ДАВЛАТ НАЗАР: ҲАМЖИҲАТЛИҚ ЮТУҚЛАР ГАРОВИ!

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб  янгича мазмун ва йўналишда ўтказилган  тантанали маросимдаги маърузасида  “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”  деб эълон қилинган 2017 йилда   “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган ғоя асосида амалга оширилган катта ишлар    ва   олдимизда турган долзарб вазифалар   хусусида тўхталиб ўтди.  Дарҳақиқат  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айланди.

Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида шу йилнинг ўзида 20 дан ортиқ қонун ва 700 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Айрим  қонунлар халқимизга маъқул эмаслигини, давр талабига жавоб бермаслиги ва улар эл-юртимиз манфаати учун ишлаши кераклигини ҳисобга олган ҳолда  уларга  тегишли тартибда ўзгариш ва қўшимчалар киритилди,  киритилмоқда.

Ўтган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да ўтказилаётган ислоҳатларнинг асосий мақсадларидан бири  – халқ ҳокимиятини сўзда эмас, амалда таъминлашдан иборат эканлигини ҳар амалдор тушуниб етиши   бугунги мураккаб даврнинг асосий талабидир. Бу масалада      президент Ш. М. Мирзиёев  ўз нутқида алоҳида тўхталиб,   “…одамларимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни бугун кутмоқда.  Шу сабабли биз ўз фаолиятимизни «Буюк келажагимиз бугундан бошланади» деган шиор асосида ташкил этишимиз, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч ва салоҳиятимизни ишга солишимиз зарур. Энг аввало, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур”  дея таъкидладилар.

Шунингдек Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бугунги ўтказилаётган кенг қамровли ислоҳатларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган  устувор масалаларга ўз эътиборини қаратди. 

“Биринчидан, давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши шарт. 
«Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланиши керак.”

Тан олиш керак президент тамонидан  раҳбарларнинг ишга муносабатини ўзгартиришга катта  ҳаракатлар қилиняпди, аммо  онгу тафаккури қотиб қолган, эскича фақат “юқорига” яхши кўриниш учун ишлашга одатланган айрим раҳбарларни дунёқарашини  ўзгартириш қийин бўлмоқда.    Бундай мансабдорлар ҳамон  мунтазам равишда жойларга чиқиб, одамларнинг эҳтиёжлари, муаммолари билан яшаш ва уларнинг ечимини топиш вазифасига панжа орсидан қараб,  хўжакўрсинга қилинаётган ишлар билан халқни ва президентни чалғитишга уринишлари бор гап.. 

Иккинчидан, халқ ҳокимиятчилиги ҳақидаги конституциявий тамойилнинг асл моҳиятини барчамиз чуқур англаб етишимиз зарур. “

Айтиш керакки  ҳар бир давлат хизматчиси,  депутатлар  халқ олдида масъул эканини,  оладиган иш ҳақи шу халқдан йиғилган  солиқлар ҳисобидан маош олишларини  ҳеч қачон унутмаслиги лозим.   Шу боисдан ҳам  давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини,  давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг сарфланишини шаффофлигини  таъминлаш ҳам ушбу тамойилни амалда қарор топтиришнинг ажралмас шарти бўлиши лозим. .
Халкимиз  давлат органлари, шунингдек, ўзлари сайлаган вакиллар нима билан шуғулланаётганини билишлари, уларнинг фаолиятига холисона баҳо бера олиши учун барча маълумотларга эга бўлиш имкониятларни яратилиши ҳақиқий фуқаролик жамиятининг ажралмас унсурларидан бири эканлигини эсдан чиқармаслик лозим.

Учинчидан, биз учун энг катта бойлик бўлган аҳоли саломатлигини сақлашга оид конституциявий нормалар ижросини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиши лозим.”

Бу борада малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш биринчи даражали вазифамиз  айлантирилганлигини ҳамда жамиятда соғлом турмуш тарзини ва тиббий маданиятни оммалаштириш бўйича ҳам жиддий иш олиб борилаётганлигига барчамиз гувоҳ бўляпмиз.

Тўртинчидан, бизнинг фаолиятимиз энг муҳим конституциявий қоидага – ижтимоий адолат тамойилини таъминлашга қаратилиши шарт.”        

Ижтимоий адолат – бу сиёсий қарашлари, жинси, миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, қонун олдида барча фуқароларнинг тенглиги, уларнинг эркинликлари ва ҳуқуқлари  конституциямизда кафолатланган.  Энг муҳими,  ҳар бир  фуқаронинг  қонунларда кўрсатилган хуқуқ ва эркинликларини паймол этилишини олдини олиш жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш борасидаги асосий вазифалардан биридир. Бинобарин  қонун адолатли барча учун баробар ва устивор  бўлса, шунингдек фақат қоғозда ва оғизда эмас,    инсон ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилсагина одамлар қонунни ҳурмат қилади ва унга итоат этади. 

“Бешинчидан, фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир.”                  

Тўртинчи муҳим масаланинг узвий давоми бўлган бу масала  бугун, демократик ўзгаришлар даврида мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий ҳаётида бевосита ва фаол иштирок этиш истагида бўлган фуқароларимизнинг салоҳияти тўла намоён бўлишини таъминлашимиз билан боғлик. Бу борада кўппартиявийлик тизими, партиялараро баҳс-мунозара, фикрлар ва дастурлар ўртасидаги рақобатни жадал ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига, қисқача айтганда ҳақиқий маънода тўртинчи ҳоқимиятга  айланиши зарур. Ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликлар, долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқиш улар фаолиятида асосий мезон бўлиши керак.

 

“Олтинчидан, бизнинг яна бир муҳим вазифамиз – фуқаролар, давлат ва жамият ўртасида ўзаро масъулият, ҳуқуқ ва бурч боғлиқ эканига оид принципни изчил амалга оширишдан иборат.”

Бу масала  мамлакатимиз олдида турган муҳим вазифаларни ҳал қилишда давлат ва шахс, давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида самарали ҳамкорликни ва ўзаро ишончни  таъминлайдиган конституциявий асосдир.  Ватанимиз равнақи учун,  ва келажаги учун, халқимизнинг  тарихий, маънавий ва маданий меросимизни сақлаш, бойитиш ва келгуси авлодларга безавол етказиш учун   барчамизга  – фуқароларга ҳам, жамиятга ҳам, давлатга ҳам бирдек масъулият юклайди.

Еттинчидан, тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолади.”

Алоҳида эътироф этиш лозимки,   ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини жадал ривожлантириш, республикамизнинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишбилан чамбарчас боғлик бўлган бу масала ўтказилаётган иқтисодий ислоҳатларнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

Тан олиш зарурки иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш, бу соҳани давлат тамонидан   ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи  давлат раҳбарининг   доимий эътиборида  ва назоратидалиги таҳсинга лойиқ. Шавкат Мирзиёев бу ҳақда “тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат”  деб қабул  қилишини ўз нутқида яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Саккизинчидан, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, мамлакат ташқарисида ҳам ўз фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаши ҳақидаги конституциявий қоиданинг ижросини сўзсиз таъминлашимиз шарт. “

Афсуски, шу вақтга қадар чет элларда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига етарлича эътибор берилмаганлиги аччиқ ҳақиқат.

Бугунги кунда юртдошларимиз чет элда фақат қора меҳнат билан эмас, илм-фан, банк-молия, ахборот-коммуникация технология соҳаларида фаолият кўрсатмоқда. Хорижий давлатларда турли соҳаларда  фаолият кўрсатаётган меҳнат мигрантлари тамонидан ҳар йили  мамлакатимизга миллиардлаган валюта маблағлари олиб келинаётганлигидан асло кўз юмиб бўлмайди. Шуни  инобатга олиб, хорижда қонуний асосда меҳнат қилаётган, таълим олаётган фуқароларимизга бўлган муносабат бугунги кунда тубдан ўзгариб бораётганини таъкидлаш зарур. Ўзбекистон ҳукумати бундан буён ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳар томонлама ҳимоя масаласини долзарб вазифалардан бирига айлантирганини қайд этиш лозим.

 

Юқоридагиларнинг барчасидан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Президент учун мамлакатимиз тараққиёти ва халқимизнинг фаровонлиги масаласида арзимайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Шу боисдан Юртимизнинг буюк келажаги учун барчамиз жипслашган ҳолда юртбошимизни қўллаб қувватлаб, ҳар биримиз ўз вазифасини виждонан ва сидқидилдан бажаришга интилсак,сўзсиз биздан келажак авлодга озод ва обод  ватан, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига ва сўзига эга давлат қолишига эришамиз!

Зеро унутмайлик, ҳамжиҳатлик ютуқлар гарови!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *