Буюк келажакнинг метин пойдевори

Фақат, яна шу ҳақдами, деманг.
Тўғри, бу мавзу бўйича сўнгги пайтларда телевидение, радио, газета-журналлар, жумладан, “Ёшлик”да ҳам тинимсиз чиқишлар, муҳокамалар бўляпти. Чунки ундан анча узоқлашиб қолган эдик. Айниқса, ёшларимиз…
Ҳа, яна китобхонлик, мутолаа тарғиботи бўйича фикрлашмоқчимиз.
Бу – энг муҳим масалалар қаторида турадиган долзарб мавзу.
Президентимиз ҳар қандай балою қазодан бизни фақат маърифат – китоб қутқариши тўғрисида бот-бот гапираркан, бу масала қанчалар улкан аҳамиятга эга эканини бор салмоғи, қамрови билан бизга тушунтиришни, онгимизнинг энг олис нуқталаригача етказишни истаяптилар.
Чунки китобга оммавий қайтишимизга ҳали умид бор.
Чунки ота-боболаримиз азал-азалдан китобхон ўтишган.
Чунки бу масалага эътибор берилган ерларда ҳали ҳам китобсевар ёшлар, одамлар кўпчиликни ташкил қилади.
Бир гуруҳ шоиру ёзувчилар, санъатимиз вакиллари билан биргаликда “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” шиори остида вилоятларда бўлдик. Сафар давомидаги жуда кўп манзаралар, таассуротлар бир умрга қалбимизга, хотирамизга муҳрланиб қолди. Жумладан, Каттақўрғон шаҳридаги 2-ўрта мактабда бўлиб ўтган учрашув. Ўзбекис­тон халқ артисти Гавҳар Зокирова ўқувчиларни бир синовдан ўтказмоқчи бўлди: саҳнадан пастга тушиб, болалар орасига кириб, уларни адабиёт, тарих фанидан жонли имтиҳон қилди. Очиғи, қўл кўтариб, жавоб беришга навбат талашган ўғил-қизларни кўриб ҳайратимиз ошди. Ҳолбуки, саволлар унчалик осон эмас эди. Дарсдан ташқари мутолаа бўйича берилган саволлар ҳам талаш бўлиб кетди!
Қўл кўтариб, навбат тегмаган болаларнинг хафа бўлганини кўриб биз хурсанд бўлдик!
Эл суйган санъаткоримизнинг “Сиздек билимдон, китобни яхши кўрадиган ўғил-қизларга Тошкентдаги ўқувчилар ҳам ҳавас қилса арзийди” деган сўзлари шунчаки лутф эмас эди.
Бехосдан пойтахтдаги мактаблардан бирида бўлган ижодий учрашув ёдимизга тушди. Китобхонликка бағишланган тадбирни олиб бораётган бошловчи ўқувчилар “китобхон” сўзини ҳадеб “кутубхон” тарзида айтавергач, ёнимизда ўтирган халқ таълими бўлимидан келган вакил хижолат бўлиб, тадбир масъулларидан бирига: “Айтинг, болалар “китобхон” сўзини тўғрилаб айтишсин”, деди. Аммо масъул ўқитувчи бунга эътибор бермади: ё у ўқувчиларининг хатоси нима эканини тушунмади, ёки буни арзимас нуқсон деб ўйлади.
Ҳа, ҳамма гап – эътиборда: ота-она, мактаб, маҳалла-кўйдаги муҳитда.
Яна бир ҳаётий воқеа: адабиёт муаллими “Кимки Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асарини тўлиқ ўқиб келмаса, якуний баҳони ололмайди” дебди. Аксар ўқувчилар тиришиб, асарни ўқиб чиқибди. Аммо савол-жавоб чоғи бир ўқувчи устозига кескин оҳангда: “Бундай қилишга ҳаққингиз йўқ! Сиз фақат дарслик бўйича баҳо қўйишингиз шарт!” деб ҳақ талашибди.
“Ҳа, энди буям ўқувчининг бир фикри-да” дейишингиз мумкин. Аммо, фожеа шундаки, у ўзининг эмас, ота-онасининг фикрини, эътирозини айтаётган эди!
Агар ота-она фарзандини китобдан қайтарса, китобхонликни тарғиб қилаётган устози билан жангга киришса, бу ёғини ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Худога шукр, мамлакатимиз бўйлаб ўтаётган турли-туман тадбирларда қатнашарканмиз, энг чекка ҳудудларда ҳам билимдон, кўзидан ўт чақнаб турган, қўлидан китоб тушмайдиган болаларни кўп кўряпмиз. Умидимиз – шулар. Бугун юртимизда бўлаётган китобхонлик тарғиботи биринчи галда уларнинг онгу шуури, кўнглидаги маърифат ниҳолларини суғоряпти. Уларнинг мевасини биргаликда татиймиз.
Ҳа, буюк келажагимизнинг пойдеворида китоб тураркан, у мангу пойдор бўлади: ҳеч қандай силкинишу тебранишлар унга кор қилмайди…

yoshlikjurnali.uz дан олинди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *