Д. Рўзметов:Обуна мажбурийми?

            Яна обуна мавсуми бошланди.   Яна доимгидай  обуна мажбурийми ёки мажбурий эмас? Мен  бу масалани бошқача қўймоқчиман:  таълим масканларида ишлаётган педагоглар,  Ёшлар Иттифоқининг ходимлари, давлат ва жамоат идора,  ташкилотларида хизмат  вазифаси бевосита ёшлар билан ишлашдан иборат маъсул ходимлар ёшлар матбуотини ўқишга мажбурми?   Сабаби   Ўзбекистон Республикаси  Президенти ўз нутқларининг бирида  матбуотни айниқса ёшлар мавзусини ёритувчи  газета ва журналларнинг  ҳақиқий аҳволига тўғрисида алоҳида тўхталиб,   “Ҳозирги вақтда ёшларга мўлжалланган “Туркистон” газетаси 9 минг 500 нусхада,  “Молодёжь Узбекистана” газетаси 2 минг 800, “Ёш куч” журнали 3 минг нусхада чоп этилаётганини қониқарли баҳолаш мумкинми? Мамлакатимизда 10 миллиондан ортиқ ёшлар мавжуд бўлгани ҳолда, бу рақамлар биз учун уят эмасми?
Мисол учун, “Туркистон” газетасига Фарғона вилоятида 225 та, Сурхондарё вилоятида 134 та, Самарқанд вилоятида 54 та, Сирдарё вилоятида эса бор-йўғи 40 та обуна бўлганини, айтинглар, қандай изоҳлаш мумкин?”
   дея  чалажон аҳволда ётган  ёшлар матбуотининг  бундай аҳволга тушиб қолганига изоҳ талаб қилдилар.

              Орадан  тўрт ой ўтди,  биронта мард чиқиб мана бу сабабларга кўра ёшлар мавзусини ёритувчи газета ва журналлар  ҳозиргидай ачинарли аҳволга тушиб қолди.  Мана бу чора тадбирлар амалга оширилса ушбу нашрлар билан  муштарийларни қайтадан бирлаштириш мумкин дея аниқ  таклифларини билдирганини  йўқ.    Ҳамма жим. Давлат бюджетидан 200 миллиард сўм олган, шахсан Президентнинг таклифи билан ташкил қилинган  Ёшлар  Иттифоқи ҳам,   бу соҳанинг машаққатли нонини еб юрган забардаст журналистларимиз ҳам жим.  Ҳамма одатдагидек бу масаланинг ечимини топишни Президентнинг зиммасига  юклаб,  кутиш режимига ўтиб олган.  Фақат ҳаммани чалғитиш учун  обуна мажбурийми, мажбурий эмасми мавзусини ўта долзарб мавзу даражасига кўтариш билан овора. 

               Аммо нима учун бир пайтлар деярли бир миллион ададга эга бўлган республикамиз ёшларнинг бош нашри ҳисобланган  “Ёшлар овози”  (аввалги “Ёш ленинчи”,  “Туркистон”) газетасининг адади бугунги кунда 10 000  нусхага ҳам етмайди.   Бу шармандаликнинг сабаби нима? 

                Тўғри ҳозирги замонда интернет шиддат билан ривожланаётгани сабабли  бу “эскича” оммавий ахборат воситаларига  қизиқиш кескин камайган дейиш мумкин. Менинг фикримча бу бир баҳона  холос.   Чунки бундан ўн йил олдин республикамизда интернет  даражада ривожланмаган эди. Аммо  аҳвол ҳозиргидан деярли фарқ қилмас эди.   Демак фақат интернетни айблаш адолатдан эмас.

                  Яна бир гуруҳ борки,  ёшлар матбуотининг бугунги ҳолатига тушиб қолганлигинида айбдор деб журналистларни ҳисоблайдилар.  Тан олиш керакки, бу ерда қисман бўлсада ҳақиқат бор. Чунки  кейинги пайтларда  ёшларимизнинг оғриқли муаммоларини кўтариб чиқувчи долзарб мавзудаги мақолалар  камайиб кетганлиги, ўз саҳифаларида чекка қишлоқ ёшларининг ҳаёти кенг кўламдаи ёритилмаётгани,   саҳифаларда таҳлилий мақолалар ўрнига бир хил андозадаги  пресс релизлар кўпайиб кетганлиги муштарийларнинг сонини камайиб кетишига сабаб бўлди. Бу алоҳида мавзу,  бунга ҳали кейинги мақоламизда тўхталамиз.  Аммо обунанинг камайиб кетганлиги сабабли, таҳририятларнинг моддий техник базаси, иқтисодий аҳволи аянчли ҳолатга келиб қолганлиги сабабли дурустроқ қалам ҳақи нарида турсин вилоятларга ижодий сафарлар уюштириш амри маҳол бўлиб қолганлиги рост.

                 ОАВга  амалдорларнинг паст назар билан қараши натижасида,  матбуот аввалги қудратини йўқотишига олиб келгандек.  Маъсул раҳбарлар ва тегишли органлар газета ва журналларнинг саҳифаларидан ўрин олган танқид ва таклифларга деярли эътибор бермайдиган бўлиб қолганлиги ҳам ҳақиқат. 

                    Мен мактабда, университетда ўқиган даврларимни эслайман.   Камида ҳар куни икки уч ўқитувчимиз дарс бошлашдан  олдин, фалон газета ёки журналда зўр мақола  ёки мана бу адибнинг янги асари чиққани ҳақида қисқача ҳикоя қилиб, албатта ўқишни маслаҳат берардилар. Натижада  ҳеч бўлмаганда синфимизнинг ярми бу маслаҳатга амал қиларди. Қолганлар эса ўзлари  ўқимаса ҳам  бу ҳақда билиб оларди.  Ҳозирги даврдачи,   ўқитувчиларимизнинг аксарияти “сариқ матбуот”даги  шоу бизнес  “юлдузчаларининг”   атрофидаги миш мишлар тафсилотларини муҳокама қилишдан  нарига ўтишмайди.   Аммо “Ёшлар овози” , “Тонг юлдузи”деган газеталар,  “Ёш куч”,   “Ёшлик” деган журналлар борлигидан   умуман бехабар ўқитувчиларни  мактаб, коллеж ва олий таълим муассаларида истаганча   топишингиз мумкин.   Мен яқинда  Хоразм вилоятидаги бир  мактабда  бўлдим.  Ушбу мактабнинг бир ўқувчисининг шеърлари ва мақолалари  “Хоразм ёшлари”  мунтазам равишда чоп қилинаётганлиги ҳақида мактаб директори бехабарлиги майли,  вилоятда шундай газета борлигини умуман билмаслиги қаттиқ таажжубга солди.  Ҳолбуки ушбу газета  18 йилдан бери  вилоят ёшларининг ютуқ ва камчиликларини,  муаммо ва таклифларини ёритиб келаётган ва  лотин алифбосида чиқаётган вилоятдаги   ягона газетадир.  Ёш авлодни  ҳар томонлама  баркамол  қилиб тарбиялаш бевосита вазифаси бўлган ушбу мактаб директори  ўз ўқувчисининг ижод намуналари чоп қилинаётган  ОАВ билмаслигини қандай баҳолаш мумкин?   Ахир ёшларда  китоб  мутоаласига  меҳр уйғотишни менинг фикримча матбуот билан таништиришдан бошлаш мақсадга мувофиқдай.  Негаки айнан ёшлар матбуотида уларнинг ҳис туйғуларини,   муаммо ва ютуқларини,   энг муҳими  тенгдошларининг дастлабки  ижод  намуналарини ёритилишини инобатга олсак,  тарбиявий аҳамияти катта  эканлигини  ҳеч ким инкор этмаса керак.   Шу  боисдан ҳам мен  матбуотни ўқимайдиган  педогогни болғаси ва рандаси йўқ дурадгорга ўхшатаман.  Тўғри ҳозирги вақтда ОАВга обуна баҳосини баландлиги инобатга олиб,  ҳар бир таълим муассасининг кутубхоналари учун  ёшлар нашрларини  обунаси учун давлат бюджети ҳисобидан амалга оширишни йўлга қўйиш масаласини зудлик билан кўриб чиқиш лозим. Бундан ташқари ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган босма нашрлар ва журналистлар учун давлат ва Ёшлар Иттифоқи тамонидан  грантлар ажратиш пайти келди деб ўйлайман.   

           Ёшлар мавзусидаги республика ва маҳаллий миқёсидаги газета ва журналларнинг  ўқув масканларидаги кутубхоналарда ҳеч бўлмаса биттадан нусхада бўлмаслиги,   маҳаллий ҳокимларнинг, маҳалла раисларининг, профилактика инспекторининг  столини устида турмаслиги,  педагогларнинг,   Ёшлар Иттифоқи етакчиларининг мунтазам равишда ёшлар матбуоти билан танишмаслиги  жамиятнинг маънавий  жарликка олиб борувчи йўл деб ҳисоблайман.

              Обуна мажбурми деган саволга келсак,  менимча барча таълим муассаларидаги, шунингдек бошқа идораларга қарашли кутубхоналарда ёшлар мавзусини ёритувчи  босма нашрлар бўлиши шарт. Обуна масаласини  давлат  бюджети ҳисобидан бўладими, Ёшлар Иттифоқининг кўмагидами,  ё ҳомийлар маблағи эвазигами амалга оширилиши,  менимча мажбур!!

                Ўз хизмат вазифаларидан келиб чиқиб ёшлар тарбиясига маъсул бўлган педагоглар,  давлат органлари ва идораларининг,  жамоат ташкилотларининг,   раҳбарлари ва маъсул ходимлари  ёшлар матбуотини  ўқишга мажбур.  Менимча бунинг учун Президентнинг алоҳида Фармони  чиқиши менимча  шарт эмас. 

                Булар ҳаммаси менинг шахсий фикр мулоҳазаларим халос,  қўшилиш қўшилмаслик  бу сизнинг ишингиз.  Бу борада кенг жамоатчилик фикрини билиш кони фойда. Хўш сиз нима дейсиз?

Давлатназар Рўзметов

2 комментария

  1. мажбурийлигига розимиз лекин шу мажбурий обунани юкоридан келган режага кура эмас, узимиз педагогик жамоа ва укувчилар эхтиёжидан келиб чикиб танласак яхши буларди. ва иккиламчи кора метал парчаларини топширамиз ва ундан олинадиган даромад нима булади каерга ишланади билмаймиз. шу пулларни обунага йуналтирилса укитувчига енгиллик буларди. сиз айтган хомийлик томонидан амалга оширилиши ишониш кийин булган хакикат, балки кимлардир хомийлик эвазига килаётгандир. «Туркистон» газетасига бугунги кунда фаол ишлаётган блоггерларни ишга олиш керак, уларнинг укувчилари куп. «Ёш куч» журнали эса сал пастрок тушиб, қуйи қатламдаги ёшлар муаммолари, фикрлари, таклифлари ва холатларини ёрқин акс эттиришлари керак.

    1. ишонаверинг агар мактаб директори ўз лавозимидан тўғри фойдалана олса фалон газетага обуна бўлишга ҳеч ким мажбурлай олмайди. Бунинг устига Бюджет ташкилоти раҳбари (мактаб, коллеж директори шулар тоифасига киради) ташкилот эҳтиёжлари (кутубхонаси) учун зарур нашрларга обуна учун маблағ ажратилишини олдиндан кўзда тутиши керак.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *