Бу дунёга бир бор келиб кетган Матназар Абдулҳаким ижодидан намуналар

Сен ажойиб бир файласуфсан,
Дўст излайсан — мақтов суймовчи.
Дўст излайсан, нуқсонин айтсанг
Лунжин осиб, қовоқ ўймовчи.
Сўнгра мақтов суймовчи дўстга
Лойиқ мурчдек сўзлар ахтариб,
Қаттиқ ёқиб қолмоқчидирсан
Авра-астарини ағдариб.
Етмоқ учун бу бахтли кунга
Тоқати йўқ, сабри йўқ, шайсан…
Бу дунёдан армонлар билан
Ўтиб кетадиганга ўхшайсан.

*************
Ҳаловат бу қайсар бир бахтдир,
Малҳам бўлгич дилда ярога.
У ҳеч қачон тенг берилмайди
Ҳам подшоҳга, ҳам фуқарога.
Ҳаловат — бир нурафшон толе,
Балолардан қутқарган жонни.
У шундай бир ёритқич, ҳеч вақт
Ёруғ этмас икки осмонни.
Ҳаловатга макон ё кишвар,
Ёки — сарой. Билиб қўй шуни.
Шоҳда ором бўлса, улуснинг
Ҳолига вой. Билиб қўй шуни.

*****************
ИБОДАТ
Рад этмагил, даҳрий деб мени,
Мустажоб эт эзгу дуойим.
Ўғил кўрсин ўғли йўқ одам,
Қизи йўққа қиз бер, худойим.
Умид билан дунёга келган,
Фарзандсизлик доғин туймасин.
Ҳеч парранда, ҳеч дарранданинг,
Қўй, илойим, пушти куймасин.
Қулунлар бер, саодатманд эт,
Ҳар бир тулпор, ҳар бир дулдулни.
Авлодидан мосуво қилма,
Бирон тўти, бирон булбулни.
Қўраларга солади қирон,
Уяларда қилади бузғун.
Бола кўрсин барибир бўри,
Жўжа очсин барибир қузғун.
Қорайса ҳам дастидан фалак,
Жунжукса ҳам дастидан боғлар,
Қарғалар кўп сернасл бўлсин,
Ўзларидан кўпайсин зоғлар.
Менга шеър бермасанг бермагил,
Ўзгаларни қилма нолонлар.
Майлига, бошқоронғи бўлсин
Менинг юрагимга илонлар.
Шудир Сендан ўтинчим, нолам,
Илтиижон ҳам фарёдим доим.
Бахтимизга ўзинг ёлғизсан,
Шу бахт бизга басдир, худойим.

***********
ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Кўринмасдим ҳар ким-ҳар кимга,
Мен – саҳарлар уфурган нафас.
Гардсизлигим, тозалигимга
Чексизликлар қиларди ҳавас.

Бир тонг ногоҳ бўлдим мен шабнам,
Сўнг булутга, ёмғирга дўндим.
Майсаларга айландим кам-кам,
Тупроқ бўлиш дардига кўндим.

Минг йилликлар туркум ва туркум
Қорилдилар зулмат, зиёга.
Саодатли қандайдир бир кун
Дарахт бўлиб келдим дунёга.

Ҳаёт бир йўл – сўнгсиз, бетимсол,
Минг тирилиб, минг ўлиб чопдим.
Насиб бўлди ноёб бир висол,
Жонзот бўлиб таваллуд топдим.

Қаноатлар, тоқат, сабрлар
Ғилдираги айланди гир-гир.
Кечди неча туман даврлар,
Инсон бўлиб туғилдим ахир.

Эндигина ором топиб жон,
Етди десам толега хуш гал,
Ҳар тўкисда – неча минг нуқсон,
Ҳар тўкисда – неча минг ишкал.

Зулмат тўйди, ютиб зиёни,
Зулматларга зиё ҳам тўйди.
Дийдорига тўйдим дунёнинг,
Дийдоримга дунё ҳам тўйди.

Қўйинг, сўйлаб бўлмай мен нолон,
Сиз ҳам тинглаб бўлмангиз ҳалак.
Шу ўзингиз билган тўполон,
Шу ўзингиз билган чархпалак.

Номард бўлай агар нолисам,
Бошқа тирилмайман, ўлмайман.
Бир қутулсам, бир кетиб олсам,
Дунёга мен бошқа келмайман.

**********************
ОНАГИНАМ
Бахт изладим мен дала-даштдан,
Орзуим бол, умидим асал.
Онагинам! Сени алдашдан
Ҳалокатни санадим афзал.
Сармаст қилди чаманлар васли,
Қайғурмадим ризқи рўзимни.
Яшадим мен бағишлаб, асли,
Фақат ўзгаларга ўзимни.
Билмам, учдим қанчалаб чақрим,
Гоҳ мағлуб, гоҳ ғолиб келдим мен.
Бол деб меҳрим, асал деб фахрим,
Топганимни олиб келдим мен.
Гуллар ичдим ичгандек қасам,
Лойиқ бўлдим заҳматкаш сафга.
Балки… балки янглишиб баъзан
Қўниб қўйдим сассиқ алафга.
Ноз бўйлардан уйғониб саҳар
Учмоққа йўқ, эҳтимол, ҳаққим.
Балки, асал деганим заҳар,
Бол деганим, эҳтимол, заққум.
Хуллас, ўзинг биласан, онам,
Сен минг сирдан хабардор ҳакийм.
Хоҳла, мени қабул эт, мана,
Хоҳла, бошим узиб ташлагин.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *