Давлат Назар: “Қарғишлар”га қолган журналист дўстим. (фельетон)

Дўстим бор ажойиб йигит, аммо журналистлигини ҳисобга олмасак. Таажжубланманг, негаки у ҳам кўпчилик журналистлар қатори, тинчгина юрмаслиги ёмонда, қачон қарама ҳақиқатни ёзиб, кимларнингдир “қарғишларига” “сазовор бўлиб юриши. Баъзан очиғи ўзимам ундан хафа бўлган пайтларим бўлади. Бу бошқа тарих уни алоҳида айтиб берарман.
Анави куни ишдан чарчаб келиб энди ёнбошлаганимни биламан, қўл телефоним жиринглаб қолди. Кўтарсам:
-Бормисан, қариндош, мани тонидингмо? Мен раҳматли Биби аммангнинг қайноғаси Аҳматнинг ули Самаднинг қудаси Эшматнинг акаси Тошмат акангман!… Шу санга бир ишим тушиб эди. Ҳамид маллимни газетда ишлийдиган ули Умид жон жўранг экан. Налогчилар билан дипартамендагилар айтдики аши бола уканг Бекматти ароқ дўконини ёпасан диб ёзибмиш. Сан у жўрангга , ула мани қориндошим, уларга тегинма ман учун, деб айтгин хўпма?
-Мактабни биқинидаги ароқ дўкон ҳали сизникими, Тоға, нима ҳужжатлар носозми?
-Ҳа, топдинг! ўзи лисензия- писензиялар бор, аммо дакуменда адрис хов трассадаги стройматриал дўконимни адриси ёзилган, ўзинг биласан у ёғда кимам ароқ оларди, ашунга сентрда очиб қўйибмизда. Чойхонамга жўрангни опкисанг мазза қилиб балиқхўрлик қиласилар, яримтаси қанча ичсаларингам мандан, қариндош!
-Ҳа раҳмат, аммо манам, у ҳам ичмаймизде, балиққа эса ҳушим йўқ, лекин сиз безовта бўлманг, ман айтганларингизни албатта айтаман. Аммо у ўта қайсар болада, шунга сиз менимча налогчилар билан департаментчиларингизни маҳкам ушланганингиз яхши. У ким бўпди бор йўғи бир журналист бўлса…
-Э, уларинг ҳар кун бўмасам кун ора чойхонамдалар. Аши журналист жим юрса биз индамаймиз дийишди….
-Майли, айтаман дедимку,тоғо, шошиб турувдим, кечирасиз.
— Аммо абизатилно тайинла, ҳар ҳолда сан билан қариндошмиз, тобуткашмиз…
Мана доимгидай яна бошланди. Юз йил кўрмаган қариндошлар, танишлар телефон қилиб Умид дўстимнинг “шарофати” билан мани излаб бошлашади. У эса бировнинг гапини тингласа экан, гапирсанг. Ўз билганидан қолмайдиганлардан. Гапирсам “ман санга бухгалтерияни ўргатсам қанақа бўлади, қўй бу гапларни” деб оғзимни ёпиб қўяди, тамом. Хуллас тинчгина дамимни олиш мақсадида телефонимни ўчириб қўйдим.
Эртаси куни солиқ идорасига ҳисобот топширишга борсам, ҳисоботни қабул қилувчи сал “ғалатироқ” гапирадиган инспектор йигитча менга эҳтиёткорона боқиб сўради:
-Ака роостданам, анави Умид ёзувчи сизнинг энг яқиин жўрангизма?
-Топдинг, ука, фақат Умид аканг “ёзувчи” эмас, журналист, билмасанг, билиб қўй, шунақа касб бор! Нима эди, сениям ароқ дўконинг бормиди?
-Йўўғ-эй, меники эмас, поччамники у арооқ магазини, -дея шошиб жавоб берди бечора солиқ инспектори, худди отасига айб иш устида тутган ёш боладай.
-Хафа, бўлма ука, поччангга ҳам айт хафа бўлмасин, у ўзи шунақа “галварс” одам, қонун бузилганини кўрса жим туролмайдиганлар тоифасидан, — дедим киноя билан, унинг қичиб турган тилларини баттар қичитиб. У киноямни тушунмай “сайрай” бошлади:
-аммо ака тури айтдииз, шуунча одами қарғишига қоолди. Ёзмасдан олдин ўйламими ахир бу ароқчилаарам одаам, улариям боола чақааси бор. Аммоо қарғишдан сиира қўрқмас экаан! Нима керак экан ёзииб, орден беермидику, баарибир. Наабарот ҳамма ёмоон кўради, турими?
Энсам қотди. Бу ростданам кинояни тушунмайдиган гўлми, ё мени майна қилаяпдими, тушунмадим. Энди жаҳлдор оҳангда дедим:
-Ука хафа бўлмагин, у аҳмоқни қарғишдан қўрқмаслиги билан айнан сенга ўхшайди, -овоз пардам кўтарилиб кетганидан жаҳлим чиққанини сезди шекилли, кўзларини пирпиратиб сўради:
-нимаага унаақа деяпсиз аака?
-сен ҳам ҳар ой, нечталаб тадбиркорни, ҳисоботни кечиктирдинг деб жаримага тортасанку. Тўғрими, тўғри !Отанг тенги одам “ака кечиринг бир сафар” деб турса ҳам, сен “ қанақа кечираман, бу давлатти қонуни, ман шу қонунни ҳимоя қилувчи давлатти одами бўсам қанақа қилиб кечираман?”, дея шартта далолатнома ёзасанку. Тўғрими, Тўғри! Шундай экан бошқа гапирса тушунардим, аммо сен шу гапларни айтсанг мени аччиғим келади ука! Уни касби журналист, ҳақиқатни ёзиш, қонунни, адолатни ҳимоя қилиш вазифаси, билдингми? Э, хайф сенга ўхшаган давлат одамига! –дедиму эшикни қарсиллатиб ёпганимча чиқиб кетдим.
Ростданам ҳайрон қоламан, ҳоким амалдорни қонунни бузса ишдан бўшатиши табиий ҳол деймиз. Милиция ўғрини ушласа, қаҳрамон деймиз. Прокурор қонунбузарни жазога тортса, олқишлаймиз. Судъя жиноятчини қамаса, адолат қарор топди дея қарсак чаламиз! Аммо журналист қонун бузилишини ёзса, қонунни назарига илмаган амалдорни танқид қилса, ёхуд ҳақиқатни ёритса, адолат учун қўлидаги қалами билан курашса дарров уни провакаторга, фитначига, иғвогарга ва “ёзғувчи”га чиқариб ланъатлаймиз, турли “ёрлиқлар билан “сийлаймиз”. Билмайман, нега шунақамиз? Ахир қонунни у эмас, давлат қабул қилган! Адолат тамойилини у эмас жамият шакллантирган. Ёхуд ароқни мактаб, боғча ёнида сотма деб у тақиқлаган эмас, давлат тақиқлаган. Бас шундай экан, нега ҳақиқатни ёзгани учун журналистдан ўпкалаш керак! Мен буни сира тушунмайман!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *