Чет элдаги миллиардларим…

Бир пайтлар мазмунли ҳикояни ўқиб чиққан эдим. Хуллас, бир мамлакат подшоҳи буйруғи билан сарой қописининг (дарвозасининг) икки томонига икки улкан ит занжирлаб қўйилади. Улардан бири тўқ, бириси оч. Подшоҳ сарой маслаҳатчилари билан қопидан ичкарига киради. Тўқ ит занжирини узгудай бўлиб, ер титиб, вовуллаб, уларга ташланади. Подшоҳ итга суқ бармоғини нуққан ҳолда маслаҳатчилардан сўрайди:
– Кўряпсизларми, у қандоқ хавфли?
Сарой маслаҳатчилари бир овоздан жавоб қайтаришади:
– Кўряпмиз.
– Нимага? – сўрайди подшоҳ.
– Тўқ, – бир овоздан жавоб беришади улар.
– Шундан қўрқиш керак! – таъкидлайди шоҳ.
Оч ит эса ётган жойидан қимирламайди. «Бир бўлак нон бер», дегандай уларга мўлтираб боқади. Шу пайт подшоҳ оч итга суқ бармоғини нуқади ва сарой маслаҳатчиларини саволга тутади:
– Кўряпсизларми, у қандоқ ювош? Нимага?
Маслаҳатчилар бир овоздан жавоб беришади:
– Оч.
– Халқни ҳам шундай ушлаш керак!

Мен жуда ёш пайтларимда чет эл томонларга чиқиб кетишга мажбур бўлганман. Ҳаёт ташвишлари, уйдаги муаммолар, қарздорлик мени шу йўлни танлашимга мажбур қилган эди. Аслида-ку, менинг ҳам ўзимга яраша орзу-хавасларим бўлган, бироқ мен ўз оиламдан, дўстларимдан, қариндош-уруғларимдан узоқлашиб кетишим шарт эди.

Тўғри, ҳозирда ҳаётимдан нолимайман, балки ўша йўлни танлаб ҳам тўғри қилгандирман. Чунки, биласиз, мамлакатимизда оддий ойлик-маошлар эвазига кун кечириш жуда мушкул. Энди вояга етаётган дуркун йигитларнинг муаммоларию орзу-хаваслари кўп бўлади одатда. Шароити борлар ўқишга киришади. Шароити йўқлар эса, чет элга чиқиб кетишади. Шундай бўлган ҳозир, шу тарзда ҳаёт кечиришга ўрганиб қолганмиз.

Шу сабаблими, билмадим, «зато юртимиз тинч» деган ибора тезда жахлимни чиқаришга эришади. Мен ишлаб юраётган ўша чет эл давлати ҳам тинч, масалан. Уруш йўқ, уйларга бомбалар тушмайди. Шу билан бирга одамларнинг пул топиши ҳам тузук. Валюта, свет, газ ва яна кўплаб бизнинг муаммоларимиз улар учун ғирт бегона. Айтсангиз, наҳотки, 21 асрда шундай арзимас муаммоларнинг ечимини тополмаётган давлатлар ҳам бўлса, деган маънода тиржайиб қўйишади.

Менинг биргина ўзимнинг ҳаётимни тасвирлаб бериш ниятим йўқ. Бу ҳолатга тушганлар, чет элга чиқиб олиб, турли азоблардан ўтганлар ҳам, ўтолмай ҳатто ҳалок бўлганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. РФда регистрация деган балони янгилаш мақсадида ҳар уч ойда бир марта Қозоғистонга чиқиб, паспортига «печать» уриб қайтиш керак. Қонун шундай. Шулардан бир қанчаси йўлда даҳшатли ЙТХ содир этилиши оқибатида вафот этишган.

Қишда, масалан, ўз уйида свети, гази йўқларнинг азобини ҳам кўрдим. Чўмилишни ният қилган ҳолда, ҳаммомга кириб, охирида кўмирнинг «угаридан» захарланиб, ўша ҳаммомдан чиқолмай, вафот этганлар ҳақида ҳам эшитганмиз. Жанозаларида қатнашганмиз.

Ўқишга киролмай, бошқа юртларга чиқиб кетганларнинг ҳам сон-саноғи йўқ. Мактабда «5» баҳога ўқиб, Москвада кўча супуриб юрадиганларга ҳам кўзим тушди. Бу ерларда ўқитувчи ва шифокор аёлларимизнинг ҳожатхоналарни тозалаб юрганларини кўрдим. Кичик «бизнес» бошлаб, айрим еб тўймас «акулаларни» деб бор мол-мулкидан айрилган, қўшимчасига, бўйнида катта қарздорлик билан четга чиқиб кетганлар ҳам йўқ эмас. Шу сабабли ҳам, «зато тинч-ку, шунисига ҳам шукр», деб шунча ноҳақликлар гирдобида туриб ҳам бамайлихотир юрадиган инсонлардан нафратланаман. Қўрқоқликнинг энг сўнгги «модели» бу, назаримда. Ушбу шукронийларни бир катта, қоп-қоронғу, захланган хонага қамаб қўйсанг-да, ҳар замон эшикка яқинлашиб, «зато, тинч ётасизлар», деб хахолаб кулиб юборсанг.

Бу гапларни мен нима учун бошладим? Яқинда Гулнора Каримовага қарши «иш» очилганидан хабарингиз бўлса керак. Қайд этилган 2 та жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий суммаси 1 трлн. 270 млрд. 200 млн. сўм, 1 млрд. 651,8 млн. АҚШ доллари, 6,1 млн. евро — миллий валютада жами 3 трлн. 746,8 млн. сўмни ташкил этилганини эълон қилишди. Шу хабарни ўқигач, юқорида қайд этганларим кўз олдимдан ўтаверди: менинг пул топиш илинжида жуда барвақт ўз оиламдан узоқлашишга мажбур бўлганларимни, уйида свети ва гази йўқлар касалланиб қолиб, ҳатто даволанишга пули йўқларни, мўмай даромадга эга чиқиш илинжида чет элга чиқиб кетаётган миллионлаб ватандошларимизни…

1 млрд. 651,8 млн. доллар! Эссиз… Шу пуллар ҳақиқий эгаларига — сизга, менга, Ватанимизга қайтарилганида эди, минглаб заводлар қурдириб, миллионлаб иш ўринлари яратилиши мумкин эди-ку. Одамлар ҳам чет элга чиқмай, шу ерда, ўз ота-онаси, ўз фарзандлари ёнида шу пулларни ишлаб топишармиди. Чет элда кўча супуриб, «дангасалар»га айланмасмиди. Четга қочиб кетганларга «ватангадолар» тамғаси босилмасмиди. ЙТХга тушиб, вафот этишмасмиди.

Энг қизиғи шуки, бу жиноятларнинг бари 2001 йилдан 2013 йилгача содир этилган экан. Тасаввур қиляпсизми? Бу ҳақда бугунги кунлардагина оммага эълон қилиняпти ва табиийки, жуда кўпчилик бундан энди хабардор бўлмоқда. Орадан 16 йил ўтиб-а! Нега олдин буни ҳеч ким пайқамаган? Нега юртимизда бирор кимса бу борада ҳеч қандай эътироз билдирмаган? Сўров қаттиқ бўлмаган? Нега? Нега бўларди — энг аввало, қоринни тўйғазиш керак эди-да, қоринни…

Темур Малик

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *