Демократик ислоҳотлар — адолатли жамият калитидир!

Агарки умумий олиб қарайдиган бўлсак, инсонларни уриш, сўкиш, ҳақоратлаш, таҳқирлаш, сазойи қилиш каби жирканч ишлар замонавий дунё ҳамжамияти учун хос бўлмасдан, ўтмиш тарихда, яъни қулдорлик ва феодализм жамиятларига кўпроқ характерли бўлган. 21-асрга келиб ва айниқса мустақилликка эришганимиздан сўнг давлатимизда бундай ҳолатларнинг авж олганлиги, одат ва маданиятга айланганлиги ачинарли ҳолдир. Бундай иллатни йўқотиш учун махсус ахлоқ қоидасининг ишлаб чиқилиб, тасдиқланганлиги бир томондан юртимизда демократик қадриятларни жорий этиш йўлидаги бир ижобий қадам сифатида қаралса, бошқа томондан миллий маданиятимизда юзага келган воқеъликни акс эттиради. Шунингдек, ушбу ҳолатларнинг муҳокама этилишини ўзи ҳам менталитетимизда жиддий қусурлар мавжудлигини кўрсатади. Қўйилган саволларга жавоб бериш учун масалага чуқурроқ ёндашиш талаб этилади.

Гап шундаки, кўпчилигимиз нима камчилик бўлмасин буни Советлар олиб келди, руслар бизга ўргатишди, коммунистик партиядан қолган иллат, деб ўзимизни оқлашга уринамиз. Ваҳоланки, ўша даврларда аксарият раҳбарларда сиёсий маданият, одоб-ахлоқ анча яхши эди, улар ҳозирги кундаги раҳбарлардан фарқли ўлароқ ўз қўл остидаги кишиларга ўзларининг шахсий мулклари сифатида қарамас эдилар, қўпол муомала қилмасдилар. Мен бу билан ўтмишни қўмсаётганим ёки уни оқламоқчи эмасман, фақат ўзим гувоҳ бўлган ҳақиқатни ёзяпман.

Айни бир пайтда ушбу масалани ёритишда қуйидаги нуқталарга эътиборни қаратиш лозим. Ҳақиқатда, инсонларимиз орасида ёки ходимлар ўртасида шундайлар борки, улар яхши гапни тушунмайдилар, калтак тилини биладилар холос. Бу каби инсонларни зулмпарвар, ишқсиз, дардсиз, ғурурсизлар дейиш мумкин. Шунингдек, кўпчилик Сизнинг мансабингиз, бойлигингиз, кетингизда қудратли соябонингиз, жисмоний кучингиз, қаттиқ, қўпол муомала қилишингизга қараб Сизни ҳурмат қилиши ёки раҳбар бўлсангиз сизга ҳеч қандай муаммосиз бўйсуниши мумкин. Қўрқса — ҳурмат қилади, деган гап шунинг учун айтилса керак.

Сиз қанчалик одобли, хушмуомала, юмшоқ табиатли, маданиятли инсон ёки раҳбар бўлсангиз ўша юқорида сифатланган инсонлар сизни писанд этишмайди, қўрқоқ, бўш шахс ёки раҳбарга чиқариб қўйишади.

Яна бир ҳақиқат шундан иборатки, кўпчилигимиз раҳбарнинг қўлида ҳокимият бўлган пайтда ундан қўрқамиз, нима демасин лом-мим демай эшитиб турамиз ва мабодо ишдан кетиб қолса, ўша кундан эътиборан унга тош отишни бошлаймиз, ҳаммамиз кейин ботирга айланамиз. Масалан, бир ҳоким ишдан кетиб кунларнинг бирида бир танишининг таъзия маросимига ташриф буюрганда вақтида уни қўлида ишлаб ишдан олинган киши собиқ ҳоким ёнига келиб, уни дўппослаб кетади. Ахир, бу ўша инсоннинг қўрқоқлиги эмасми? Агар ҳоким сени ишдан ноҳақ олган бўлса, ўша пайтда ҳеч бўлмаса, норизолигингни бир оғиз сўзинг билан баён этсанг бўларди-ку, гарчи ундан кейинги ишлар, яъни даъволаринг фойдасиз деб ҳисобласак ҳам Энди қўрқмас бўлиб қолдингми? Балки ҳақиқатда ҳоким ўша пайтда ўринсиз ишдан олгандир, ҳақорат қилгандир, ғуруринг бўлса нега ўша пайт жим турдинг?! Энди ҳам жим тур, у раҳбарнинг қўлида ҳеч нарса қолмагандан кейин бориб уни уришинг аслида пасткашликдан бошқа нарса эмас.

Кейинги ўринда таъкидлаш жоизки, жамиятимизда шундай раҳбарларимиз, мулозимларимиз борларки, уларнинг қўлларига мансаб теккан кундан эътиборан ўзларини йўқотиб қўядилар, гўёки улар бутун дунёни остин-устун қилиб ташлашга қодирдек. Бундай зотлар ўз қўл остидагиларни инсон сифатида эмас, буюм деб қарайдилар. Ўз оғизларини назорат қила олмай қоладилар. Уларнинг иқтидорлари иккиюзламачиликда, фирибгарликда, маданиятсизликда намоён бўлади. Улар жуда шуҳратпараст, мансабпараст, худбин, калтафаҳм кишилардир. Айниқса, мансабга ўз билими, тажрибаси, иқтидори, ҳалол меҳнати, ақлу-идроки эвазига эмас, балки пора, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик асосида мансабга чиққанлар ишни кўзини билмаганлари учун ўзларининг бошқариш сиёсатларини фақат ҳақорат ва сўкиш орқали амалга оширадилар. Афсуски, бу раҳбарлар ходимларга нисбатан ҳар қандай ҳақорат ва ҳоказоларни қилмасинлар, ходимлар толқон ютгандек ўтираверишади.

Мабодо бир зиёли инсон бирон масала бўйича кимгадир танбеҳ берса ёки ноҳақликни кўриб таъсирланиб бир оз овозини кўтарса, дарров ҳаммамиз Суднинг эшигини бориб тақиллатамиз. Яна шу маданиятли инсон жабрдийда бўлиб қолаверади. Бу бизнинг қўрқоқлигимиз, журъатсизлигимиздир.

Зиёли, виждонли, ўз ишини севадиган, ҳалол инсонлар аслида ҳеч қандай назоратга ҳам, сўкишларга ҳам муҳтож эмаслар, улар ўз ишларини ҳамиша сидқидилдан бажарадилар, бундайларни ҳақиқий ватанпарвар инсонлар деса бўлади. Бундай инсонларга ана шундай маданиятсиз раҳбарлару, носоғлом муҳитда ишлаш анча қийин бўлади, мабодо улардан раҳбар чиқиб қолса оғзига эрк берган раҳбарлар бир ёқда қолиб, булар азоб чекадилар.

Мени таажжубга соладиган нарса шуки, маҳаллийчилик қилманг, дейишади-ю, айнан маҳаллийчиликни ўзига касб этган шахс туманми, вилоятми ёки вазирликгами масъул раҳбар бўлиб қолади. Худди шундай вазиятни ҳақорат қилувчиларда, сўкувчиларда кўришимиз мумкин. Қўшимча шуни ҳам айтмоқчиманки, кўпчилик ёшларимиз ҳам бўлар-бўлмасга сўкиниб гапиришни одат этганлар, мабодо улар орасида сўкинмайдигани чиқиб қолса, сен қиз болами нега сўкинмайсан, деб ёқа ушлашади. Айни пайтда ҳақоратомуз сўзларни ишлатишда кўплаб аёлларимиз ҳам “мутахассис” бўлиб кетганлар уларнинг айрим ишлатидаган сўзларини бирон бир миллат тили луғатидан топа олмайсиз.

Юқоридагилардан хулоса қилсак, биринчидан, ҳақорат, сўкишга ундовчи жиҳатлар жамиятда мавжуд ва шунинг учун айрим раҳбарлар ҳақорат, сўкиш, уришларни фаолиятларини амалга ошириш, бошқаришнинг бир усули сифатида кўрадилар. Айни чоғда бу иллат билан курашилмайди, камчилик сифатида муҳокама этилмайди. Иккинчидан, кадрларни танлашда объектив ёндашилмаётганлиги ҳам ана шундай ҳақорат, сўкишларни юзага келишига замин ҳозирлайди. Учинчидан, зиёли, маданиятли инсонлар кўпинча жамият томонидан тўғри қабул қилинмайди, яъни улар қадрга эга эмаслар. Тўртинчидан, биз миллий менталитетимизда мавжуд бўлган бу камчилик билан курашишимиз ўрнига, кўпинча ушбу омилни раҳбарлик ишларимизда қўллаб келмоқдамиз.

Энди нега ҳақорат, сўкиш, уриш авж олиб кетганлиги масаласига келсак. Қовун қовундан ранг олади, деганларидек, ўша юқорида таърифланган иқтидорсиз раҳбарлар ўз устларига ишламасдан аксинча ҳақорат қилиш борасида ўзларидан юқорида турувчилардан ушбу ишларни қойиллатиб ўзлаштирадилар. Бу мавзуга алоқадор бўлмаса-да, сўзимни исботлаш учун бир манзарадан мисол келтирмоқчиман. Эътибор берсангиз, республика миқёсида қандайдир йиғилиш, чора-тадбир бўлмасин ҳамма мулозимларимиз ушбу йиғинларда бошлари эгик, ён дафтарчаларида нималарнидир ёзиб ўтиришади. Ахир доклад уларга олдиндан берилади-ку, тўхтовсиз нималарни ёзишади?! Ахир, айрим ўзларига тегишли бир муҳим гап бўлса шуни ёзиб қўйсалар бўлди-ку.

Энди шу йиғилиш вазирлик ёки ҳокимиятга кўчса, худди шундай вазиятни кўрасиз. Нима, буни ҳам Совет ўргатдими бизга? Ҳақорат ҳам худди шундай тарзда поғонома-поғона кўчиб, ўзлаштирилиб, ҳамма жойни қамраб олди. Хўш, нега ҳақорату, сўкишлару, уришлару, сазойи қилишларга нисбатан биз, оддий инсонлар жим турибмиз? Бунинг сабабини ижтимоий-иқтисодий ҳолатлардан қидириш керак. Кимдир ўз шахсий манфаатини йўқотишдан қўрқиб, кимдир ишини йўқотиб, даромадсиз қолиб, бола-чақаларини боқолмай қолишидан хавотирга тушиб, кимдир тили қисиқлик жойи борлиги учун, кимдир мансабидан айрилмасликни афзал билгани учун, кимдир ҳақоратлашларга қаршилик кўрсатса туҳмат билан бир балоларга гирифтор бўлмаслигини ўйлаб, ўша ҳақоратлар, сўкишлар, уришларга жим қараб тураверади.

Демак, ушбу иллатни йўқотишнинг калити бу — ҳақиқий демократия, ҳақиқий фуқаролик жамияти, эркин матбуот, адолатли Суд тизимидир. Шундай ҳолатлар бўладики, ҳақорат қилган, урган, сўккан одам бир ёқда қолиб, ушбу ҳаракатлардан жабр тортган, зулм кўрган инсонни ўзи жавобгарга айланади. Бу Суд тизимининг мустақил эмаслиги ва айни бир пайтда судьяларнинг ўз ишларига виждонан ёндашмасликлари, порахўрликлари натижасидир. Ўрни келганда қўйни оғзидан чўп олмаган инсон энг катта жиноятчига айланиб қолади. Ушбу қарор ёки ахлоқ қоидасининг бугунга келиб қабул этилиши сўнгги пайтларда мазкур муаммо давлат миқёсидан чиқиб, катта майдонга ҳам айримлар томонидан кўтарилиши ёки раҳбариятнинг вазиятни тўғри англаб хулосага келганлиги бўлса керак деб ўйлайман.

Ушбу қоиданинг қанчалик амалда ҳаққоний тарзда ижро этилиши раҳбарларимизнинг сиёсий хоҳиш-иродаларига ва ушбу қоидани чиқаришдан асл мақсад, ниятлари қандай эканлигига боғлиқдир. Қоиданинг баъзи мулоҳазали ўринлари бор, лекин ҳар ҳолда амалда ишласа анчагина мавжуд камчиликларга чек қўйиши мумкин. Агар кўпгина қонун ва қарорлар қаторида қоғозда қолиб кетса, унда табиийки, ҳолат ўзгармайди.

Қоида билан танишиб, уни қўллаган ҳолда айрим мулоҳазаларни билдирмоқчиман. Мен олдинги шарҳларимда “Давлат хизмати тўғрисида” қонун қабул қилиш кераклигини ёзганман ва бу бир неча йиллардан бери менинг ўй-хаёлимда. Шу ҳақда қонун қабул қилиниб, ҳақоратловчи, сўкувчи, урувчи раҳбарларга нисбатан то жиноий жавобгарликка қадар бўлган жазо чораларини назарда тутувчи моддалар киритиш керак. Шундай жазо чоралари қўллаш керакки, ҳар қандай кичик ёки катта поғонадаги амалдор ушбу қилган иши натижасида ҳам мансабидан, ҳам мол-мулкидан, ҳам диплому, мукофотларидан мосуво қилиниб, яъни озодликдан маҳрум этилсин. Асосли бўладими, асоссизми ҳеч ким ҳеч кимни сўкишга, ҳақоратлашга ва айниқса уришга ҳеч қандай ҳаққи бўлмаслиги керак. Раҳбар ходимнинг иш фаолияти устидан назорат этади, бошқаради, ходим эса ўзига юклатилган вазифа ва мажбурият юзасидан раҳбарга бўйсунади, холос. Аслида раҳбар ҳам, ходим ҳам тенг ҳуқуқли, эркин шахслардирлар. Ходимнинг шахсий ҳаёти агарки иш фаолиятига таъсир кўрсатмаса, унга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Раҳбар ва ходим ўртасида юзага келадиган ҳар қандай келишмовчиликлар меҳнат қонунчилиги ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида ҳал этилиши керак. Бунда меҳнат шартномаси ёки жамоа шартномаси асосий ҳужжатдир. Раҳбарнинг ўз ходимини ва ўз навбатида ходим ўзининг раҳбарини сўкиши, ҳақоратлаши ёки урушига ҳеч қандай ўрин қолдириш керак эмас. Шунинг учун асосли, асоссиз деган жумла бўлмаслиги зарур.

Маҳаллий ҳокимият раҳбарлари ва ташкилот раҳбарлари орасида, ҳокимият ва халқ ўртасидаги муносабатлар ҳам амалдаги қонунлар асосида тартибга солиниши керак. Қоидада кўрсатилган ахлоқ комиссияси ҳам, менимча, камчиликдан ҳоли эмас. Юқори эҳтимоллик билан ушбу комиссияни бошлиғи корхона раҳбари ёки ҳокимиятнинг раҳбарлари бўлиб, унинг аъзолари таркибида эса албатта ходимлар бўлими бошлиғи кирса керак. Ушбу ҳолатда раҳбарга ёқмаган ёки хушомадгўйлик, лаганбардорликни хоҳламайдиган ходимни йўқотиш учун ушбу қоида суистеъмол қилинмаслигига ким кафолат бера олади? Бу орқали яна ҳур фикрли  инсонга ҳужум қилинмайдими, чақимчилик авж олмайдими? Ходимлар бўлимининг бошлиғини ўзи рисоладаги шахс бўлмаса-чи? Маҳалла сайловларидан бошлаб то Олий Мажлис депутатларини сайловигача ҳеч қандай ғирромликларга йўл қўйилмаса, бундай ҳолатда ҳам ўша қоидада таърифланган сифатга эга бўлган инсонлар жамиятда ўз муносиб ўринларини эгаллаб, камчиликларни тугатишга фаол иштирок этишларига имконият туғилади.

Қоиданинг самарали бўлиши давлат хизматчиларининг ойлик маошлари билан ҳам боғлиқдир. Қоидани жорий этиш баробарида ушбу масалага ҳам эътиборимизни қаратишимиз лозим. Қоидани амалга оширишда тизимли ёндашиш керак, ҳужжат қоғозда қолиб кетмаслиги, маълум муддатдагина компаниябозчилик билан ўз ниҳоясини топмаслиги жуда муҳим шартлардир. Зўравон ва оғзига эрк берадиган амалдорларни жиловлашнинг йўли бу — аввало том маънодаги ҳақиқий демократик, адолатли жамият, эркин матбуотдир.

Хусусий мулкдорликни ривожлантириш, эркин ва ҳалол рақобатга йўл очиб бериш, қўшниларимиз ва жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий алоқаларимизни мустаҳкамлаш, ҳукумат фаолияти шаффофлигини таъминлаш, партиялар ўртасида ҳақиқий рақобат муҳитини яратиш, порахўрлик ва коррупцияга олиб келувчи барча йўлларни ёпиш орқали биз нафақат бундай ҳақоратловчи амалдорларни жиловлаймиз, балки шу каби сифатга эга бўлган шахсларнинг ҳокимиятга келишлари учун ҳеч қандай асос қолдирмаслигимиз мумкин бўлади деб ўйлайман.

Фарҳод Абдураҳмон

6 комментариев

  1. Жудаям босиклик билан ёзилган макола. Жудаям яхши тахлиллар билан кунглимдагидай ёзилган. Аёллар сукинишигаям ургу берилган. Уяммас буяммас менга энг эриш туйилган манзара -катта катта мансаб эгаларининг Президент билан фермер даласидаги учрашувларда кулларидан блокнот ручка тушмаслиги худди диктант ёздираетгандай …Буни ким татбик килган экана деб уйлардим.Президент юзига карамаслик учунми -уша пайтда эътибор берган булсангиз ёзиладиган кийин ракамлар, янгича терминлар булмайди,диккат билан эшитиш кифоя. Йук,юзига жиддийлик никобини такволиб бир нималарни ёзишади .Сен рахбарсан, нахотки айтилаётган гапларни бир эшитгандан кулокка ололмасанг.

  2. Ўзини ҳурмат қилмаган одамдан ҳар қандай пасткашликни кутса бўлади.Ўзиники ҳурмат қилмайди,бошқаларни қандай қадрласин. Ҳақоратга ҳақорат билан жавоб бермайдиган инсонларни ҳурмат қиламан,сабаби у инсон ақлли, унинг даражасига тушишни ўзига эп билмайди.Мансаби юқори бўлса бўлаверсин,у амал курси ҳам вақтинча.Аллоҳнинг мезонида даражаси қандай экани муҳим!

  3. Агар қўрқоқлик қилиб,масалан сиз айтмоқчи бола чақамни боқолмайман деган истиҳола билан жим турган бўлса,у ҳолда у одам нотўғри йўл тутаётган бўлади.Ризқ Аллоҳдан!

  4. Бугунги ахвол рахбарнинг сукишига кул остидаги ходим жавоб кайтарадиган даражада эркин эмас!
    Ходим рахбар хакоратига яраша жавоб кайтарса, онангни… деб турган рахбар бир минутда буходимни кал жужадай эзиб, милисахонага тикиб ташлайди. Бир марта айтганига пушаймон килдириши аник!
    Эътибор килган булсангиз, хамма хакоратчи рахбарни енида албатта, милиса бошлиги навкарлари билан шай турган булади!

  5. Исломбек Набиев!
    Демократия— биз яшаб турган жамиятда биздан бошка одамлар хам яшаетганлиги, уларнинг хам уз манфаатлари борлиги, биз инсоф ва ахлок доирасида узимизнинг ва бошкаларнинг манфаатлари билан хисоблашган холда киладиган амалларимиздир!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *