Диёр Имомхўжаев: Ватан оиладан бошланади!

Ватан ҳимоячилари деганда қўлига автомат ушлаб турган аскарнигина тасвирлашни нормал ҳолат деб ҳисобламайман. Бу мен учун ғалати идеология. Зеро ҳимоя функцияси фақатгина уруш вақти ёниб, қолган вақт off бўлиб турмайди.

Ватан оиладан бошланади. Демак, оиласини тиш-тирноғи билан ҳимоя қиладиган ҳаммамиз ватан ҳимоячиларимиз. Ким аёлини, ким фарзандларини, ким ота-онасини турли хил ташқи таъсирдан ҳимоя қилмоқчи бўлади. Ўлатдан ҳимоя қилади, иллатлардан ҳимоя қилади, тарбиясизлик ва онгсизликдан ҳимоя қилади одам боласини. Бу йўлда ўқитади, илм ўрганиши учун шароит яратмоқчи бўлади, очликдан, зорликдан, хорликдан ҳимоя қилади.

Аммо бизнинг ОАВ асосан танк устида шлем кийиб ўтирган, қўлига автомат ушлаган, оиласини кўргани келган аскар билан бу кунни изоҳлашга ўрганиб қолган. Қаричимиз шундан нарига ўтмайди. Шуниси ҳар сафар ўйлантиради.

Шунинг учун ҳам 14 январни алоҳида байрам сифатида нишонламасликка ўрганиб қолганман. Бу куни кимнидир табрикламайман. Хаёлингиз кетиб қолмасин, мен 23 февраль санасига икки марта бефарқман.

Муҳими, эркак бўлайлик, одамлар кўзига тик қарай оладиган даражада тўғри ҳаёт кечирайлик. Солиқларни вақтида тўлаб, мамлакат ривожи учун хизмат қилайлик ва уни таназзулдан ҳимоя қилайлик. Эркак бўлиб, аёлимизга эътиборли бўлайлик, уни ташқи таъсирдан, нопок кўздан ҳимоя қилайлик. Фарзандларимизни иллат-у ёвузликдан ҳимоя қилиб, уларга яхшиликлар улашайлик. Ота-онамизни кўнгли яримталикдан ҳимоя қилиб, уларни бошимизга кўтариб юрайлик.

Қўлига автомат ушлаб расмга тушиб берган ўзбек аскаридан узр сўрайман. Кези келганда ватан ҳимояси учун унинг қаторидан жой олишга тайёрман. Тинчлик замонида эса ўша автоматни ҳам, танкни ҳам кўрарга кўзим йўқ. Биз ўзимизни ёвуз дунё ва унинг қуролданда хавфли таъсиридан ҳимоя қилишни ўрганайлик…

Диёр Имомхўжаев

2 комментария

  1. Х. Хамидов, Д. Имомхужаев, И. Хушев- ЖАМИЯТИМИЗДА МАНА ШУНДАЙ ОТАШИН, МАРД ЖУРНАЛИСТЛАР БОРЛИГИГА АЛЛОХГА ШУКРОНА АЙТИБ, УЛАРГА ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИК ТИЛАЙМАН. ЭЙ, калам ахли!!! Ибрат олсанглар булмайдими???

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *