Чироқчи ҳокимига очиқ хат

Ҳурматли ҳоким жаноблари! Сиз катта бир туманнинг ғуддайган бошлиғи эмас, балки Чироқчи элининг энг кичик хизматкорисиз. Халқнинг ҳар бир вакили сиздан нажот истайди. Сиз орқали муаммоларига ижобий ечим топишга ҳаракат қилади. Келаётган фуқароларни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, уларнинг дарди ташвишини эшитиш, муаммоларини ҳал этишга масъул эканлигингизни унутиб қўймагандирсиз!
Мен Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати қошидаги “Ўқув-услубий марказ” нодавлат таълим муассасасининг Қашқадарё вилоятидаги ҳудудий бош координатор бўлиб ишлаганман. “Камолот” ЁИҲ фаолияти тугатилиб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига асос солингандан кейин мен фаолият олиб бораётган ташкилот ёпилмоқда. Ишсиз қолаётганим инобатга олиниб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши томонидан Чироқчи туман Кенгаши раислигига номзод сифатида тавсия этилдим. Иттифоқнинг Марказий Кенгашига номзодим маъқул келди. Ўзбекистон Республикаси Презтдентининг давлат маслаҳатчиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқ Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев билан бўлиб ўтган суҳбатда ушбу лавозимга киришгандан сўнг амалга оширишни мақсад қилган режаларимни санаб ўтдим.
Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси томонидан номзодим маъқулланди. Лекин 2017 йилнинг 15 июль куни Чироқчи туманига, сизнинг ҳузурингизга номзодим билан танишиб чиқиб, туман Кенгаши раислигига тавсия беришингизни сўраб келдим. Менга энг оғир ботгани мен билан муносиб мулоқотда бўлмаганингиз, номзодим билан, кимлигим билан қизиқиб ҳам кўрмасдан номзодимни рад этиб, туманда раисликка муносиб малакали кадрлар етарли эканлигини айтдингиз. Мен ҳам бошқа давлат ёки ўзга тумандан келиб қолганим йўқ. Сиз раҳбарлик қилаётган туманда доимий руйхатда тураман ва доимий яшаш жойим ҳам тумандаги “Эски Анҳор” маҳалласи эди ку! “Шу пайтгача вилоятда ишлаган бўлсанг, бориб ўша ёқда ишла!” дедингиз. Кечирасизу, мустақил Ўзбекистон фуқароларининг ўзи истаган жойда яшаши ва ишлаши Конституцияда белгилаб, кафолатлаб қўйилган, буни сиз ёки бошқалар эмас, балки фуқаронинг ўзи ҳал этади.
Лекин сиз мени номзодимни тан олмадингиз, аксинча мени номзодимни четга суриб, амалдаги туман кенгаши раисига қатъий ишонч билдирмоқдасиз. Ваҳоланки амалдаги раҳбар номзоди Марказий Кенгаш раиси суҳбатидан муваффақиятли ўтмагани сизга ҳам, менга ҳам кундек равшан.
Ҳурматли ҳоким жаноблари! Мен қишлоқда туғилиб-ўсган инсонман. Қишлоқ ёшларининг дарду ташвишлари, ўй-хаёллари сиздан кўра, бошқалардан кўра менга яхши таниш. Туманимизда уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ёшлар тилини топиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, таснифлаш ва ҳал этиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш учун кучим ҳам, салоҳиятим ҳам, тажрибам ҳам етарли. Мен амал, мансаб учун ҳар нарсадан кечадиган инсон эмасман. Ўз вақтида Тошкентдаги ишим, карьерамни ташлаб, Қашқадарё учун хизмат қилиш мақсадида Қаршига қайтганман. Кўпгина дўстларим каби чет элларда ишлаб, мол-давлат орттиришни ҳам кўзлаганим йўқ. Қишлоқдаги фермер хўжалигига озгина меҳнатим сингса ҳам куним ўтаверади. Аммо бугун Президент, халқимиз Ёшлар иттифоқидан жуда кўп ўзгаришларни кутмоқда, ҳар бир қадамини кузатиб турибди. Бу пайтда мансаб талашиш, туманда кимнинг сўзи устун эканини исботлаш ҳеч қайси қонуниятларга тўғри келмайди. Майли, ўзингиз хоҳлаган, чизган чизиғингиздан бир қадам ҳам четга чиқмайдиган номзодга тавсия беринг, туманимизда ёшлар билан боғлиқ муаммолар илдизи билан йўқ бўлса сизга айтадиган сўзим фақат ва фақат раҳмат бўлади.

Зариф Келдиёров

Биринчи изоҳ

  1. Туман ҳокимлигида жуда кисқа муддатларда бўлсада боў мутахассис, бўлим бошлиғи ва ҳоким ёрдамчиси лавозимларида ишлаганман. Очиғини айтсам «кетар эшигингни қаттиқ ёпма» деганларидек соғлигимни бахона қилиб «қочиб» кетганман. Ишга сизу-биз каби янгича, холисона ва демократик фикрлайдиган ёшларга ҳокимликлар тайёр эмас. Янгича ишлашни қўйинг, функционал вазифангизни бажартирмайди. Ура-урачилик давом этмоқда. Узоқ муддатли, йиллик, чораклик режа ва чора-тадбирлар билан ишлаш йўқ. Жуда кўп ва фойдали иш режалар, дастурлар қабул қилинади, молиявий томонлари ҳам кўрсатилади, бироқ бу дастурларни амалга ошириш механизми бўйича иш қилинмайди. Шаблонга тушиб қолган ишлаш тартибига ўрганиб қолинган. Ўзбекистон тумани ХТМФМТ ва ТЭБ (тилим оғриб кетди айтгунча) мудираси айтгандек «Менга Америка очма, хамма жойда шу». Зариф Келдиёров, тенгдош бўлсак керак сабрлилик қилингда, кўрасиз ўша ҳоким кўзингизга қаролмайдиган бўлиб кетади ишдан. Фейсбукка ёзарман қолганини…

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *