Динга қарши курашишдан ким манфаатдор?

Cўнгги вақтларда Дин ишлари бўйича Қўмита томонидан тарқатилаётган маълумотлар ва мақолалалар ўзига хослиги, яъни жамиятда динга мойилликни олдини олиш ва ислом дини бегоналаштиришга қаратилган фикрлари билан аввалгилардан ажралиб турибди. Бундай фикрлар орасида сиёсатшунос Азиз Мақсудовнинг мақолалари алоҳида аҳамиятга эга. Интернет маълумотлари орасида А.Мақсудов ҳақида бирорта жўяли маълумот топилмаганлиги ва бу ном остидаги мақолалар бир томонли қарашни кўзлаган ҳолда, охирги кунларда бирдан кўпайгани сабабли, бу “тахаллус” кимларгадир хизмат қилувчи кичик бир “лойиҳа” эканлигига шубҳам қолмади. Балким, Мақсудов олийгоҳни энди тамомлагандир, билмайман. Зотан, унинг мақолалари савияси шундай фикрга боришга ундамоқда.

А.Мақсудов аввалги мақоласида “холис” фикр номи билан ўзининг бир томонлама фикрини баён қилиб, Ўзбекистонни асоссиз равишда “дунёвий мамлакат” деб атаган ва бу билан ўз сиёсий билимларининг нақадар пастлигини кўрсатиб берган эди. Куни кеча «Миллий тикланиш» газетасида эълон қилинган (Дин ишлари бўйича Қўмитанинг бу партияга нима алоқаси бор, ҳайронман) “Динни ниқобга айлантиришдан ким манфаатдор?”, сарлавҳали мақоласида муаллиф ўзининг сиёсий савиясини ошкор этишда давом этди.

А.Мақсудов янги мақоласида ахборот-технологиялар асрида ёшлар ижтимоий тармоқлар, турли веб-сайтлар ва каналлар орқали захарланаётганини, бунга қарши янги инновацион усуллардан самарали фойдаланиш кераклигини айтиб ўтган. Лекин, мақолани охиригача ўқиб чиқсангиз, бирорта инновацион усул ҳақида маълумот топмайсиз. Мақола муаллифи айрим гуруҳларнинг, “сиёсат билан дин ажралмасдир, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари ислом дини қоидалари асосида бошқарилиши керак”, деган фикрларини демократияга зид деб баҳолаган. Унинг ўзи ҳам демократия тушунчасини оёқ-ости қилишдан тап тортмаслигинини гувоҳи бўляпмиз. Маълумки, демократик жамият, тоталитар жамиятдан фарқли ўлароқ, жамиятнинг ҳар бир гуруҳи ўзининг шахсий фикрига эга бўлишини ва қонун доирасида ўз фикрларини илгари суришини тақозо этади. Яъни, демократик жамиятда, “дунёвийлик” тарафдорлари қандай қилиб ўз фикрларини илгари сура олса, диний қадриятга асосланган гуруҳлар ҳам шунчалик ўз фикрларига эга бўлиши мумкин. Зотан, Ўзбекистоннинг фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланиши Конституциямиз томонидан кафолатланган.

Иккинчи тарафдан, А.Мақсудов диний мавзуларда фикр билдираётган ҳамда жамиятимизда ўзининг диний ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланишини истаётган фуқаролар муаммоларига кўз юмган, ёки диний масалаларни кўтариб чиққан фуқароларни омматан мутаассибга чиқаришга уринган. Сиёсатшунос, шунингдек, Конституциямизнинг 61-моддасидаги “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”, деган нормани, “динни ундан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринишлардан ҳимоя қилади”, деб шарҳлаган. Ваҳоланки, қонунчилигимизда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланиш таъқиқланмаган. Аксинча, қонунчилигимизда диндан фақатгина ҒАРАЗЛИ, яъни “давлатга ва конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, душманлик, нафрат, миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузиш” каби мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Шу ўринда, сиёсатшуноснинг ўзи ахборот хуружига қарши туриш ва ёшларни ёт ғоялардан асраш каби сиёсий мақсадларда диндан фойдаланишни, яъни “муқаддас динимиз тўғрисида кўпроқ ёзиш”ни таклиф қилиб турибди. Сиёсатшунос, яна ўзи билмаган ҳолда ёки хомлик қилиб, давлат раҳбарининг жаҳолатга қарши курашиш сиёсати доирасида ислом динидан тўғри фойдаланган ҳолда, «Биз маърифатли ислом тарафдоримиз!» шиори остида туркум чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги (ПҚ-4307) қарори, Парламентимизнинг “Ислом динининг маърифатпарварлик эътиқоди ғоясини янада илгари суриш” (КҚ-492-III-сон) бўйича қарорлари ва Ҳукуматнинг “ислом динининг асл моҳиятини ва инсониятни эзгуликка элтувчи дин эканлигини илмий асосланган ҳолда теран ўрганиш ҳамда тарғиб этиш” бўйича (466-сон) қарорларини ноқонуний деб эътироф этмоқдами?! Шуни унутмангки, диндан инсонпарварлик ва сиёсий мақсадларда фойдаланса бўлади ва бу амалиётда фойдаланиб келинмоқда ҳам. Ундан ғаразли мақсадларда фойдаланиш эса — қонунга зид.

Сиёсатшунос, шунингдек, фуқаролар диний эътиқодини камситган ҳолда ишлаб чиқилган ҳукумат қарорини улар томонидан танқид қилинишини салбий баҳолаган. Бу билан у фуқароларнинг сиёсий фаол бўлишларини қоралаб чиқмоқда. Сиёсатшунос, ҳукумат қарорлари қонунга фуқароларнинг диний эътиқодларига зид бўлса ҳам, фуқаролар уни сўзсиз бажариши, ҳукуматдан фуқаролар манфаатини кўзлаган ҳолда фаолият олиб боришини қонунан талаб қилиши мумкинмаслигини билдирмоқда. Демократик жамиятда ҳар бир фуқаро қабул қилинган қарор юзасидан ўз фикрига эга бўлишга ҳақли, уни мажбуран ёки ихтиёрий бажариш ёки бажармаслик — бу иккинчи масала.

Мақола муаллифи “Ўзбекистон ҳудудида ҳали ҳеч ким ва ҳеч қачон рўмол ўраш, яъни авратни ёпиб юришга қаршилик қилмаган”, деб ўзининг “ойдан тушганлиги”ни ёки ҳеч қачон кабинетдан ташқарига чиқмаганлигини, ёки бўлмаса жамият муаммоларидан ва воқеликдан буткул ажралиб қолганлигини билдириб қўйган. А.Мақсудовга (ёки шундай ном билан фаолият юритаётган лойиҳа муаллифларига) ўхшаш сиёсатшунос ва мутахассислар томонидан ишлаб чиқилаётган “Диний соҳадаги Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси”нинг халқ манфаатларидан қанчалар узоқ бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. Бу қарор фуқароларнинг диний эътиқоди ва ҳуқуқларини эътиборга олмасдан, воқеликдаги муаммоларга кўз юмиб, ўз кабинетида ўтирган ҳолда, бир томомонлама ҳамда нопрофессионал ишлаб чиқилаётгандек туюлмоқда. Нима ҳам деймиз, балким А.Мақсудовнинг мақола бошида эслаб ўтган “инновацион усуллари” ўша концепцияда баён қилинар..?

 

Темур Малик

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.