Давлат Назар: Президентимиз ўқимасин

Ажойиб бир дўстим бор, исми жисмига мос — Соддабой Деҳқонбоев. Қачон қарама, ғалати-ғалати янгиликларни топадими-ей, адолат излайдими-ей….

Тунов куниям уйда қишни ғамини еб, таппи тайёрлаб юрсам, Соддабой дўстим ховлиқиб кириб келди.

—Мана, дўстим, ҳақиқат бор экан-ку! Мана қара, Хуршид деган бир мард топилиб, ўқишга киришда бўладиган тестлардаги барча кирдикорларни очиб ташлабди-ку! Мана энди кўрасан, энди адолат бўлиб, сани ўғлинга ўхшаганлар ҳам бемалол ўқишга кирадиган бўлади. Бу қилғиликларни қилган муттаҳамлар жазосини олади, мана кўрасан, — дея бундан ўн кунча олдин интернетларда шов-шов бўлган тест натижаларидаги ғалати тасодифлар ҳақидаги хабарларни кўрсатаётган телефонини бурнимга тиқди.

Эҳ, содда дўстим-а, бунча гўл бўлмасанг, дегим келди-ю, индамай қўя қолдим. Соддабой дўстим гўёки тестлар топшириш жараёнида адолатсизлик бўлган дейди, тавба! Ҳеч қанақа адолатсизлик йўқ бизда, хўпми? Негаки, Олийгоҳларга ўқишга кириш бу — нима десам экан, ҳа топдим, Миллий Университетимиз ва Молия институтимизнинг бошлиқларини гапига қараганда, бор йўғи «кўчага боғлиқ» бўп қолган. Яъниким, кўчадан тасодифан ўтиб кетаётган бир «сеҳргар»ни топасиз-да, ундан фарзандингизни бирон бир олийгоҳга жойлаб қўйишини илтимос қиласиз. Бу «сеҳргар» сизга ўхшаган «мижозлар» фарзандларини тест жараёнида битта аудиторияга жойлаб, «куф-суф» ёрдамида назоратчи-пазоратчиларни кўзини шамғалат қилиб, тестдан осон омон ўтказиб, талабага айлантиради-қўяди.

Муаммо фақат ушбу «серҳгарни» топиш ва «вага» жодусини ишга солишга лойиқ “ёнилғи” топиб бера олишдадир. Олийгоҳ раҳбарлари, ДТМ ходимлари, жамоатчилик назорати деган казо-казолар бу «сеҳргарлар» олдида ип эша олмайди, ҳуқуқшунос Хушнуд Худайбердиевнинг Иқтисодиёт университетига, Миллий университетига ва Молия институтига кириш учун бўлиб ўтган тестлардаги “тасодифий” натижаларини таҳлиллари ушбу гапларни тўлиқ исботлайди. Агарда биз бечора Хушнудбекнинг бу ғаройиботларга «сеҳр-жоду» аралашганини билмасдан, кимлардандир, нималардандир гумонланишини ҳисобга олмаганда.

Мабодо, бу ерга «сеҳр-жоду» аралашмаганида бизнинг доимо сергак органларимиз МХХ, Прокуратура оғизларига талқон солиб ўтирмасдан, тест натижаларидаги “тасодифлар” сирини бир секундда очиб ташлаб, аллақачон тест натижаларини бекор қилиб, адолатни тиклаган бўлардилар. Афсуски, «сеҳр-жоду» олдида бу органларимиз ожиз бўлса, айб уларда эмас-ку!

Фақат бу гапларни ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ўқиб ёки эшитиб қўймасин-да, акс ҳолда ушбу сеҳгарларни топиш учун баъзи бир тегишли органларнинг ходимлари чин дилдан терлашларига тўғри келиб қолиши мумкин. Шунинг учун уларга айтиб қўйинг, ушбу ёзганларимизни зинҳор президентимиз ўқимасин. Бизнинг ёзганларимиз фақат Соддабой дўстимга ўхшаган оддий одамлар учун мўлжалланган, холос.

Давлат Назар, Соддабойнинг дўсти.

10 комментариев

  1. Хаммасини тугирласа булади. Факат жиндек виждон ва маьсулият булса бас. Масалан Кукон ДПИ да МХХ ни сайьи харакати билан хакикат Бир мунча карор топди. Хакикий билими борлар укишга кирмокда.

  2. Бир полковникни угли билим юртини тугатиб 2 та юлдузчани такиб дадсини олдига келиб, мактана бошлабди: — Дада ман мана курасиз генерал буламан дебди.
    Отаси: — Йук углим сиз полковник буласиз дебди.
    Угил булса:- ЭЭЭЭ дада нима деяпсиз ман аъло бахолар билан билим юртини тамомладим, мана курасиз генерал буламан — деган экан ота углига — Йук углим сиз полковник буласиз дебди.
    Угил кони кайнаб: — нима учун дада ахир ман… ахир дада…
    Шунда ота углига: — углим ахир генералларни хам угли борда — деган экан.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *