ДАРВОЗА ҲАНГОМАСИ

Якшанба куни бўлишига қарамасдан директор Маматқулова ўз муовуни, хўжалик ишлари бўйича ўринбосари ҳамда иккала қоровулни саҳарлаб мактабга йиғди.

− Кечаги йиғилишда ҳамма мактаб директорларига топшириқ қатъий бўлди, ҳамма ўқитувчиларнинг дарвозалари янгитдан кўк рангга бўялган бўлиши лозим. Келаси ҳафта Катта раҳбар биз тарафга келиб, ҳар бир ўқитувчининг дарвозасини кўриб чиқар эмиш. Кеча эллик минг сўм аванс олиб, манавиларни олиб келдим, − деб қоровулхона эшиги ёнида турган бир неча идишдаги бўёқ ва чўткаларни кўрсатди. − Кечгача улгуришимиз керак, борсак ўзлари ҳам ёрдамлашиб, ўйлайман–ки, тезда битирамиз.

− Ундай бўлса, келинг, мактаб раҳбарларидан бошлаймиз, − таклиф киритди хўжалик ишлари мудири Саъдулла ака. − Кетдик, йўлни бошланг, опа!

− Э, менда дарвоза йўқ–ку? − кулди директор ва ўринбосарига қараб деди:− Сизда борми, Шаҳриёр?

− Менда ҳали дарвоза йўқ, опа. Балки завучимизда бордир?

− Нодированикими? Ундаям йўқ.

− Нима қилдик бўлмаса? − гапга аралашди қоровул йигит Барот.

− Буларнинг барини замбилга солиб кўтаринглар, − буюрди директор. − Мактабни орқасидаги йўлдан бошлаб ўқитувчиларнинг уйига бирма–бир кириб чиқамиз.

Қоровул йигитлар ҳалиги нарсаларни замбилга солиб кўтаришди ва барчалари йўлга тушишди. Мактабнинг орқасидаги кўчада Малоҳат, Дилором, Ҳафиза исмли ўқитувчилар туришар, улар яқинда уй–жой қилишиб чиқишган, ҳали дарвозалари йўқ эди. Уларни безовта қилмай ўтиб кетишди.

* * *

− Келинглар, келинглар! Қани, саҳарлаб? − бироз ажабланиб кутиб олди уларни рус тили ўқитувчиси Қўлдош ака.

− Буйруқ бор, ўртоқ Баҳриддинов. Ҳамма ўқитувчиларнинг дарвозаларини бўяшга чиққанмиз, − жавоб берди директор.

− Оббо! Ҳали дарвоза ололганимиз йўқ эди–ку?

− Уй жойларни–ку, созлаб олибсиз, битта дарвозаниям олиб, қарсиллатиб ўрнатиб қуйсангиз бўлмайдими, ўртоқ Баҳриддинов?

− Ниятидамиз, опа, ниятидамиз. Насиб бўлса, бу йилги майизни пулидан оламиз деб турибмиз.

− Ҳа, майли. Айтганингиз келсин, − деди директор ва ҳамроларига юзланди:− Кетдик!

Кўчани супуриб турган расм ўқитувчиси Нилуфарни учратишди. Салом–аликдан сўнг муддаони билган Нилуфар деди:

− Эрим мелиса. Ҳадемай шаҳарга кетамиз. ҳовлида қайнота–қайноналарим қолишади. Дарвоза керак бўлса, ўзлари қуриб олишар. Ҳозирча дарвозамиз йўқ.

Унинг қўшниси Мажидов деган ҳозир нафақада бўлган кекса ўқитувчи эди.

− Домланинг ҳам дарвозаси йўқ экан, бўлса бўяб кетардик, − ҳазиллашди Барот.

Ҳазил–ҳузул билан Каримовлар хонадонига кириб боришди. Бир вақтлар донг таратган ўқитувчи Дона Каримовнинг фарзандларидан уч–тўрттаси ўқитувчилик қиларди.

− Келинглар, меҳмонлар, келинглар! − гирдикапалак бўлиб кутиб олди, уларни Ўғилбуви муаллима. − Ашурбуви, жой ташла! Анорхол, чой дамла!

− Йўқ, биз чой ичгани келганимиз йўқ. Ўқитувчиларимизнинг дарвозаларини бўяб бермоқчимиз. Домла қўша–қўша уйлару машиналарни қолдирибди–ю, дарвоза қолдирмаган эканлар–да? − афсусланди директор.

− Э, опа, дарвоза дейсиз йўқ, дейсиз–а? − кулди Ўғилбуви. − Дарвоза тугул девор ҳам йўқ бизда. Қаранг тўрт тараф очиқ.

− Майли, биз кетдик. Опангизникига ўтайлик–чи?

Уларнинг опаси адабиёт ўқитувчиси Гулсара опа эса меҳмонларга ўзи пешвоз чиқиб келди.

− Вой, келинглар, дугонажон! Ҳозиргина келиним иссиқ нон ёпувди, чой тайёр!

− Чойни кейин ичармиз, − жавоб қилди директор. − Дарвоза қани?

− Дарвоза? − ажабланди Гулсара опа. − Дарвоза йўқ. Қаердаги ишларни топиб юрасан–а, дугона. Ҳе, ҳазилинг қурсин.

− Ҳар ой битта янги кўйлак кийгунча олдин дарвозани қуриб қўй! − бурилиб кета бошлади директор.

Гулсара опанинг қўшниси рус тили ўқитувчиси Йўлдош аканниг уйи яхшигина қурилган, оппоқ қилиб оқланган, лекин дарвозаси йўқ эди. Ҳовлини кўчадан одам бўйи қилиб тортилган сим тўр ажратиб турар эди. Ҳовлида ҳеч ким кўринмаганидан индамай унга қўшни бўлган Орзуева Моҳираникига ўтишди. Аммо уларникига кириб бўлмади. Каттакон итлари югуриб келиб, ириллаб туриб олди. Ҳаллослаб югуриб келган Моҳира итини зўрға тинчитиб, буларни уйга таклиф қилди.

− Қаердан кириб борамиз? − сўради директор.

− Любой тарафдан кирса бўлади, юраверинглар!

− Бизга «любой тараф» керак эмас, дарвоза керак. Дарвозанг бўлса тақиллати–иб борар эдик.

− Итимизни кўрдингиз–ку, бизга дарвозанинг ҳеч ҳожати йўқ. Кечаси тугул кундузиям ҳеч кимни яқин йўлатмайди.

− Ҳа, бўпти. Кўчаларингда яна қайси ўқитувчимиз бор? − кўча охирига қараб сўради директор.

− Каримов Жўрабек яшайди, химик. Бошқа ўқитувчи йўқ, − жавоб қилди Моҳира.

− Дарвозаси борми? − шу ёққа юрмоқчи бўлди директор.

− Йўқ. Улардаям на дарвоза, на девор, на чегара бор. Қишлоқнинг охирги уйи. Ҳо–ов, сойгача уларни ери.

− Шу ердан катта кўчага чиқиб кетамиз! − бюрди директор.

Улар асфалът йўл томон бурулишди. Уни кесиб ўтиб анчагина юрилса, бошланғич синф ўқитувчиси Гулнозанинг уйига борилади. Уникига ҳам бормас бўлдилар. Чунки, унинг ҳам на дарвозаси, на девори …

Улар асфалът йўл бўйлаб, қишлоқ марказига қараб йўл олишди. Чойхона айвонида жисмоний тарбия ўқитувчиси Полвон ака физика фани ўқитувчиси Ўроқ Қаюмов билан шахмат ўйнаб ўтиришган экан. Буларни кўриб ўринларидан туришди.

− Ҳа, сизларда иш йўқми? − сўради Опа.

− Э, ёмғирни қаранг, − деди Полвон. − Ерлар етилмасдан кетди. Ҳамма ер лой. Ўйин ҳам ноилождан.

− Биламиз, ер етилгандаям жа қойил қиласиз, − деди директор.

− Ҳа, ўзларингиз нима қилиб, буларни кўтариб юрибсизлар? − сўради Ўроқ ака.

− Ўқитувчиларимизнинг дарвозаларини бўяб бермоқчи эдик. Лекин ҳали дарвоза тополмадик. − «ўзларингизда–чи?» дегандай савол назари билан қаради директор.

− Э, бошини қашлади Ўроқ ака. − Биздаям шу, дарвозадан йўқ, даюс. Эсгаям келмабди. Полвон сизда борми?

− Йўқ. Ҳали дарвоза қуриш хаёлдаям йўқ, − каловланди Полвон.

− Ким айтади сизни полвон деб, республика чемпиони деб, − улардан узоқлаша бошлади директор. − Жасадни кўрсин, ҳе,…

Улар болалар боғчаси ёнидан яна ички кўчага бурилдилар. Боғча ёнидаги уй меҳнат ўқитувчиси Қаҳрамон Жўраевники эди. Уй чиройли қурилган, ҳозир қишлоқда урф бўлганидек, қумсувоқ қилинган, лекин ҳовлида на дарвоза, на девор кўринмас эди. Қаҳрамон билан гаплашишга улгуришмади. Чунки, Баротнинг «Ана, дарвозаси бор муаллимнинг уйи!» деган ҳайқириғи ҳамманинг нигоҳини Қаҳрамонннинг қўшниси Мардон аканинг дарвозасига қаратган эди.

Улар Мардон аканинг хонадонига хурсандчилик билан, қўлларини–қўлларига ишқалаб, шижоат билан кириб боришди.

Мардон ака ҳам буларни очиқ чеҳрара билан кутиб олиб, сўрига дарров кўрпачалар солди. Уйидагиларни ҳам шоширди.

− Роҳат! Чой опке! Тез бўл!

Ярим пақир сув сўраб олган Саъдулла ака бирпасда бўёқ тайёрлади ва дарвозанинг бир–икки ерига суртиб кўриб «бўладими?» деб сўради.

− Вой, нима қилаяпсизлар? − ҳайрон бўлди Мардон ака.

− Ҳайрон бўлманг, − деди дарвоза топилганидан суюниб ўтирган директор. − Дарвозангизни чиройли қилиб бўяб берамиз. Тепадан шундай буйруқ бўлди.

− Йўғ–е, яқинда ўзи улчалар бўёвди–да, опа, − норози бўлди Мардон ака. − Яна харажат дегандай…

− Биринчидан, − унинг гапини бўлди директор. − Харажати сизга тушмайди. Иккинчидан, улчаларингиз дарвозани қизғиш қилиб бўябди. Бунинг сиёсий хато эканини билишмаган–да. Сиз учун мен эртага гап эшитишни хоҳламайман. Атрофга бир қаранг, ҳамма ерда кўк ёки яшил ранг. Қизил рангнинг даври ўтди, Мардонқул.

− Шу келингиз қизил рангга ишқивоз эди–да, − чайналди Мардон ака директорга эътироз билдиришга қийналиб.

− Келин ўқимаган. Сизнинг саводингиз бор, тушунтирасиз. Катталар кўкка ишқивоз экан дейсиз, маъқулми? Ўзи қизил дарвоза кўп хосиятли бўлмайди.

− Маъқул, маъқул, − рози бўлди Мардон ака ноилож.

− Бу бошқа гап, − чой хўплади директор. − Барот, Раҳматулло, бошланглар!

«Устолар»га Мардон аканниг ўғли Ҳусниддиндан ҳам қўшилишиб, бирпасда дарвозанинг ичкариси–ю, ташқарисини кўм–кўк қилиб бўяшди.

− Кўрдингизми, Мардон ака, − ўз ишларидан суюнди Саъдулла ака. − Уйингиз ҳам бошқача бир чиройли бўлиб қолди.

− Ҳа, раҳмат, раҳмат! − миннатдорчилик билдирди кўнглининг бир чеккасида қизил рангнинг армони қолган Мардон ака. − Қани, қўлларингизни ювингизлар, овқат тайёр.

Мардон ака ўғли кўтариб келган иккита товоқни дастурхонга қўяр экан, хижолат тортди:

− Борини баҳам кўрамиз–да энди?

− Борига барака, − далда берган бўлди директор. − Макарон паловга ҳам етганлар бор етмаганлар бор.

Овқат маҳали директор эрталарбдан бери қишлоқ айланганлари, лекин ўқитувчиларда дарвоза йўқ эканлигини куюниб гапириб берди.

− Шу десангиз, Офтоб опа, бизларда ҳам йўқ эди, − таърифини келтирди Мардон ака. − Улчаларини бири бултур қозоқда ишлаб келди, Ҳусниддиннимиз Тошкентда ишлаб келди. Шулар ишлаб топган пулларига кузда шу дарвозани олиб келиб ўрнатишди, барака топкурлар. Бўлмаса бизди ойликка дарвоза берармиди?

* * *

«Бўёқчилар» Мардон аканикидан яхши кайфият билан чиқишиб, йўлда давом этдилар. Уч–тўрт уй ўтиб Сайфи Дониёров деган ўқитувчининг уйига етдилар. Уйдан чиққан хотинидан жисмоний тарбия ўқитувчиси Сайфи акани сўрашди.

− Озроқ кайфлари бор эди, ётибдилар.

Директорнинг жиғибийрони чиқди:

− Бир йилда ичган ароғининг пулига нечта дарвоза беради, келин? Аввал дарвоза қурсин, кейин…

− Менам шуни неча марта айтдим.

Аёл яна бир нималар деб қолаверди, булар йўлларида давом этдилар.

Каримберди муаллимнинг ҳам хотини чиқди:

− Клубга кетувдилар. Қанақадир концертларими, шоуларими бор экан кечқурун. Шунга кетувдилар.

Каримберди муаллим клубда ҳам ишлар эди.

− Шоу–поу қилгунча олдин уйига дарвоза қурсин! − узоқлаша бошлади директор ва ҳамроҳларига қараб сўзлади:

− Тўрт–бешта шоусидан тушадиган пулга дарвоза бермасмикан?

− Одамлардаям шоу–ю, концертларга пул қани? − гапга аралашди қоровул йигит Раҳматулла. − Янаям ким билади дейсиз?

Биология фани ўқитувчиси Римма Каримованинг уйи олдида тўхташди. Уйдан чиққан Римма мақсадни тушунгач, нолишга тушди:
− Дарвозага йўл бўлсин. Бу Юнус ишламаса. Тракториниям сотди. Бирор ишга ёрдам бермайди. Мен бир ўзим бўлсам. Дарсимниям кўпайтириб бермасангиз. Дарвозани қаердан олай?

− Кетдик, − деди секингина директор ва улар тезгина бундан кетишди.

Улар уч–тўрт наридаги тарих ўқитувчиси Қорабоеваникига етиб борганларида ҳам Римманинг жавраши қулоққа чаминарди:

− Дарвоза эмиш. Нонга зўрға етказаман. Бир ўзим бўлсам. Юнус ишламаса. Болалар ёш бўлса. Э,…

Қорабоевнинг ҳам дарвозаси йўқ эди.

− Оламан десам бир кунда оламан, − деди у. − Лекин кўчамизни бир қаранг,бирор кишининг дарвозаси йўқ. Олдин бирор киши қурсин, кейин мен қураман. Шу туришимгаям ҳасадчиларим тиқилиб ётибди.

Унинг уйидан ўтиб яна катта кўча тарафга бурилдилар. Уйлари олдида меҳнат фани муаллиммаси Гули Худойназаровани учратдилар. «Дарвоза борми» деган саволга «Ҳали уй ҳам йўқ», деб жавоб берди Гули. У ҳали турмушга чиқмаган эди.

Кейинги уй яна бир биолог Кўпайсин Нормаматовники бўлиб, у киши ҳамма гапдан хабардор шекилли, уйи олдига чиқиб буларга қараб кулиб турар эди.

− Фақат дарвоза бўяйсизларми, уй–пуй ҳам оқлайсизларми? − ҳазиллашган бўлди Кўпайсин ака.

− Пол–молларни ҳам ювиб, ҳовли–повлиларни супуриб ҳам берамиз, − киноя қилди «завхоз».

− Уй қилиб чиққанингизга неча йил бўлди? − сўради директор.

− Ўн беш–йигирма йил бўлди–ёв, − тусмолланди Кўпайсин ака.

− Дарвоза–ку, йўқ экан, беш–ўн метр девор уриб кўча томонни сал номаҳрамдан пана қилсангиз бўлмайдими, уй кўчани устида экан, − танбеҳ берди директор.

− Ие, каллага келмабди, − бошини қашлади муаллим.

Айланиб–айланиб яна мактабнинг рўпарасидан чиқиб келишди.

− Мактабга борайлик, битта гап бор, − деб қолди Саъдулла ака.

Улар мактабга бориб, қорувулхонага кириб, нафасларини ростлаб олишгач, сўзини давом эттирди:

− Офтоб опа! Ўзингизниям бизниям чарчатманг. Бир бошдан ўқитувчиларингизнинг рўйхатини ўқинг. Мен дарвозаси борини айтаман. Кейин қайсига бор десангиз бориб бўяб келамиз.

− Шундай қилинг, шундай қилинг, − деб чувиллашди замбил кўтариб чарчаганлар ҳам.

− Шаҳриёр! Столнинг устида рўйхат бор, − кабинети калитини ўринбосарига узатди директор. − Шуни олиб келинг!

Шаҳриёр бориб рўйхатни олиб келди.

− Ўқинг, биз уйига бормаганларини ўқинг, − деди директор ва Саъдулла акага бюрди. − Сиз дарвозаси борларини алоҳида рўйхат қилинг.

Ўринбосар рўйхатни ўқишни бошлади:

− Олимова Дилфуза, бошланғич синф ўқитувчиси.

− Дарвозаси йўқ, − эълон қилди хўжалик ишлари мудири.

− Юсупов Суннат, жисмоний тарбия ўқитувчиси.

− Дарвозаси йўқ.

− Шодиева Мадина, бошланғич.

− Дарвозаси йўқ.

− Исломова Маърифат, бошланғич.

− Дарвозаси йўқ.

− Хидирова Улжон, тарихчи.

− Дарвозаси йўқ.

− Ўролова Фазилат, география.

− Дарвозаси йўқ.

− Самадова Зулхумор, бошланғич.

− Наврўзғор, дарвозаси йўқ.

− Аллаёрова Ҳанифа, бошланғич.

− Дарвозаси йўқ.

− Шодиева Зуҳра, бошланғич.

− Уям наврўзғор, дарвозаси йўқ.

− Бўлди шекилли, қолганлариникига кириб чиқдик, деди директор ўринбосари яна беш–олти фамилия ўқилиб, бир хил жавоб олингач.

− Ҳеч ким қолмадими? Яхшилаб ўйланглар! − яна бирор дарвозали ўқитувчи топилиб қолишдан умидини узолмасди директор.

Фақат математик Исломова Бахтигул қолди. У бошқа туманда, Тайлоқда яшайди. Билмаймиз, дарвозаси борми, йўқми.

− Энди, опа, юқорига келиштириб ҳисоботни ёзаверинг, ўқитувчиларимизнинг дарвозалари юз фоиз янгидан кўкка бўялади, деб. Ўзим топшириб келаман, − деди хўжалик ишлари мудири.

− Шошманглар, шошманглар, наҳотки эллик етти киши ишлайдиган шундай катта жамоамизда биттагина Эшонқуловда дарвоза бўлса?

Ҳаммалари ўйга толдилар. Директор бармоқларини букиб–букиб бошқатдан ўқитувчиларни санар, ўринбосар рўйхатини титкилар, хўжалик ишлари мудири хаёлан кўча кезар эди.

− Ўйланглар, бирор нафақадаги ўқитувчининг бўлсаям, майли, ўлиб кетган ўқитувчининг бўлсаям дарвозаси бўлса бўлди, бўяб келамиз, − деди директор ўйга толиб.

Нафақадаги, дунёдан ўтган ўқитувчиларни эслай бошлашди: Йўлдошева Фотима, Салимова Муаттар, Хуррамов Абдукарим, Қаюмов Тоҳир … лар нафақада, аммо дарвозаси йўқ. Исломов Тўра, Исломов Қурбон, Қулмуродов Сайидмурод … лар ўтиб кетишди, дарвозасиз…

− Топдим! − қичқириб юборди ўринбосар, − топдим! Янги келган ўқитувчи Умида Муҳсинованинг дарвозаси бор!

Директор шу заҳоти сўридан тушиб туфлисини кия бошлади. У ташқарига чиққанда қолганлар аллақачон замбилни кўтариб, қўлда чўткалар билан, шоду–хуррамлик, кўтаринки кайфиятда узоқдан келадиган Муҳсинованинг уйини, аниқроғи, дарвозасини мўлжалга олиб, шаҳдам қадамлар билан йўлга тушган эдилар…

Каримберди Тўрамурод

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *