Бугундан эътиборан — «Ўйлаб Қаламтебратар»ман (Сўнгги раддия!)

Бошқа раддия ёзмайман!

Йўқ, кутманг! Номи ўчсин! Таслим бўлдим. Боплаб таъзиримни беришди. Тавба қилдим. Худо ҳаққи, энди ўйлаб қалам тебратаман!

Бундан олдин Аҳмад Полвонга ёзилгани мақола эмас, пост эди. Илова қилинган скриншот ҳам, шахсий ёзишмалар эмас, ҳаммага кўринадиган профилдаги комментлардан олинган эди. Фақат унда битта ҳайрат, яъни нега энди «газетаям, сайтиям ҳар қанча танқидга муносиб», деган одам бутун бошли мақолани «уйдирма»га чиқаргани, бор эди.

Хуллас, «Миллий тикланиш» газетаси мухбиридан узр сўрайман. Сайт ишлаётган экан. Мен каллаварам, уни «таг-туги» билан «йўқ», деворибман. Яна «мавжуд эмас», деб атаганим ижтимоий тармоқдаги саҳифаси ҳам бор экан. Майлида, бир ой олдин очилган бўлса-да, атиги 26 та «ўқувчиси» бўлса-да, бор!

Мени ҳеч кимга шахсий хусуматим йўқ! Мен ёзган мақолада нафақат нашрлар сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси, балки газеталар тарғиботи эскичалиги, партиялараро, депутатлараро ва/ёки умумий танқидий чиқишларнинг йўқлиги, халқаро ҳаётни ёритиб бера олмаётгани ва яна ҳоказолар ҳақида сўз юритилган.

Сайт масаласи, мақолада денгиздан томчи эди. У ҳам солиштириш учун, масалан нега бошқа мамлакатлар сиёсий партия нашрларининг Фейсбукдаги саҳифасини 6 миллион одам ўқийди-ю, ўзимизникиларда «шашвар» ҳам йўқ, қачонгача «имиллаб» юришади, деган маънода эди.

Афсуски, уларнинг бахтига мен «катта» хатога йўл қўйдим. Шу биргина хатоим туфайли мақолам — «бошдан-оёқ бирёқлама, асосланмаган, ҳатто ёлғон маълумот ва муносабатдан иборат» бўҳтонга чиқарилди, ўзим эса — «оти-зоти номаълум», «каска кийволиб граната отадиган нусха», гаплари жамиятни «парокандалик ва тафриқага» элтувчи «фитначи»га айландим.

Баракалла, сизга! Офарин! Шундай руҳда давом этинг, биров «ғинг» деб қўйса, шартта тилини кесиб олинг! Сизларга Туркияда қўлланиладиган тарғиботнинг янгича усуллари нимага керак? Партиялараро танқид нима учун керак? Халқаро ҳаётни бизникилар бошига урадими?

Ундан кўра, ҳалиги «Узоқ яшаш сирлари» деган китобдан парча бериб борсангиз, жамиятга ўша кўпроқ фойда, шундай эмасми?

Ўткир Қаламтебратар

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *