Давлат Назар: Алдагани Президент яхшими?

Пахта теримидаги кўзбўямачиликларни ҳаммага ошкора этилиши Президентнинг жойлардаги ҳокимлару, амалдорларга берган ўзига хос “сигнал” деб ўйлайман. Бу билан яна бир бора Шавкат Миромонович жойлардаги барча муаммою, ютуқлардан хабардорлигини, Ватан равнақи учун ишлаш , ҳалққа хизмат қилиш нияти бўлганларга учун ёлғонлардан, сохта “урачилик” одатидан воз кечиш лозимлигини эслатмоқда.
Дарҳақиқат жойларда сохта “рапортлар”, ёлғон рақамлар ва ваъдалар, хўжакўрсин тадбирлар, турли кўзбўямачиликлар фақат пахтачиликда эмас, бошқа соҳаларда ҳам борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Буни ҲАЛҚ билади, ПРЕЗИДЕНТ кўряпди.
Жаноб ҳокимлар! Жаноб амалдорлар!
Атрофга қаранг, давр ўзгаряпди. Ёлғонлар даври ўтди. Президентни, халқни алдаш билан нимага эришиш мумкин. Йўқ нарса пайдо бўлмайди, муаммо ўз ўзидан ечимини топмайди, ботқоққа тушиб кетаверамиз, халос. Ўзингизни ўзингиз алдаяпсиз, фарзандингизни, неварангизни, кекса ота онангизни алдаяпсизку, наҳот тушунмайсиз?
Бугун мақтов эшитарсиз, орден оларсиз, суратингиз газета ва журналлар саҳифасидан тушмас, аммо халкимизда бир мақол бор “касални яширсанг, иссиғи ошкор қилади”. Қолаверса виждон, эл юртни ишончи оқлаш деган нарсалар борлигини эсдан чиқармаслик керак. Мансаб ўткинчи, аммо қилинган ишлар тарихда қолади. Эртага мансаб эгаларига амалга оширган ишларига қараб баҳо берилади, сохтакорликлар юзага қалқиб чиқади сувдаги пўкак каби.Раҳбарликни эплолмаса, янгичасига ишлолмаса яхшиси, мард бўлиб ўринни бўшатса, халк қарғишини олмайди. Мен жойлардиги амалдорлар Президентимизнинг ҳар бир гапини уқишини, халқнинг дарди билан яшаб, юрт келажаги учун ёниб ишлашини истардим. Номигагина қилинадиган ишлардан, компаниябозликка берилиб ўтказиладиган тадбирлардан воз кечайлик, ҲАММАМИЗ. Оддий деҳқондан тортиб то Ҳокимларгача.
Президент “сигнал”ининг мақсади ҳам шу бўлса керак. Шундагина ЎЗБЕКИСТОНИМИЗнинг келажаги чинакамига БУЮК бўлади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *