Чиқиндихона “снос”га тушдими?

Одатда шаҳарнинг бирор фойдаланилмай ётган жойи бўлса, фуқаро талаби, ҳокимлик ташаббуси ва ёки тегишли идоралар таклифи билан аҳолига қулайлик келтириш мақсадида бирор иншоот қурилади. Аммо жойи келса, кимларнидир қизиқтирган қурилиш учун аҳолига хизмат қилиб турган иншоотлар бузиб ҳам ташланаркан.

Самарқанд шаҳридаги Зулфия маҳалласида ҳам шундай ҳолат содир этиладиганга ўхшайди. Хуллас, бу ерда қайсидир тадбиркор кўпқавватли уй қурмоқчи. Аммо бундай қурилиш учун маҳалла ҳудудида бўш жой йўқ. 1991 йилгача қурилган бу кўпқаватли уй-жойлар шусиз ҳам бир-бирига яқин жойлашган, ортиқча жойнинг ўзи йуқ. Афтидан, “ишбилармон”ларга бунинг фарқи йўқ. “Уни бузиб-буни бузиб, керакли жой очиб оламиз”, дейишганми ишқилиб, “амалий ишлар бошланган”.

Ушбу маҳаллада бўлиб, уй қурилиши мўлжалланган жой билан танишдик. 4-уй рўпараси ва 47-уй ёнидаги майдон экан. Аммо бу ерда электр нимстанцияси (ТП) ҳамда маҳалладаги якка-ю ягона чиқиндихона мавжуд. Хўп, бир қанча тортишувлардан кейин нимстанция учун жой топилибди. Аммо чиқиндихона учун жойнинг ўзи йўқ. Бу, очиғини айтганда, ҳеч кимни ташвишлантирмаган кўринади. Негаки, маҳалла аҳлининг айтишича, бу жойга уй қуриш учун аллақачон шаҳар ҳокимининг қарори чиққан. Қизиқ, архитектура бошқармасининг хулосасида нима деб ёзилган экан?

Афсуски, маҳалладагиларнинг фикри билан ҳам ҳозиргача ҳеч ким қизиққан эмас. Маҳалла раиси билан суҳбатлашганимизда, қурилиш эгалари келиб, рухсат сўрагани ва олганини билдирди-ю, аммо бу масалада маҳалла аҳли билан суҳбат қилмаганини билдирди. Шунингдек, чиқиндихона тақдири нима бўлишидан бехабар. Фақат бу масалада бирор кишининг шикоят қилиб келмаганини маълум қилди.

Шуниси аниқки, шикоятлар чиқиндихона бузилгач, янги бинога пойдевор қўйила бошлангач, кела бошлайди. Аммо бундан нима наф? Наҳотки маҳалла ҳам муаммонинг газак олишини истаса? Ахир бу ташкилот фуқаролар фикрини тинглаб, ҳали вақт борида керакли жойга мурожаат қилмайдими?
Қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғини ҳам 4-уйнинг 1-қаватида 2 та хонада фаолият олиб бормоқда. Шу бўш жойда маҳалла учун бино, болалар спорт майдончаси ёки профилактика инспектори учун бино қуриш мумкин-ку.

Афтидан, ушбу «бўш жой» учун тендер эълон қилинганда, қарор чиқарилаётганда бу жиҳатлар ҳисобга олинмаган кўринади.

Ёки бу ерда бошқа гап борми?..

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *