Чегара муаммоси: Икки хил ёндашув

1994 йили Туркия ва Юнонистон орасида Эгей денгизи ўртасидаги кичик қоя кимга тегишли эканлиги юзасидан тортишув келиб чиққанди. Бир юнон киши қайиқда қояга сузиб келиб, Юнонистон байроғини осиб кетган. Байроқни кўриб қолган турк балиқчилар уни тушириб, ўрнига турк байроғини илишган. Натижада, жиддий вазият юзага келиб, қояча атрофини икки давлатга тегишли ҳарбий кема ва учоқлар ўраб олганди. Бош вазир Тансу Чиллер “Биз қоя у ёқда турсин, ҳаттоки, шағал тошини ҳам бировга бериб қўймаймиз” деганди.

Совет даврида “халқ ҳокимиятчилиги” деган шиор ҳамма жойни босиб кетганди. Ҳозир эса халқимиз атрофда бўлаётган муҳим сиёсий воқеаларга умуман аҳамият бермаяпти. Масалан, янги президент Шавкат Мирзиёев даврида Қирғизистон билан совуган алоқалар яна жонлана бошланди. Жумладан, чегараларни аниқлаш бўйича ишлар ҳам анча илгарилабди. Қирғиз матбуоти бу борада бонг уриб, бир қарич ер учун тортишмоқда.

Ўзбекистон икки қўшни қардош давлат ўртасидаги чегараларни 1925 йилдаги, қирғиз томони эса 1955 йил ҳужжатлари асосида белгилашни талаб қилаётганди. Яқинда қирғиз матбуотида чиққан хабарларга кўра, Ўзбекистон чегара масаласида уларнинг фикрини қабул қила бошлабди.
Ўзи 1936 йил охирларида Йўлдош Охунбобоев Ўш ва Жалолободни янги ташкил қилинган совет республикасига тортиқ қилиб юборилишига оғзини очиб, қараб тураверганди. Энди мамлакатимизга Сўх ва Шоҳимардонга олиб борадиган йўлак бериш масаласида ҳам ён бераяпмизми дейман?! Айрим ашаддий миллатчи қирғиз депутатлари, ҳатто, ўзбек эксклавлари аслида Қирғизистонга берилиши кераклигини юксак минбарлардан туриб айтишга чўчишмаяпти. Қирғиз томони сўнги йигирма йил ичида тортишувли ва чегара ҳудудларига аҳолини кўчириб келтирмоқда.

Агар 1950-йиллардаги харитага назар солсак, Сўх эксклави Ўзбекистон билан бирлашган эканлиги яққол кўринади. Кейинчалик қандай йўллар билан анклав бўлиб қолганлиги, афсуски, ўзбек халқига маълум эмас. Лекин, чегара масаласи билан шуғулланаётган комиссияда ҳужжатлар бор ва улар ошкор қилиниши зарур.

Эсингизда бўлса, иккинчи жаҳон уруши даврида Ленинград шаҳри 950 кун қамал остида қолиб, ўн минглаб одам очарчиликдан қирилиб кетганди. Сўнгги ўн йил мобайнида қўшни давлат билан алоқалар ёмонлашуви натижасида ҳар иккала эксклавимизда яшовчи 120 мингга яқин аҳоли қаттиқ жабр кўрди. Қирғиз томони бир томонлама қарор билан чегараларни бир неча ҳафтагача ёпиб қўйган пайтлар ҳам бўлди. Бу эса уруш давридаги ҳақиқий қамал ҳолатини эсга туширди.

Вазиятдан қирғиз чегарачилари ва куч ишлатиш тизими ходимлари усталик билан фойдаланишмоқда. Улар ўзбекистонликлардан ҳар-хил ноқонуний йўллар билан пул ундиришга устаси фаранг бўлиб кетишган. Афсуски, собиқ ҳукуматимиз йиллар давомида ўз фуқаролари ҳақ-ҳуқуқлари қўшни давлат ходимлари томонидан пой-мол қилинишига ҳеч қандай муносабат билдирмади. Мен бунинг сабабларига тўхталмоқчи эмасман.

Ажабланарли томони шунда-ки, ўзбек матбуоти чегара муаммолари ҳақида материал бермайди, чунки эски ҳукумат даврида бу масала “нозик” ҳисоблангани учун халқимиз хабарсиз қолдирилиши маъқул кўрилган. Ҳолбуки, матбуот эркин бўлган қўшни давлатда эса бу масала халқ олдига дастурхон қилиб ёзиб қўйилган ва тортишувли ерларнинг ҳаммаси гўёки ўзларига тегишли эканлиги ҳақидаги фикр, йигирма беш йилдир-ки, халққа сингдириб келиняпти.

Мен ўзим 2001 йили эркин журналист ўлароқ халқаро “Интерньюс” ташкилоти ёрдамида репортаж тайёрлаш учун Шоҳимардонга боргандим. Минг азоб билан, фақатгина Водил тумани ҳокими қўшни Қадамжой тумани акими билан телефонда гаплашгандан кейингина чегарадан ўтгандик.

Чегарадан ўтиш қийинчиликлари туфайли Фарғона водийсининг Швейцарияси ҳисобланган Шоҳимардон иқтисоди батамом чўккан. Фуқаролар йиғини раиси ишсизлик даражаси саксон фоизга етганини айтганди. У ердаги ўн бешга яқин ўқувчиларнинг ёзги дам олиш оромгоҳлари ташландиқ ҳолга келган. Санаторий бошлиғи ҳам қирғиз чегарачи ва милиционерлари дастидан йўланмали дам олувчилар ҳам жабр кўраётганини айтган. Ҳаммадан қизиғи шунда-ки, Шоҳимардонга олиб борувчи йўлнинг қўшни давлатдан ўтадиган салкам йигирма километрлик бўлаги Ўзбекистон томонидан таъмирланар экан.

Мен булар ҳақида “Интерньюс”нинг ТВ дастурига хабар тайёрлаб берганман. Олган видеолавҳаларимдан ўзим муаллиф ва бошловчиси бўлган “Ҳуқуқ ва бурч” кўрсатувида фойдаланганман. Бошқа лавҳам “Давр ҳафта ичида” таҳлилий дастурида намойиш қилинган. “Моҳият” газетасида “Оролда қолган ўзбеклар” номли катта мақолам эълон қилинган.

Совет даврида чегаралар маҳаллий раҳбарлар келишучи асосида ҳам ўзгариб кетган. Чунон-чи, икки колхоз раиси ўзаро келишиб, бир-бирларига қарашли ерлардан вақтинчалик фойдаланишган. Бундан ташқари, катта-катта ерлар ижарага берилган ва олинган. Хусусан, Ўзбекистон ССР Қирғизистон тоғларидаги яйловлардан чорва боқиш учун фойдаланган. Сўнгги йигирма йиллик ижара келишуви ҳам тугаганига йигирма йилча бўлди. Лекин, бу – ана шу тупроқлар қўшни давлатга ўтиб қолганини англатмайди.

Бундай йигирма йилча аввал марҳум президент телевидениеда икки давлат чегарасида кирди-чиқдили ҳудудлар жуда кўплиги, уларни тартибга солиш учун ўзаро келишув асосида айрим ҳудудларни айирбошлаш мумкинлиги ҳақида гапирганди. Каримов даврида ўзбек тарафи Сўх ва Шоҳимардонни асосий ҳудудимизга улайдиган йўлак берилишини талаб қилаётганди. Қирғиз томони бунга кўнмаётганди. Сабаби – агар эксклавларга олиб борувчи йўллар Ўзбекистонга берилишига рози бўлишса, Боткен вилоят маркази Ҳайдарконни мамлакатнинг шарқи билан боғлайдиган йўлнинг кичик бир қисми Ўзбекистонга ўтиб қоларди.

Аслида, бунинг ҳам ечими бор. Ўзбекистонга берилган йўлак устидан Ҳайдарконни шарқ билан боғловчи кўприк қурилса – олам гулистон! Биз ана шу кўприк қурилишини ўз зиммамизга олишимиз ҳам мумкин. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам.

Икки республика – давлатлар ўртасидаги чегаралар фақатгина ана шу давлатлар парламентлари тарафидан тасдиқлансагина кучга киради. Совет даврида бу вазифа Олий Советлар ваколатига кирган. Агар, чегарани ўзгартириш ҳақидаги келишув бир республика олий совети томонидан тасдиқланса-ю, иккинчи республика – сабаби нима бўлишидан қатъи назар – тасдиқламайдиган бўлса, у ҳолда чегара ўзгариши қонунлашган ҳисобланмайди. Бундай ҳудудлар ҳозирда қўшни давлат ичида қолиб кетган бўлса ва ўша давлат уни қайтариб беришни истамаса – бу масалани халқаро судга олиб чиқиш мумкин.

Ҳали келишилмаган чегара муаммолари, хусусан Сўх ва Шоҳимардон масаласи ҳақида халқимиз нечоғлик маълумотга эга? Бу муаммолар ўзбекистонликларни ташвишга солаётганмикан? Агар жавоби ижобий бўлмаса, унда биз халқ ўлароқ шаклланишда давом этаётган бўламиз.

Чегарани демаркация қилиш билан шуғулланувчи Ўзбекистон комиссияси олиб борилаётган ишлар ҳақида халқни хабардор қилиб турса мақсадга мувофиқ бўлади.
Эътиборингизга иккита харитани ҳавола қилаяпман. 1939 йилдаги атласда Сўх Ўзбекистон билан туташ ҳолда кўрсатилган.

Бахтиёр Шоҳназаров

5 комментариев

  1. Bu ish tezroq hal bo’lgani yahshiroq. Baribir, kimdir biroz yon berishiga to’g’ri keladi. Bo’lmasa, hech qachon kelishuvga kelib bo’lmaydi. Agar ikki taraf ham bir qarich yer ustida tortishaversa, munosabatlar avvalgiday sovuq bo’lib qolaveradi.

  2. Diqqat: Texnik sabablarga ko’ra matndagi YER so’zlari ER, YECHIM esa ECHIM bo’lib qolgan. Hozirgi dasturda tuzatishning iloji yo’q. To’g’rilab o’qilsin. Uzr so’raymiz.

  3. Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғининг ҳам 500 гектардан ортиқ ери Қирғизистонга ўтиб кетган, ўша ҳосилдор ерларни қайтариб олишимиз керак!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Этот сайт использует Akismet для борьбы со спамом. Узнайте как обрабатываются ваши данные комментариев.