“Дюймчахон”даги характерларга айрим чизгилар

Эртакларни ғирт тўқима, десак ҳам ҳаётимизни бўрттирилган шаклда акс эттириши янгилик эмас.
“Дюймчахон” эртагидаги персонажларга ҳам синчиклаб назар солсак, уларни барча жамиятлардан топишимиз мумкин. Бу миттигина қизалоқнинг соддалиги, қўрқоқлиги, ҳар ишга кўнувчанлиги аксар ўзбек келинларига ўхшаб кетади. Худди онасига ўхшаш хунуккина бақа ўғлига олиб бераман деса, тўполон ҳам қилмайди, йўқ ҳам демайди. “Келажаги йўқ, фақат вақиллашни биладиган бола билан қандай яшай оламан?! Ахир мени ҳам дунё-дунё орзуларим ва мақсадларим бор”, деб айта олмайди. Қайнона бўлмиш ҳам айёр! Чиройликкина, нозиккина келин оляпман, деб, генерал-қайнона оёғи олти, қўли саккиз бўлиб, айниб қолмасидан чаққонгина уйларни тозалашга киришиб кетишини айтмайсизми. Ва шу бақа ҳам қизни ухлаётган кровати билан кўчириб келади. Сарпо, мебель тушунчаси даниялик ёзувчида ҳам бўлган экан дейман!

Бақа куёвчакка келсак, у ғирт дангаса, онасини чизган чизиғидан чиқмайдиган, ўзига танқидий қарашни билмайдиган такасалтанг. Ўзининг уйланишига нисбатан умуман шахсий фикри йўқ. Унга барибир – бақага уйланса ҳам умри ўтади, онаси айтган қизга уйланса ҳам.

Куёвликка кейинги номзод Май қўнғизи эса бироз амбициялари бор, чиройли қизга уйланишга иштиёқманд “йигит”. Бироқ унинг энг катта камчилиги – маҳалласидаги болаларни фикрига қараб яшайди. Ўртоқларининг гапи унинг учун авторитет!

Кўрсичқон “амаки”га келсак, у киши анча мулоҳазали, кўпни кўрган бой ота. Аммо у ҳам Дюймчахоннинг тенги эмас. Чунки бу қизча жуда нозиктаъб, табиат ва гўзаллик шайдоси, гуллардан, қушларнинг сайрашидан, куёшнинг нуридан завқланиб яшайдиган ҳилқат.

Кўрсичқон эса, унга тескари ўлароқ, қуёшни ва қушлар чуғурини умуман ёқтирмайди. Дюймчахон кўрсичқондан қочиб, катта жасорат кўрсатди. Қизларимиз ҳам шунақа иродали бўлиб, нима истаётганларини аниқ-тиниқ билишлари лозим. Ёқмайдиган жойларга ва нарcаларга бемалол муносабат билдириш керак.У сизнинг ҳаётингиз, сиз ўзингиз ташаббусни қўлга олмасангиз, биров сиз учун жонини куйдирмайди.

Дюймчахонни тутқунликдан қутқарган мард қалдирғоч “йигит” яхшиликка муносиб жавоб қайтариш билан бирга, ўз нафсини тийиб, муҳаббатини қурбон қилди. Қизча бахтли бўлиши учун “Майли, менинг ҳам тенгим чиқиб қолар, асосийси УНИНГ қувончини кўриш”, деб, олисларга бош олиб кетди.

Ва ниҳоят, қаҳрамонимиз бошида тожи бор ўз жуфти — Эльфни топди. Эльфни эса биринчи қилган иши шартта бориб Дюймчахоннинг исмини Майяга алмаштириш бўлди. “Сенга ўзи исминг ёқадими?” деб ҳам сўрамади. Худди Ўзбекистонда ФҲДЁдан ўтаётгандек куёв шу масалани ҳам ўзи ҳал қилди.

Қиссадан ҳисса, инсон ҳаётида турли тўсиқларга, синовларга дуч келиши мумкин. Улардан эсон-омон ва шараф билан ўтиш учун билим, ирода, шижоат, меҳрибонлик ва, албатта, INTEGRITY керак бўлади. Шу хислатларни шакллантириб борган киши эса, қоқилса ҳам юз тубан йиқилмайди.

Малика Маличка

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.