўчманчи саркардалар бўлиб, уларнинг халқларининг фаровонлиги учун янги яйловлар, ўтлоқлар зарур бўлган. Янги яйловлар эса бошқа давлатларнинг ҳудудларига кирганлиги сабабли улар ўша даврнинг қоидалари (зўр бўлсанг тортиб ол)га биноан ўша ҳудудларни урушлар, қирғинбаротлар йўли билан босиб олганлар. Александр Македонский ва Амир Темур каби саркардаларнинг халқларининг фаровонлиги учун эса ўтроқ хаёт, катта шаҳарлар, маданият ва фан ривожи зарур бўлган. Шу сабабдан улар ўзгаларнинг тинч яшашларига халақит берувчи ўзбошимча бек ва ҳокимлар бошқараётган шаҳар ва давлатларни босиб олиб, уларни улкан бир давлат ҳудудига бирлаштириб, у ерда тартиб ва адолат ўрнатганлар…
… Инсон бор эканки, унинг эхтиёжлари, яшаши ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур бўлган буюм ва махсулотларнинг йиғиндиси мавжуд бўлади. Масалан ҳар бир инсон ўз қорнини тўйдириш учун озиқ-овқатлар истеъмол қилади, иссиқ-совуқдан сақланиш ва кўримли бўлиш учун кийим-кечаклар кияди, бирон жойга етиб бориши учун транспорт воситаларидан фойдаланади ва ҳоказо. Дунёдаги миллионлаб инсонларнинг ейишлари, ичишлари, кийишлари, ўйнаб кулишлари ва ҳоказолар ишлаб чиқаришни, яъни ўша инсонларнинг талабларини қондирилишини тақозо этади.
Қадим замонларда дунёнинг бир ҳудудида бор бўлган маҳсулотлар бошқа бир ҳудудда йўқ бўлган. Шу сабабдан инсонлар ўз эхтиёжлари учун зарур бўлган махсулотларнинг мавжуд жойларини топганларида улар ўша ҳудуднинг инсонлари билан савдо алоқаларига киришганлар. Уларга эхтиёжлари учун зарур бўлган махсулотларни сотиб, улардан ўзларига зарур бўлган махсулотларни сотиб олганлар. Шу тариқа халқаро савдо юзага келган.
Мана шундай сабабларга кўра хитойликлар Фарғонага учқур отларни излаб келганлар ва Европаликлар Ҳиндистонга чой, зироварлар ва қимматбаҳо тошларни излаб борганлар. Ипакчиликнинг ривожланишидан тортиб нефт-газ саноатигача бўлган барча соҳаларнинг асносида инсонларнинг эҳтиёжлари ва исътемоли масаласи ётади. Шундан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкин. Агар кимда ким (халқ, давлат) ишлаб чиқаришни қўлга оладиган бўлса, у дунёни бошқаради. Қиса қилиб тушунтирадиган бўлсам, агар бир кун новвой бозорга нон олиб келмаса, ўша куни маҳалладаги инсонлар нонсиз қолиб кетадилар…
… Европаликларнинг денгиз йўлларини кашф қилишлари ва бизнинг ҳудудларимизда тахт учун курашлар юз бериши деярли бир вақтда юз берганлиги «дунё маркази»нинг бизнинг ҳудудларимиздан Европа ҳудудларига кетиб қолишига сабабчи бўлган. Бунинг устига Европада юз берган саноат инқилоблари европаликларни ишлаб чиқариш ва тараққиёт борасида бизлардан юз йиллар олдинга ўтиб кетишларига сабабчи бўлган. Бу вақтда бизнинг ҳудудларимизда ишлаб чиқариш касод бўлганлигидан ташқари сиёсий парокандаликлар сабабли ҳудудларимиздан ўтадиган савдо карвонлари ўз йўналишларини ўзгартириб, биздаги давлатларнинг бюджетларида пул айланиши пасайиб кетган. Бунинг натижасида бизнинг хонлик ва амирликларимиз ўз халқларининг эхтиёжларини ишлаб чиқариш ва савдо орқали эмас, балки қўшниларни талаш ва норозиликларни зулм билан бостириб туриш каби йўллар билан қондиришга интилганлар. Бу тарихнинг оқибатлари барчамизга маълум. Зарур пайтда ўзаро бирлаша олмаган амирлик ва хонликларимиз ишлаб чиқариш ва тараккиёт борасида биздан илғорроқ бўлган Россиянинг домига ютилиб, йўқликка маҳкум бўлганлар.
19 асрда дунё бармоқ билан санарли “марказ”ларга бўлинган. Булар Англия, Франция, Россия, Туркия (Усмонлилар) каби супермарказлар ва уларга қарам бўлган ҳудудлардир. АҚШ, Хитой, Австрия ва шунга ўхшаган «мустақил» марказлар ҳам мавжуд бўлган. Иккинчи жаҳон уруши Европадаги супермарказларни кучсизлантириб, дунёни АҚШ ва СССР деган иккита супермарказнинг домига ташлаган. СССРнинг йўқолиб кетиши эса дунёда АҚШ яккаҳокимлигининг ўрнатилишига сабаб бўлди. Биздаги қадимий давлатларга ўхшаб йўқ бўлиб кетмаслик учун Европа давлатлари ўзаро бирлашиб, битта улкан марказни ташкил қилишга эришдилар. Ими-жимида ўз иқтисодиётини кўтариб олган Хитой эса ҳозирги кунда янги супермарказ даражасига кўтарилиб олди ва эндиликда у ўзининг «Бир камар бир йўл»га ўхшаган дастурлари ёрдамида дунёдаги қоидаларни ўз манфаатларига мос равишда қайта ёзиб чиқишга даъвогарлик қилмокда…
… Мана шундай геосиёсий манзараларни таҳлил қилиб чиққач биз — Марказий Осиё давлатлари ўзимизни марказдамиз деб айта оламизми ? Менинг жавобим, ЙЎҚ ! Бизлар юқорида айтилгани каби тўрт томонимизни ўраб олган марказларнинг чеккасида жойлашган «чекка давлатлари»миз.
Мен дунёдаги давлатларни қуйидаги 3 та катта гуруҳга бўлган бўлар эдим (Шимолий Корея ва шунга ўхшаган истисно давлатларнинг бу гуруҳга даҳли йўқ) :
1. Хом ашё, яъни табиий бойликларини махсулотга айлантирмасдан сотиш ҳисобига кун кўрувчи давлатлар. Бунга камбағал давлатлар ва ривожланиш йўлидаги давлатлар, жумладан бизлар ҳам кирамиз. Биз бир йил меёнат қилиб йиғиб териб олган пахтамизнинг бир тоннасини минг доллардан сотсак, биздан пахтани сотиб олган ишлаб чиқарувчи давлатлар шу пахтадан ўн мингта кўйлак ясаб, ўзимизга ҳар бирини ўн доллардан сотадилар. Умуман, дунёдаги ишлаб чикариш миқдорининг олдида бизнинг ишлаб чиқаришдаги ҳиссамиз арзимас бўлиб қолади. Афсуски.
2. Йирик ишлаб чиқарувчи сармоядорларга енгилликлар бериш йўли билан уларни жалб қилиб, уларнинг маҳсулотларини ўз ҳудудларида ишлаб чикарилишига эришган давлатлар. Бу тоифа давлатларга асосан таянч давлатлар ва Сингапур, Гонгконгга ўхшаган давлатлар киради. Маълумот учун Россия ҳам таянч давлат бўлишига қарамасдан асосан хом ашё сотиб кун кўрувчи давлатлар қаторига киради.
3. Ишлаб чиқарувчи саноатлашган давлатлар. Булар бармоқ билан санарли, кучли еттиликка кирувчи ривожланган давлатлардир. Хитой ўзининг тараққиётини ишлаб чиқарувчиларни ўзига жалб қилиш ва уларнинг билим ҳамда кўникмаларини айёрлик билан ўзлаштириб олишдан бошлаган. У хозир “дунё заводи” деб аталувчи дунёдаги энг кўп ишлаб чиқарувчи давлатга айланган…
… Мен пессимист эмасман. Мен фақат бор гапни айтаяпман холос. Аксинча, бизлар МАРКАЗГА АЙЛАНИШГА, дунёда ўз ўрнимизга топишга ва дунё давлатлари биз билан ҳисоблашадиган бўлишларига ҳозирданоқ ҳаракат қилишимиз керак.
Бунинг учун нима килишимиз керак ? Аввало “Ёлғиз отнинг чангги чиқмас, чангги чиқса ҳам донғи чиқмас” деган мақол бор. Бизлар атрофдан катта марказлар билан ўралганлигимизни ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиё давлатлари ўзаро битта иттифоққа БИРЛАШИШИМИЗ керак! Агар бизлар бирлашсак, ҳудудий жиҳатдан санаб ўтилган марказларнинг даражаларига яқинлашамиз. Бизда минтақа миқёсида аҳоли сонининг нисбатан камлиги бизда ҳали демографик имкониятлар очиқ эканлигини билдиради.
Бир замонлар Виктор Гюго, Гёте каби француз ва немис адиблари ўз халқларининг битта Европа бўлиб бирлашишларини орзу қилганлар. Ҳозирга келиб уларнинг авлодлари ота-боболарининг орзуларини рўёбга чиқардилар. 20 асрнинг бошларида бизнинг ота-боболаримиз, зиёли инсонлар, жадидчилар Ўрта Осиё халқларининг битта Туркистон бўлиб бирлашишларини орзу қилганлар ва шу йўлда ўз жонларини қурбон қилганлар. Менимча уларнинг орзуларини рўёбга чикариш энди бизларнинг зиммамиздадир. Бунинг учун бизларни табиий равишда бирлаштириб турадиган омиллар талайгина : умумий тарих, умумий тил (тожик тили бошқача эканлиги бирлигимизга тўсқинлик қилолмайди), умумий дин, умумий маданият ва чамбарчас боғлиқ тақдир. Албатта, бизларнинг бирлашишимизга тўскинлик қилувчи сунъий тўсиклар ҳам етарличадир, аммо табиий омиллар сунъий тўсиқларни енга олишига менинг ишончим комил…
… Мен ҳозир ҳукуматимиз амалга ошираётган сиёсатни тўғри деб биламан. Ҳукуматимиз дунёда бўлаётган геосиёсий ўзгаришларни англаган ҳолда бир тарафдан қўшнилар билан дўстона муносабатларни қайта тиклашнинг ташаббускори бўлмокда. Мен бу ҳаракатларнинг қардошлик иттифоқи даражасигача етиб боришининг тарафдориман. Бошқа томондан эса, давлатимиз чет эллик сармоядорлар, яъни ишлаб чиқарувчиларга зарур шароитларни яратиб, уларни юртимизга жалб этмокда. Бунинг натижасида бизнинг ҳудудларимизда ишлаб чиқариш (асосий ишлаб чиқарувчи биз бўлмасак ҳам) қайтадан пайдо бўлаяпти ва бу келажакда бизга хом ашё сотиб кун кўрувчи давлатларнинг сафидан чиқишимизга ёрдам беради деб ўйлайман.
Биринчи президентимиз, Ислом Каримов «Ўзбекистон — келажаги буюк давлат !» деб айтиб кетган эдилар. Бу гапларни рўёбга чиқариш бизларга ва бизнинг буюк келажак томон қадам ташлай олиш иродамизга боғлиқдир. Бу қадамларни қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман қардоларимиз билан биргаликда ташлашимиз ва яхши ёмон кунларда елкадош бўлишимиз керак. Худо ҳохласа ўшанда бизлар ҳам қайтадан дунёдаги марказлардан бирига айланамиз !

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.