Давлат Назар: ПРЕЗИДЕНТ ТУҲМАТЧИМИ, ЖАНОБ ТОШХЎЖАЕВ?

Шу йилнинг 12 октябрь кунида ташкил этилган матбуот брифингида Тошкент шаҳар ИИББ расмий вакили Дониёр Тошхўжаев ички ишлар идораси терговчисига нисбатан туҳмат қилган Facebook фойдаланувчилари Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилгани кун.уз сайти хабар қилган эди. Ушбу хабарда Дониёр Тошхўжаевнинг «Сергели тумани терговчиси унга туҳмат қилган фуқароларга нисбатан қонуний чоралар кўришни сўраб мурожаат қилди. Биз мурожаатни қабул қилиб, туҳмат қилганларни топиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўриши учун шаҳар прокуратурасига топширдик. Агар интернет фойдаланувчилари бизнинг ходим айбланувчидан қандайдир мукофот олганини даъво қилишса, далил келтиришсин. Бизнинг қонунчиликда туҳмат ҳақида модда бор. Фойдаланувчилар терговчини порахўрликда айблашди. Биз эса, бунинг туҳмат эканини исботлаш ниятидамиз», – деган эди сўзлари келтирилган эди.
Кун.уз сайтининг кечаги хабарларига кўра эса 2 ноябрь куни ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур иш юзасидан олиб борилаётган суриштирув ишлари қайси босқичда эканига ойдинлик киритган Тошхўжаевнинг сўзларига кўра, бугунги кунга қадар мазкур иш деярли 80 фоиз якунига етиб қолган. Унда 200 га яқин Facebook фойдаланувчисининг ёзган фикрлари ўрганилган. Шундан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг туҳмат қилиш моддасига мос тушувчи ҳолатлар бўйича 10 нафар фуқарога нисбатан ҳужжатлар тўпланганидан сўнг, кўриб чиқиш учун шаҳар прокуратурасига тақдим этилади.
Бу хабарларни ўқиб мен жаноб Тошҳўжаевга баъзи маслаҳатлар билан “ақл ўргатиш»га жазм қилдим:
Бошлаган ишингиз таҳсинга лойиқ. Менимча ташаббусингиз шубҳасиз Ўзбекистон тарихида қоладиган воқеа. Фақат жаноб Тошхўжаев сиз қонуннинг барча учун барабарлик принципидан келиб чиқиб ишни ПРЕЗИДЕНТИМИЗДАН БОШЛАНГ!
Сабаби Ўзбекистон Республикаси Президенти июл ойида Тошкент вилоятига ташрифи якунида «Дунёқарашингни ўзгартирмасанг, кеч бўлади. Сенга ўн кун муҳлат, қадамларинг барибир ёқмаяпти. Битта ўзинг қолдинг, ҳаммани ишдан олдим. Ман ўзи прокурор деганни, кечирасизлару, жудаям ёмон кўраман. Буни очиқча айтаяпман. Туман ҳокими, вилоят ҳокими бўлиб ишлаганимда кўрганман. Бу ноинсофлар прокурорча бўлиб, юриши ўзгариб қолишини, одамни менсимай қўйишини жуда яхши биламан. Жуда яхши биламан.
Ўзи биринчи ўғри улар. Яна ҳаммани ўғриликка даъват қилади. Энг катта ўғри улар.”
Дея прокурорларни “ўғирликда айблади” Бу ҳам етмаганидай “ Ҳамма аравани бирдек тортиши керак. Одамларни рози қилиш керак. Прокурор қачон яхши яшайди? Халқ яхши яшаса! Лекин буларнинг уйларини қаранглар! Машиналарини қаранглар! Нима, улар атом реактори яратганмиди? Бир-иккитаси фамилиясини тўғри ёза олмайди. Лекин прокурор бўволади, таниш-билиш билан, кейин ғўддаяди. Шунинг учун ёмон кўраман уларни. Булар издан чиқиб кетган ЭДИ. Мана энди ҳалол ишлашга ҳаракат қилаётган одамлар билан ишлаяпмиз. Уларга шароитлар яратиб бераяпмиз», деб ҳурматли президентимиз айрим прокурорларни саводсизликда ҳам “айблади”.  Қизиқ жаноб Тошхўжаев нега жим. Ёки Президентимизнинг бу гапларини ўқимаган, эшитмаган эканда! Хўш сизнингча, Президентнинг бу айтган гаплари ёлгонми? Балким туҳматдир? Йўқ !.!! Бу гаплар ҳуқуқни муҳофазаси билан боғлиқ органларидаги ҳақиқий аҳволини кўрганидан ва билганидан кейин вулқон каби юракдан беихтиёр отилиб чиққан туғёнлари эди. Сиз эса ижтимоий тармоқларда ўз фикрини билдиришга интилаётганларни “тилини кесишни” истаяпсиз!! Эндигина ўз дардини ва фикрини айтишни ўрганаётган жабрдийда ҳалқимизни яна кўр ва сақов қилишни истаяпсиз! Агар ижтимоий тамоқдагиларни ўз фикрини билдирувчилар деб эмас, туҳматчилар деб ҳисобласангиз, унда ишни қўлингиздан келса Президентдан бошланг!!!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *