ДАВЛАТ НАЗАР: «ПУЛЬС» ПРЕЗИДЕНТ ҚЎЛИДА

Ўзбекистон тарихида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиб қоладиган “халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари  йили» бўлмиш   2017 йил  поёнига етиш арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этилди. Ушбу мурожаатномани ўқиганлар ва тинглаганлар ижтимоий тармоқларда, оммовий ахборот воситаларида Президентнинг ушбу чиқишини мазмунини,  кутилмаган мутлақо янгилик бўлганидай мақташга зўр бериб, яна эскича одатимизга кўра маддоҳлик мусобақаси бошланиб кетгандай назаримда.

Бундай дейишимга сабаб, аслида  ушбу мурожаатномада Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг президентликка номзодлик дастури ва президентликка сайлангандан сўнг амалга ошираётган ишлари ва қилаётган чиқишларининг мантиқий давоми ва барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳатлардаги собитқадамликдан ва янада такомиллаштирилишидан дарак берувчи халқимиз айнан кутган гаплар айтилди.

Нега халқимиз кутган гаплар дейишимизнинг сабаби шундаки, ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки ушбу йил “оёғи ердан узилиб” гўёки ўзга оламда яшаётган амалдорларни реал ҳаётга қайтариш, дардларини ичига ютиб, адолат излаб ҳафсаласи пир бўлаётган ҳалқни қалбида умид учқунларини уйғотди. Миллионлаган фуқароларимизнинг йиллар давомида йиғилган муаммолари ўз ечимини топилиши, “давлат ҳалққа хизмат қилади”, “инсон манфаатларининг устиворлиги” , “қонун устиворлиги ва унинг барчага баробарлиги “ каби тамойилларининг қоғозлардан амалда ҳаётга кўчиши, мудроқ депутатларни уйғонишига, ўзларининг кимлигини ва кимга хизмат қилишини унутиб қўйган амалдорларнинг сал бўлсада ўзига келиб, халқ томон юзланишига сабаб бўлди. Бу эса шубҳасиз одамларимизда эртанги кунига, келажакка ва давлатга бўлган ишончни кучайтирди.

Аммо ҳалқимизда бошланган эзгу ишларни йил якуни билан аввалгилардай унут бўлиб фақат қоғозда қолиб кетмасмикан деган ҳадик йўқ эмас эди. Шунингдек айрим амалдорлар орасида ҳам эски даврни қўмсаб, Президент тамонидан қўйилаётган талабларнинг юмшоқ қилиб айтганда “қуруқ гапга“ айланишидан умидвор бўлганлар йўқ эмас.

Айнан мана шунинг учун ҳам Президентнинг орқага йўл йўқлиги, бошланган ислоҳатларнинг давом эттирилишидаги қаътиятлиги намоён этувчи ушбу чиқишини мен кутилган эди дея баҳолайман.

Мен ҳеч нарсани идеаллаштириш ниятим йўқ. Чунки мутлоқ идеал давлат ҳам, инсон ҳам йўқлигини яхши англайман, аммо доимо идеаллик сари интилиш, такомиллашиш тараққиёт гаровидир.  Айтиш керакки, инсон манфаатлари ҳақидаги баландпарвоз шиорлар ва мукаммал деб баҳоланган қонун ва қарорлар ҳамма вақт, ҳаттоки мустабид шўролар даврида ҳам бўлганлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Аммо ушбу шиорларни, қонун ва қарорларни ижроси таъминланмаса, аниқроғи худди соатга ўхшаб аниқ ишлайдиган механизми шакллантирилмаса барча эзгу мақсадлар фақат оддий қоғоз бўлиб қолиши бу аксиоманинг ўзи.

Давлат тамонидан ўтказилаётган барча соҳага оид сиёсатнинг ижроси тан олиш керак фақатгина Президентга ёки Бош Вазиргагина боғлиқ эмас. Кўп жиҳатдан жойлардаги ҳокимларга ва амалдорларнинг фаолиятига, маъсулиятни сеза билиш даражасига, ғайратига ва муҳими ВИЖДОНИГА боғлиқ. Туманлардаги ҳокимлар ўзлари бош бўлган туманлардаги ҳолатни “пульс”ини доимий равишда қўлларида ушлаб турсаларгина аҳолининг турмуш даражаси ошади, муаммолар ҳал бўлади, ва шундагина Президент ибораси билан айтганда “халқ давлатдан, раҳбарлардан рози бўлади”, бу ҳам аксиома.

Ютуқларимиз кўп, буни инкор қилмаймиз, аммо ҳамон ўзига келолмаган, мудрашдан фориғ бўлмаган ҳокимлар ва раҳбарлар ҳам бор. Бу кабилар ҳанузгача фақатгина “тепадагиларга” ёқиш учун, улардан бир оғиз мақтов эшитиш учун йўқ нарсаларни бор дея, сохта ҳисоботлар билан Президентни, ҳалқни алдашга, чалғитишга уриниб эскича ишлашдан воз кечолмаяпдилар. Улар билибми, билмайми, Давлат ва Президент сиёсатини саботаж қилиб, билдирилган ишончни суистеъмол қилиб халққа хиёнат қилмоқдалар. Афсуски, биз касбимиз тақозоси билан жойларда бўлганимизда бундай кўнгилсиз ҳолатга кўп бора дуч келмоқдамиз. Аммо ёлғоннинг умри қисқа бўлишини бундай раҳбарлар яхшилаб ўйлаб кўриши лозим.

Президент таъкидлаганидай биз олдимизга қўйилган мақсадларга эришишимиз учун бир тану бир жон бўлиб, якдиллик билан алдовларсиз, кўзбўямачиликларсиз СИДҚИДИЛДАН ишлашимиз зарур!  Зеро чеккадан биров келиб, қилишимиз керак бўлган ишни қилиб бермаслигини тушуниб етиш вақти келди.
Қолаверса ўтган бир йил давомида Президент мамлакатимизнинг барча соҳаларидаги ва ҳудудларидаги аҳволини кўрсатиб турувчи “пульсни” ўз қўлида маҳкам ушлаб олди.

Бу дегани хар хил “паказухалар”, ёлғонлар, алдовлар замони ўтиб, чинакамига виждонан юртимиз фаровонлиги ва келажаги учун ишлаш вақти келди деганидир!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *